Маданият 24.09.2019 284

МАЗА-МАТРАСИЗ ОҲАНГЛАРГА ҚАЙИШИБ ЎСАЁТГАН АВЛОД мумтоз куй сеҳрини ҳис қила оладими?

Бугуннинг гапи

МАЗА-МАТРАСИЗ ОҲАНГЛАРГА ҚАЙИШИБ ЎСАЁТГАН АВЛОД

мумтоз куй сеҳрини ҳис қила оладими?

1

- Тўйларга боришга юрак урмай қўйди, - деди ҳамкасб дўстларимдан бири.

- Нега, - сўрадим унинг  мулоҳазаларини охиригача тинглаш ниятида.

- Тўйга фақат қорин тўйдириш учун эмас, қўшиқ тинглаб, дам олиш учун ҳам борилади. Ҳозирги қўшиқларда эса маза-матра йўқ ҳисоби. "Бир, икки, уч - бир, икки, уч" деган сўзни такрорлаб турсангиз ҳам қўшиқ бўлиб қолди. Тўйга фалон пулга олиб келинган санъаткор чўнтагидан жимитдеккина мини-диск деган матоҳини чиқариб қўшади-да, оғзини ним очиб тураверади, қўшиқларида маъноли сўздан асар йўқ, бақир-чақирлардан бошқа нимарса топмайсиз, аппаратининг гупур-гупури нафақат тўйхонадагиларнинг, балки етти маҳалла аҳлининг қулоқ-миясини ейди. Илгарилари қандай қўшиқчилар бўларди, тинглаб маза қилардик...

2

Қарши шаҳрига қатнайдиган киракаш "Дамас" ҳайдовчиси магнитофон қулоғини буради, салонга торнинг ўйноқи жаранги, кейин соҳир овозда айтилаётган мумтоз қўшиқ таралди:

Соғлиқ қадрини бил, хаста бўлмасдан бурун,

Хасталик шукрини қил, токи ўлмасдан бурун...

- Яшанг ука, - деди йўловчилардан бири. - Шундай кассетангиз бор экан, олдинроқ қўшиб қўймайсизми.

- Гурунгларингизни бўлмай дегандим.

- Ака, шўхроғидан қўйинг, - луқма ташлади орқа ўриндиқдаги ёшгина йигитча.

- Навбати билан бўлади, ука, эшитиб бораверинг.

- Йўқ, сиз тушунмадингиз, замонавий қўшиқчилардан борми, демоқчи эдим.

- Шундан яхшироқ қўшиқчи борми оғайни, - норози оҳангда тўнғиллади берилиб қўшиқ тинглаётган биринчи йўловчи.

Уни бошқалар маъқуллади, луқма ташлаган йигитча ҳам бўш келмади:

- Яхшироғи йўқ бўлса, ўчирсангиз ҳам майли.

Мен воқеа ривожини кутиб бетараф қолдим, энди салондагилар бири қўйиб иккинчиси ҳақиқий қўшиқчилик қандай бўлиши кераклиги ҳақида қизғин мунозарага киришдилар. Тўғри, замона зайли, бугунги ёшларимиз фонограммага асосланган, сўзида маза-матра йўқ, мусиқаси қайсидир хорижий хонанда ижодидан кўчириб олинган оҳангларга қайишиб ўсаяпти. "Ойнаи жаҳон"да онда-сонда жонли ижрода мумтоз қўшиқ янграб қолса, набираларим ҳафсаласи пир бўлиб:

- Бобо, сизнинг қўшиғингиз бўлаяпти, чиқиб қаранг, - дейишларига кўникиб қолганман.

Йиллар давомида ороланиб, мухлислар қалбидан жой олган мумтоз қўшиқчилигимиз билан бугунги эстрада санъатимизни қарама-қарши қўйиш фикридан йироқман, ҳар иккаласи тингланган жойида улуғ, аммо...

Замонавий эстрадамиз юлдузларидан бири қишлоғимизга тўйга келди, фалон минг "кўки"га. Тўй соҳиби унинг олдидан бир сиқим бўлиб чиқди:

- Хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанот.

Кўп йиллик қадрдонлардек ҳурматини жойига қўйиб, оёғи остига жонлиқ сўйди.

Тўй бошланиш арафасида эса ўша "юлдуз" оёқ тираб туриб олди:

- "Договор"ни олдиндан бермасангизлар, саҳнага чиқмайман.

Қизиқ, нархи анча олдин бичилган бўлса, тўйдан олдин олинди нима, хизматни қойиллатиб, хонадон соҳибининг рози-работлигидан сўнг олинди нима? Ахир қўшиқ фақат пул учун куйланадими? Санъат кўнгил мулки эканлиги қаерда қолди? Шу ўринда самарқандлик биродарим, ижодкор инсон Қаҳрамон Сайидга Ромеш Раҳимов деган йигит айтиб берган ҳикоя эсимга тушди. Отажон Худойшукуров Самарқанд филармониясида ишлаган даврларида аккордеончи бўлган бу йигитнинг асл исми Раҳмон, аммо ўз номи билан атасангиз кўпчилик танимасди, моҳир созандани ҳамма Ромеш дерди.

3

Ўша Ромеш ҳикоя қилган воқеа қуйидагича эди:

"Бир гал Отажон ака билан Ургут томонга тўйга бораётгандик. У киши жуда романтик одам эди. Қир-адирлардаги алвон лолаларни кўриб юраклари ҳаприқиб кетди, менга қараб:

- Ромеш, мошинни тўхтат, - деди.

Ҳайрон қолдим, "Ўзи тўйга кечикиб бораётган бўлсак, нега тўхташимни сўраяпти?" Лекин устанинг гапини икки қилолмадим, тормозни босдим. Отажон ака кўм-кўк майсалар устида чўзилиб ётар, лолаларни синлар, қулочларини кенг ёйиб нафас оларди. Бир зумда у киши гўё болага айланиб қолганди. Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди, тўғри, буни кутилмаган деб баҳолаш қийин, негаки ўша йиллар Отажон аканинг довруғи тоғ ошган, уни танимайдиган одам кам эди.

- О-о, Отажон оға, сизниям кўрар кун бор экан.

Шу атрофда қўй боқиб юрган ўрта ёшлардаги чўпон хофизга қучоқ очиб келарди.

Отажон ака минг йиллик танишини учратгандек чўпон билан ачомлашиб кўришди.

- Сизнинг қўшиқларингиз жону дилим, аммо ўзингизни фақат телевизорда кўрганман. Юзма-юз туриб суҳбатлашишни, қўшиқларингизни тинглашни кўпдан орзулаб юрардим. Мана ўзингизни кўриш насиб этди, энди ягона армоним концертингизга тушиш.

- Раҳмат, раҳмат, - деди устоз тавозе билан, кейин менга қўл силкитиб чақирди. - Ромеш, торни олиб туш.

Кечикмаяпмизми, нима қиларимни билмай каловланиб турдим.

- Тез бўл, торни олиб туш, доирани ҳам.

- Ахир, Отажон ака...

- Ахир-пахири йўқ, сен айтган ишни қил, тўйдагилар кутиб туришар. Мухлисни хафа қилиб бўлмайди.

Тор билан доирани олиб тушдим, Отажон ака чордона қуриб ўтирганча ҳафсала билан торни созлади. Ургут кенгликларида кишини элитадиган мумтоз мусиқа, изидан соҳир овоз янгради. Отажон ака бутун борлиқни унутиб берилиб куйлар, гўёки минглаб санъатсеварлар имтиҳонидан ўтаётганга менгзарди. Мумтоз қўшиқларга шўх Хоразм лапарлари уланди, қарасам, чўпоннинг хиёл қисилган кўзларидан шашқатор ёш оқар, вужуди билан қўшиқ сеҳрига берилганди. Шу тариқа ўнтача қўшиқ ижро этилди.

- Энди армонингиз қолмагандир, ёшулли, - деди Отажон ака созни ғилофига жойларкан.

- Сизнинг тантилигингизни кўп эшитгандим, аммо бу даражада одамохун эканлигингизга бугун иймон келтирдим, сурувимдаги энг сара қўйлардан хоҳлаганингизча олинг, - таклиф қилди чўпон.

- Сурувингиз болаларингизга буюрсин, бизни алқаб юрсангиз бўлгани, - самимий хайрлашди Отажон ака.

Ҳофизнинг хушмуомаласидан мамнун чўпон, машинамиз қоялар орасида кўздан йўқолгунча ортимиздан қўл силкиб қолди..."

4

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум Тожиддин Муродовни кексалар ҳалигача Тожихон деб улуғлашади. Йўқ, у бундай эътирофга қўшни қишлоқдан бўлгани учун эмас, ўз санъати, овозининг кишини сеҳрловчи мўъжизакор тобланиши учун эришганди.

60-йилларнинг ниҳояси, тўртинчи ё бешинчи синфда ўқирдим, отам менга иш буюрар экан:

- Агар топшириқларни яхши бажарсанг, Тожихон келган тўйга олиб бораман, - деб ваъда берди.

Мен орзиқиб кутган кун ҳам келди, синфдошларимдан бири:

- Қўшнимизнинг тўйига Тожихон деган артист келармиш, - деган хабарни айтиб қолди.

У пайтлар ҳозиргидек ижарага тўйма-тўй айланадиган стол-стуллар қаерда, тўй дастурхони ерга тўшалган чодир устига ёзилар, меҳмонлар   дастурхон атрофида чордона қуриб ўтиришарди. Бу гал ҳам шундай бўлди, тўй бошланиб кетди, аммо эл улуғлаган    Тожихондан дарак йўқ.

- Акам "Сен бориб ашула айтиб тур, изингдан етиб бораман", деб мени юборди, - деди оқсоқолларга  ҳофизнинг укаси Нуриддин Муродов.

Ҳар ҳолда жим ўтиргандан шуниси ҳам яхши, қулоқнинг кирини қоқади, тўй эгалари Нуриддин акани даврага чиқаришди. Соат тунги ўн бирга яқинлашиб, тўй охирлаб бораяпти ҳамки севимли ҳофиз қорасини кўрсатмади.

- Тожихон ҳам бор ихлосимизни бир тийин қилди, - деди оқсоқоллардан кимдир.

- Энди келса сўкиб-сўкиб изига қайтариш керак, - деди бошқаси.

Оқсоқоллар гапни бир ерга қўйишди, аммо уларнинг аразлари узоқ давом этмади, шу пайт содир бўлган воқеа нафақат уларни, балки бутун даврани жаҳлдан тушириб, соҳир овоз соҳибига бўлган ҳурматларини ўн чандон оширди. Дастлаб олисдан таниш овозда айтилаётган "Тўйлар муборак" эшитилди, кейин чодирга торини жаранглатиб чертиб, бор овозда куйлаганча Тожихон кириб келди. У тўхташ нималигини билмас, навбати билан "Кийик", "Ўғилсиз",   "Айрилмадими", "Сегоҳ", "Дугоҳ"... одамлар юрагидан жой олган қўшиқларни ижро этар, овоз кучайтиргичсиз ҳам унинг жарангдор товуши баралла таралар, қўшиқ сўзлари таъсирига тушган кексаю ёшнинг кўзи милт-милт ёшга тўлганди. Энди даврада:

- Бўш келма, ҳофиз!

- Барака топ! - деган ҳайқириқлар янграрди...

Ҳақиқий соз сеҳри, қўшиқ сеҳри ҳақида бундан ортиқроқ сўз тополмадим, хулосани ўзингиз чиқарарсиз! Тағин, қўшиққа тобингиз қалай, деган саволнинг жавоби ҳам ўзингизга тан...

Абдунаби АБДИЕВ