Таълим 16.08.2019 124

МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ ИШ БОШЛАДИ

Ўқув йилига тараддуд

Янги ўқув йили бошланиши олдидан кеча мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизнинг 131 та умумтаълим мактаби, бозор ва йирик савдо дўконларида мактаб ярмаркалари ўз ишини бошлади. Шу билан бирга, олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудлар ўқувчилари эҳтиёжлари ҳам инобатга олинди.

Қайд этиш жоиз, мамлакатимиздаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилмоқда. Ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтари, расм дафтари, ручка, портфель (ранец), чизғич, циркуль, акварель буёқлари, рангли қаламлар, фломастер, ватман қоғози, ўчирғич, пластилин, елим, рангли қоғоз, қалам йўнғич, қаламдон, нота дафтари, идора дафтари, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, пойабзаллар, спорт кийимлари шулар жумласидан.

Мазкур маҳсулотларнинг аксарияти юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда вилоятимизда 600 минг 494 нафар ўқувчи эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда захира шакллантирилган. Ўқувчиларнинг 63 минг 378 нафари бу йил 1-синфга қабул қилинади ва улар учун барча ўқув қуроллари ва жиҳозлари Президент совғаси сифатида етказиб берилади.

Мактаб ярмаркаларида нарх-навонинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик, уларда барча турдаги тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Мақсад - аҳолига қулайлик яратиш, фарзандларимизнинг янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўришига кўмаклашишдан иборат.

Шуни ҳам айтиш ўринлики, аввалги йилларда номига ташкил этилган мактаб ярмаркалари, ўқувчига зарур жиҳозлар ярмаркада бозордагидан кўра қиммат сотилаётгани каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланганди. Ушбу жараён бу йил қандай давом этади? Кузатиб борамиз.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.