Қишлоқ хўжалиги 06.06.2017 892

МЕҲНАТДАН ЯРАЛАЁТГАН ТЎКИСЛИК

Ислоҳот қирралари

МЕҲНАТДАН ЯРАЛАЁТГАН ТЎКИСЛИК

Моддий фаровонлик, рўзғор бутлигига эришиш учун астойдил меҳнат қилиш лозим. Бор имкониятни ишга солиб, даромадли фаолият билан машғул бўлган киши асло кам бўлмайди. Аксинча, эртанги ҳаёти саодатли, ризқи сероб бўлиши учун муҳим замин яратади. Аҳамиятлиси, бу ҳақиқатни тўла англаб етган, қатъий ишонч билан тадбиркорликка қўл ураётган, шу орқали турмушини янада яхшилаш ҳаракатида бўлган юртдошларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Улар фойдали ишга сармоя киритиб, оила бюджетига катта наф келтиришмоқда.

Бу борада Қарши тумани Сахтапиёз қишлоғида яшовчи Норматовлар оиласини мисол қилиб келтириш мумкин. Деҳқончиликда яхши тажрибага эга хонадон соҳиблари ҳеч иккиланмай бизнес бошлашга аҳд қилишди. Жорий йил бошида уларга туман ҳокимлиги томонидан 27 сотих ер майдони ажратилди. Ушбу жойда ихчам материаллардан мўъжаз иссиқхона барпо этилди. Кўп миқдорда маҳаллий ўғит солиб, обдан ишлов берилган ерга март ойи аввалида бодринг, помидор ва булғор қалампири кўчатлари экилганди. Ниҳолларни томчилатиб суғориш ташкил этилган. Мана бир ойдирки, ишбилармон оила вакиллари иссиқхонадан тўхтовсиз ҳосил йиғиб-териб олишмоқда.

- Бу тармоқни йўлга қўйиш учун 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфладик, - дейди оила бошлиғи Бахтиёр Норматов. – Кетган харажатни бир йилга бормай фойда билан чиқариб олишни мўлжаллаяпмиз. Чунки иссиқхона шароитида маҳсулот етиштириш анча сердаромад иш. Қолаверса, шу йилнинг ўзида яна бир марта ҳосил олишни мақсад қилганмиз. Ҳозирги пайтда 12 сотих ерда бодринг, 14 сотих жойда помидор ўстираяпмиз. Қолганида булғор қалампири парваришланаяпти. Айни пайтда ҳар куни иссиқхонамиздан 500 килограммга яқин маҳсулот тераяпмиз.

Маълумотларга кўра, Қарши туманида 187 гектар майдонда аҳоли, хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхоналар ташкил этилган. Эътиборлиси, жорий йил бошида мазкур миқдор 25 гектарга кўпайганди. Уларнинг асосий қисми Мирмирон массивида қурилган бўлиб, лимон, мандарин, бодринг, помидор, гулкарам, ҳар хил кўкатлар етиштириш кўзда тутилган лойиҳалар самарасида иссиқхоналардан йилига 3 миллиард сўмлик маҳсулот олиш имконияти юзага келди. Уларнинг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, қолгани экспортга йўналтирилади. Натижада аҳоли бутун йил давомида арзон мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.