Сўнгги янгиликлар 02.11.2018 105

МАКТАБГА МАЖБУРИЙ БЕПУЛ ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲЛАРИ ИШ БОШЛАЙДИ

Мактабгача таълим

МАКТАБГА МАЖБУРИЙ БЕПУЛ ТАЙЁРЛОВ ГУРУҲЛАРИ ИШ БОШЛАЙДИ

Мамлакатимизда болаларни мактабга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш мақсадида қатор мактабгача таълим муассасаларида 6 ёшли тарбияланувчилар учун синов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлигининг биринчи йиллик конференциясида ушбу қарорга келинган. Шунга асосан вилоятимизда илк синов кўринишидаги болалар гуруҳлари Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида ҳамда Китоб туманида ташкил этилади. Айни пайтда муассасаларда гуруҳ хоналарини тайёрлаш ва малакали педагогларни қабул қилиш ишлари давом этмоқда.

- Гуруҳлар 2 сменада ишлайди, - дейди вилоят мактабгача таълим  бошқармаси масъул ходими Мўйиба Азизова. – Унда болалар 4 соат 30 дақиқа давомида турли машғулотларда қатнашиб, ўқишни, ёзишни ўрганишади. Инновацион гуруҳда болалар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилувчи дарслар ўтилса, қўл меҳнати гуруҳида уларнинг тасаввурини бойитишга хизмат қилувчи вазифалар берилади. 

Қайд этиш лозим, бугун юртимиз болаларини мактабга тайёрлаш “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида амалга оширилмоқда. Ушбу дастур ЮНИСЕФ халқаро болалар фонди билан биргаликда Жанубий Корея тажрибаси асосида тайёрланган бўлиб, шахснинг ҳар томонлама   шаклланиши, болада мотивацияни рағбатлантиришни, нафақат тарбиячи, балки ота-оналар ҳам фойдаланадиган ютуқлар картасини жорий қилишни назарда тутади.

Болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолияти ўқув йили якунида мониторинг қилинади ва эришилган ютуқлар кейинги амалиётга татбиқ қилиниб, камчиликлар босқичма-босқич бартараф этиб борилади.

С.АЛЛАЁРОВА