Қишлоқ хўжалиги 12.07.2019 54

МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТ ВА МУНОСИБ РАҒБАТ

Ҳосил байрами

Ерга уруғ қадаб, экин парваришлаш - машаққатли иш. Деҳқон ерни тайёрлашдан тортиб, ҳосилни йиғиб олгунига қадар тиним билмайди, кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилади. Аммо мавсум давомида қилган иши бўй кўрсатиб, кутилган ҳосил олинган куни барча чарчоқлар унутилади. Машаққатли ва заҳматли меҳнат эвазига яратилган улкан хирмон нафақат деҳқонга, балки ризқи бут, дастурхони тўкин бўлишини билган барча одамларга завқ-шавқ, олам-олам қувонч бахш этади.

Шу маънода айтганда, Миришкор туманилик деҳқонларнинг жорий йилда давлатга ғалла сотиш бўйича шартнома режасини ошиғи билан бажарганлиги муносабати билан ташкил этилган ҳосил тўйи ҳам кўп миллатли туман меҳнаткашларининг ҳақиқий байрамига, катта-кичикнинг бирдек шодиёнасига айланиб кетди.

- Бу йил деҳқонларимиз учун жуда самарали келди, - дейди туман ҳокимининг  ўринбосари Ғанишер Файзиев. - Йил бошиданоқ пиллакорларимиз 1090 қути ипак қурти парваришлаб, режадаги 60 тонна ўрнига 62 тоннадан ошиқ "кумуш тола" етиштирган эди. Мана энди ғаллакорларимиз яна бир юксак натижага эришиб турибди. Бу йил фермерларимиз 22 минг 350 гектар майдонда ғалла парваришлаган бўлса, давлатга дон сотиш бўйича шартнома режаси вилоятда биринчилардан бўлиб бажарилди.

Дарҳақиқат, туман миришкорлари бу йил 65 минг тоннадан ортиқ ҳажмдаги ғалла хирмонини бунёд этишди. Ҳар гектар ердан 60-70 центнердан ҳосил олган фермерлар кўпчиликни ташкил этади.

- Ҳудудимизда 20 та фермер хўжалиги томонидан 1016 гектар ерга ғалла экилган эди, - дейди "Янгиобод" ММТП раҳбари Шерали Аминов. - Об-ҳавонинг қулай келиши, барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида туманда ҳудудлар орасида биринчи бўлиб шартнома режасини бажардик. Ҳар гектар ердан ўртача 50 центнердан ошириб ҳосил олинди. 

Дарҳақиқат, ғаллачиликда янги тажрибаларнинг қўлланилаётгани, уруғлик дон тайёрлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва самарали амалга оширилиши эвазига йил сайин ердан юқори ҳосил олинмоқда. Миришкорда ҳам бу борада илғорлик кўрсатаётган фермерлар сони талайгина. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш эса ютуқларнинг бардавом бўлишини таъминлайди. Шунга кўра, ташкил этилган ҳосил байрамида 65-70 центнердан юқори ҳосилдорликка эришган 10 нафар фермерга Президент совғалари - енгил автомобиллар топширилди.

- Бу йил 60 гектар ерда ғалла парваришладик, - дейди тумандаги "Абдураҳмон ота" фермер хўжалиги раҳбари Абдусалим Абдураимов. - Ҳар гектар ердан 70 центнердан ҳосил олдик. Бу аввало яхши даромад кўришимизни таъминлади. Шу билан биргаликда, эришган ютуқларимиз учун автомобиль билан мукофотланишимиз янада қувончли бўлди. Ҳукуматимиз томонидан биз фермерларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қаратилаётган эътибордан беҳад мамнунмиз. Айни пайтда 60 гектар майдонда ғўза парваришлаяпмиз. Ҳозир ғўзаларимизнинг ривожи жуда яхши. Насиб этса, пахта сотиш режасини ҳам ортиғи билан бажариб, билдирилган ишончни оқлаш ҳаракатидамиз.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бугун Миришкорнинг барча ҳудуди обод ва озод гўшага айланиб бормоқда. Бу эса туман аҳлининг фидойи меҳнати, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, оиласининг ҳам, юртининг ҳам фаровонлигини таъминлашга бўлган интилиши самарасидир. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бугун миришкорликлар нафақат пахта ва ғалла етиштириш, балки боғдорчилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам юқори марраларни забт этаяпти. Бир қарич ердан ҳам каттагина даромад олаётган, томорқасида етиштирган маҳсулотни жаҳон бозорларига етказиб бераётган оилалар кўп.

Бу ютуқларда туманда истиқомат қилаётган 23 мингдан ошиқ оила, қарийб 114 мингга яқин киши - ўзбек, туркман, араб, тожик ва    бошқа миллат вакилларининг бирдек ҳиссаси бор, албатта. Ҳосил тўйи ана шу меҳнаткашларнинг қувончли байрамига, эришаётган ютуқлари тантанасига айланиб кетди. Вилоятимиз санъат усталари ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга янада кўтаринки кайфият, завқ-шавқ улашди.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керакки, сўнгги йилларда ташкил этилаётган турли тантаналар, тадбирлар муносабати билан кам таъминланган оилалар фарзандларининг хатна тўйлари ҳамда никоҳ маросимларини ўтказиб бериш ҳам ажойиб анъанага айланиб бормоқда. Миришкор туманида ўтказилган ҳосил тўйида ҳам шундай оилалар фарзандлари бўлмиш 6 нафар жуфтликнинг никоҳ, 24 нафар боланинг эса хатна тўйлари ўтказиб берилди. Уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ