Қишлоқ хўжалиги 11.12.2018 247

МАТОНАТ ВА МУНОСИБ ЮТУҚЛАР ТАНТАНАСИ

Байрам тадбири

МАТОНАТ ВА МУНОСИБ ЮТУҚЛАР ТАНТАНАСИ

Қашқадарё деҳқону чорвадорлари, сувчию боғбонлари, пиллакору агрономлари қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини кенг тантана қилишди

Вилоят мусиқали драма театрида ташкиллаштирилган тантанали байрам тадбирига қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари илғорлари, секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жам бўлди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев йиғилганларга Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Маълумки, 2017 йил 25 августдаги "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни, деб эълон қилинган эди. Ана шу сана арафасида соҳанинг меҳнатда намуна кўрсатган вакилларини рағбатлантириш ҳам анъанавий тус олди.

Шунга монанд, давлатимиз раҳбари 2018 йил 8 декабрда "Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Унга асосан давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланганлар орасида тўрт нафар вилоятимиз вакили ҳам борлиги қашқадарёлик барча миришкорларни хурсанд этди.

Тантанали тадбир давомида ана шу юксак мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа ходимларига "Қишлоқ хўжалиги фидойиси" кўкрак нишони, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Одатда деҳқон йил бўйи қилган меҳнати самарасини шу кунларга келиб  сарҳисоб қилади, шу асосда янги режалар устида ишлайди. Шу нуқтаи назар билан айрим кўрсаткичларни келтириб ўтсак: жорий йилнинг ўтган уч чорагида вилоятда 2 триллион 442 миллиард сўмлик деҳқончилик, 2 триллион 565 миллиард сўмлик чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Яъни далалардан 153 минг 300 тонна картошка, 479 минг тонна сабзавот, 156 минг 300 тонна озуқабоп полиз, 133 минг 100 тонна мева ва резаворлар, 84 минг 200 тонна узум, 798 минг тоннадан ортиқ дон экинлари йиғиб олинган бўлса, хўжаликларда  тирик вазн ҳисобида 217 минг 700 тонна гўшт, 861 минг 200 тонна сут, 7 минг тонна жун, 174 минг 500 дона қоракўл тери етиштирилди.

Албатта, жорий йил кузатилган ноқулай об-ҳаво ва иқлим шароитида бундай натижага эришиш осон бўлгани йўқ. Табиат инжиқликлари - баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда республикада етакчи ўринни эгаллайдиган вилоятимизда бу қийинчиликлар янада яққол сезилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида ҳам таъкидлаб ўтилганидек, соҳага бозор механизмлари, хўжалик юритишнинг агрокластер тизими жорий этилаётгани, илгари эътиборимиздан четда бўлиб келган замонавий иссиқхоналар,  балиқчилик, асаларичилик, қизилмия,   заъфарон, аччиқ қалампир, саримсоқпиёз, тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш, паррандачилик, йилқичилик,   томорқа хўжаликлари каби йўналишлар  жадал ривожланаётгани туб таркибий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун тобора жозибали, истиқболли тармоққа айлантирмоқда.

Дарҳақиқат, тизимда амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар самараси вилоятимиз мисолида ҳам ёрқин намоён бўлаётир. Хусусан, бир пайтлар қишлоқ хўжалиги деса пахта ва ғалладан бошқа нарсани тушунмайдиган воҳамиз деҳқонлари манфаатдорлиги экин майдонларининг мақбуллаштирилиши, ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб экин экиш, юқори қиймат ва ҳосилдорликка эга маҳсулот турларини танлаб етиштириш имконияти боис кескин ўсди.

Шу билан бир қаторда, соҳага тўлиқ бозор механизмларининг жорий этилиши энди фақат бир фаолият тури ортидан тўкис фаровонликка эришиб бўлмаслиги, бошқа тармоқларда ҳам ташаббус кўрсатиб, имкониятни ошириш давр талаби экани ҳақиқатини яққол намоён қилди. Шуни вақтида англаган соҳа    мулкдори эса асло ютқазган эмас.

Мисол учун, Қарши туманидаги "Бахт" фермер хўжалиги асосан чорвачиликка ихтисослашган. Мазкур тармоқда эришилган ютуқлар  ҳам кўзга кўринарли. Аммо фермер фақат шундан келаётган даромадга қараб ўтиргани йўқ. Мудом янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатида. Бугун ушбу субъект  тасарруфида деярли барча чорва ва парранда турлари парваришланади, иссиқхона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам янги тармоқлар  фаолияти йўлга қўйилган, гўшт ва сутни қайта ишлаш, нон ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган.

Бундан энг аввало ҳудуд обод, фаровон, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилаяпти. Демакки, ишлайман, бундан-да катта ютуқларни қўлга киритаман, деб изланган, интилган киши муваффақиятга эришади. Натижада элга, юртга нафи тегади. Зеро, Президентимизнинг тегишли фармонига асосан мукофотланган соҳа ходимлари орасида ана шу "Бахт" фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим  Холиёровнинг ҳам борлиги асло тасодиф эмас. У "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган бўлса, вилоят асаларичилар уюшмаси аъзоси Қаҳрамон Рахимов кўксини "Дўстлик" ордени,   Миришкор туманидаги "Тожикистон" сув истеъмолчилар уюшмаси сувчиси Абдирашит Ташматов ва Китоб туманидаги "Шарипов Қобил Комиддинович" фермер хўжалиги бошлиғи Қобил Шарипов кўксини "Шуҳрат" медаллари безади.

- Жорий йилда хўжалигимиз тасарруфидаги 15 гектар токзорнинг ҳар гектаридан 22 тоннадан сара ҳосил олдик ва маҳсулотни тўлиқ экспортга чиқардик, - дейди Қобил Шарипов. - Олма, анор, полиз маҳсулотлари ҳам етиштирамиз. Ўтган йили 150 тонналик замонавий   совуткичли омборхонани ишга туширдик. Бу ўзимиз етиштирган мева-сабзавотни узоқ вақт сифатли сақлаб, ички ва ташқи бозорга етказиб беришимиз учун зарур. Ҳозирда 200 тонналик яна битта замонавий совуткичли омбор қуриш учун хорижлик ҳамкорлар билан келишувга эришдик. Қолаверса, 2 гектарлик инновацион иссиқхона барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун мўлжалланган пластмасса яшиклар ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш борасида ҳам амалий ҳаракатлар олиб бораяпмиз. Бу ишларни келгуси йилдаёқ йўлга қўймоқчимиз.

Тантанали тадбирда вилоятимиз қишлоқ хўжалиги заҳматкашлари эришаётган ҳар бир ютуқ эътироф этилиб, юрт равнақига, эл фаровонлигига катта ҳисса қўшаётган соҳа ходимлари улуғланди.

Йиғилганлар эътиборига вилоятимиз санъат усталари томонидан ташкиллаштирилган концерт дастури намойиш этилди.

Шу куни тадбир иштирокчилари вилоят марказида амалга оширилган улкан ўзгаришлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди. Қарши шаҳридаги муҳташам тўйхоналардан бирида байрам дастурхони ёзилиб, бир пиёла чой устида суҳбат давом этди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тантанали тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.