Сўнгги янгиликлар 04.10.2019 112

МАКТАБ ЎҚИТУВЧИЛАРИ - ҲАРБИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИДА

Кўргазмали машғулот

Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида вилоят мудофаа ишлари ҳамда халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиларининг касбий малакасини оширишга қаратилган кўргазмали амалий машғулот ўтказилди.

- Ўқувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий хизматга оид билим ва кўникмаларини кенгайтиришда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани муҳим аҳамият касб этади, - дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи Фахриддин Хусенов. -  Шундан келиб чиқиб, сўнгги йилларда бу фанга бўлган эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, бугунги кунда ушбу фан ўқитувчиларининг малака ва маҳоратларини тизимли равишда ошириб бориш, бу ишга узоқ йиллар ҳарбий соҳада хизмат қилган ва катта тажрибага эга кадрларни жалб этиш  бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кўргазмали амалий машғулот ҳам бу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Машғулотлар давомида иштирокчилар таълим-тарбия жараёнини ташкиллаштириш ва сифатини яхшилаш, услубий маҳоратни такомиллаштириш борасида тўпланган тажрибалар билан ўртоқлашиб, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг илғор усулларини тарғиб этиш ва амалиётда қўллаш бўйича ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлишди. Шу билан бирга, иштирокчиларга отиш ва саф тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жисмоний тайёргарлик жараёнида тўсиқлардан ўтиш ва ҳарбий топография йўналишларида амалий машғулотларни ташкил этишнинг усул ва услублари юзасидан назарий ва амалий билимлар берилди.

Кўргазмали машғулот жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди ва зарур кўникмаларга эга бўлдилар. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур олий ҳарбий авиация билим юртида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ