Таълим 13.12.2018 491

"МИХЛАНГАН" ЎҚУВ РЕЖАЛАРИ, "ХАРИДОР"И ЙЎҚ ИЛМ, ТЕСТДАГИ "ҲАЙБАРАКАЛЛАЧИЛИК" ЭНДИ ОРТДА ҚОЛДИ...МИ?

Олий таълим:  ислоҳот ва янгиланиш йўлида

"МИХЛАНГАН" ЎҚУВ РЕЖАЛАРИ,

"ХАРИДОР"И ЙЎҚ ИЛМ, 

ТЕСТДАГИ "ҲАЙБАРАКАЛЛАЧИЛИК" ЭНДИ ОРТДА ҚОЛДИ...МИ?

Қарши давлат университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Баҳодир Шоимқулов билан суҳбат

- Баҳодир Аллабердиевич, кейинги йилларда жамиятда мактабдан тортиб олий ўқув юртигача ўқитувчи касбининг нуфузи тушиб кетиши жамиятда жуда оғир муаммоларни келтириб чиқарганини кеч бўлса-да англаяпмиз. Мактаб ўқитувчиси кўчада янтоқ чопиб, эркак муаллимлар тирикчилик кўйида севимли ишини ташлаб, хориж "сори юзланган", таълим сифатини бир гуруҳ репетиторлар белгилаб турган бир пайтда ўз-ўзидан маълумки, олий таълим даргоҳи эшигини қоқиб турган абитуриентдан ҳам дурустроқ натижани сўраш арпа экиб, буғдой кутишга ўхшаб қолди.  Бир ёқда коллежларда ҳам анча нарсани бой бердик... Бошқа томонда эса савол берсангиз, "вариантлар борми?", дейдиган авлодни шакллантириб қўйдик...  

- Тўғри таъкидладингиз, аввало мактабда таълим сифати ошса, бу ерга келадиган абитуриентнинг савияси ҳам яхши бўлади. Мактабдагиларда эса ҳеч қандай масъулият қолмаган эди. Бир  пайтлар мактабнинг рейтинги битирувчиларнинг олий таълим муассасасига кириши билан белгиланар эди. Ўртада коллеж пайдо бўлгач, бу мезон барҳам топди.

Коллежларга замонавий хорижий технологиялар берилди, ОТМлар эса четда қолиб келди. Яхши ниятлар билан тизимга янгилик киритамиз, болаларимизни ҳунарли қиламиз, дедик, аммо самараси бўлмади. Қанийди, коллежни битирган бола иш жойига эга бўлганида... Бироқ ҳаммаси тескарисига кетди. Бекорчилик бўлди, айрим ўқувчилар ёппасига дарсга бормади, айримлари четга чиқиб кетди, жиноятчилик кўпайди, коррупцияга йўл очилди...

Илгари абитуриент фақат тест ёдлар эди. Китобни очиб қарамасдан "Ўткан кунлар"нинг қаҳрамонлари Отабек, Кумуш, Юсуфбек ҳожилигини билсам, бўлди-да, дерди. Чунки тестда фақат шу сўраларди. Асарнинг моҳияти ҳеч кимни қизиқтирмасди. Барчага яхши маълум, бу йилги қабул  бошқача бўлди. Бу йил 1-курсдагилар аввалгилардан кескин фарқ қилади.

Бир нарса қизиқ-да. Бизда бирор нафар ҳам  тестолог мутахассис йўқ, лекин халқнинг келажагини шу мезон белгилаб келди. Энди эса бу борада иккита йўлимиз бор. Ё мукаммал     тестлар тузишимиз керак. Ёки тестнинг катта қисмидан воз кечишимиз шарт. Бу соҳада ҳам ўзгаришлар бўлаяпти. Ишончим комил, келгуси йил бизда тестдаги "ҳайбаракалла"чилар сафи кескин камаяди.

Ахир жаҳонда тест биздагидай "олатасир" кампания эмас. Ҳамма нарса автоматлашган. Шубҳали ҳаракат бўлса, тест автоматик тарзда ёпилади. Иккинчи сафар ҳам боришингиз мумкин, фақат марҳамат қилиб, тўлаб қўйинг. Ҳаммаси кузатувда. Масалан, мана, халқаро миқёсда ILTS дастури синовлари бор. Барча  имкониятларингизни холис ва ҳаққоний баҳолай олади. Унинг тестларига телефон ёки "паравоз" олиб киришни биров тасаввурига сиғдира оладими?

- Илмни бежизга игна билан қудуқ қазишга ўхшатмаганлар. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир аламли воқеа ҳақида айтсам. Иқтидорли дўстим чекка қишлоқдан келиб, ўн йиллаб вилоят марказида, сўнг пойтахтда бола-чақаси билан ижарама-ижара яшаб, илмий иш ёзганди. Бир неча йил аввал нуфузли комиссия ҳузурида ёқлади ҳам. Бироқ қандайдир мавҳум сабаблар билан унга номзодлик дипломи берилмади. Дўстим эса илмга қўл силтадию, хорижга мардикорчиликка кетди. Ҳозир пойтахтда қурилишда ишлаяпти. Боягина илмий котиб ёзаётган PhD даражаси учун ҳужжат топширганлар рўйхатида унинг исм-шарифини кўриб, қувониб кетдим. Демак дўстим яна илмга қайтаяпти. Ҳа, тизимдаги ислоҳотлар кўпчиликка умид, иштиёқ ва ишонч бераяпти...

- Ўзим ҳам шогирдларимга минг марталар айтардим. Сенинг иқтидоринг бор, кел, илм қил, ёрдам берай, деб. Улар айтишардики: "Майли, ҳозир ёрдам берарсиз, иннанкейин-чи?!", деб. Жавоб тополмай қолардим. Ишонасизми, бизда охирги ўн йиллаб биттаям ҳимоя бўлмаган. Доктор мутахассисдан бир неча минг сўмгина ортиқча ойлик олса, бунинг нимаси рағбат? Мана, ҳозир юзлаб шогирдларим     илмга қайтишаяпти. Икки йил илгари докторларимиз сафи йигирмага ҳам етмасди. Кейинги йилларда ёқлаганларнинг ўзи ўттиздан ошди. Ёшларимиз ҳаракат қилишаяпти, чунки меҳнатига яраша рағбат олишаяпти.

Россияда профессор фақат ўзининг ойлигига жуда фаровон яшайди. Нега бир пайтлар олий маълумотлининг нуфузи баланд эди? Чунки маоши яхши эди. Мана, мактаб ўқитувчиларидан тортиб, биздаги профессор-ўқитувчиларгача барчасининг ойлиги кескин оширилди. Ҳозир профессорларимиз 6,5 миллион сўмгача олаяпти. Яқинда "Йил ўқитувчиси" танловининг республика босқичида 1-ўринни олган, яратган дарсликлари билан тилга тушган немис тили ўқитувчимиз Маҳбуба Қиёмова 2000 доллар мукофот билан тақдирланди.

Илмий кенгашда қарор чиқарганмиз - ким илм билан шуғулланаётган бўлса, энг кам иш ҳақининг 20 бараваригача мукофот берамиз. Натижа эса қувонарли. 2017 йилда 7 нафар фалсафа доктори (PhD) ва бир нафар фан доктори ёқлаган бўлса, 2018 йилда 21 нафар фалсафа доктори (PhD), 2 нафар фан доктори илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Яқин-яқингача пахта йиғим-теримида қатнашмасликни биров хаёлига келтира олармиди? Бугун таълим ходимлари нафақат қишлоқ хўжалиги ишига, балки ўзларига тааллуқли бўлмаган йиғилишларга ҳам умуман жалб қилинмаяпти. 

Мана, хориждан ўқитувчи чақириш харажатларини олайлик. Бор-йўғи 20 соат маъруза ўқийди у. Аммо йўл, меҳмонхона харажати, бошқа тўловлар... Оғирдай туюлади. Аммо шундай қилиш шарт. Президентимиз айтаяпти - ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади, тараққиётни кадрлар белгилайди.

- Давлатимиз раҳбари 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда шундай таъкидлаган эди: "Иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган бир пайтда олий таълим тизими тараққиётнинг локомотиви бўлиш ўрнига, замон билан ҳамқадам бўлмаётгани ачинарлидир". Бу хусусда Сиз қандай фикрдасиз?

- Авваламбор биз ўқитувчиларнинг салоҳиятини оширишимиз керак. Янги технологияларни таълим соҳасига киритишимиз зарур. Буни қандай ўрганиш керак? Бирдан-бир йўли хорижий мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз зарур. Биз университет фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича "Йўл харита"мизда ҳар йили 10 нафар профессор-ўқитувчимизни хорижга стажировкага, малака оширишга юборишни режалаштирганмиз. Ҳозиргача 10 нафар вакилимиз Россия, Франция ва Италиянинг энг нуфузли таълим марказларида малака ошириб қайтди.

 Биздаги энг катта камчилик - биз илм билан ўз йўналишимизда шуғулланганмиз. Бировга керакми, йўқми, ўйламаганмиз...

Вилоятдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калий заводи сингари йирик ташкилотларнинг илмий муаммолар базасини яратаяпмиз. Бу борада ишлар кўп ҳали. Улар янги технологиялар билан ишлашаяпти. Афсус, бизнинг олимларимиз бу технологияларни билишмайди.  Бизнинг энг билимли битирувчимиз ҳам у ердаги технологияларни ҳатто кўрмаган. Амалиёт йўқ. Чунки йирик корхоналардаги лаборатория ва цехларга биз учун рухсат йўқ. Кейин улар айтишади - сизнинг кадрингиз талабга жавоб бермаяпти, деб. Сўнг улар хориждан мутахассис олиб келиб, уларни яна қайта ўқитишга мажбур бўлишаяпти. Бу яна харажат дегани...

Биз илм қилдикми, унинг харидори бўлсин, у бировнинг корига ярасин, бирор корхонанинг манфаатига хизмат қилсин... Мана, Президентмиз нимани уқтираяпти.

 Малакали кадрдан ишлаб чиқаришдагилар ҳам манфаатдор. Барибир улар ўша замонавий технологияларни билмаган кадрни ишга олишмайди. Олдингидай "Бу аммамнинг ё холамнинг ўғли экан", деган гаплар кетмайди.

- Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Россия таълим форуми олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқишда кўплаб имкониятларни очди.

Яқинда университет билан бир қатор хориж ОТМлари, хусусан, Белгород давлат миллий тадқиқотлар  университети ҳамкорлик шартномаси имзолангани хусусида эшитдик. Айтинг-чи, ушбу олий ўқув юртлари ҳамкорлик учун нега айнан Қарши давлат университетини танлашмоқда?

- Бугун хориж мамлакатларидаги профессор-ўқитувчиларни бизнинг олий таълим муассасаларига жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу борада жаҳоннинг 30 дан ортиқ ОТМлари билан ҳамкорликда тадбирлар олиб бораяпмиз. Бугунги кунга келиб Россия, Украина, Жанубий Кореядан келган малакали мутахассислар талабаларимизга дарс беришаяпти.

Шу билан биргаликда талабалар алмашинуви, яъни хориж ОТМ билан биргаликда кадр тайёрлаш ҳам йўлга қўйилаяпти. Бу қўшма диплом бериш, хориж таълим муассасаларининг бу ердаги филиалларини очиш бўйича бир қатор тадбирлар режалаштирилган. Масалан, Белгород давлат миллий тадқиқот университети билан тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши бўйича қўшма диплом бериш юзасидан шартнома имзоладик. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ҳамкорликда мутахассис тайёрлашга киришамиз. Бу нима дегани? Биз бу ерда квотамиздан ташқари қабул эълон қиламиз. Худди шундай улар ҳам қабулни ташкил этади. Уларнинг ва ўзимизнинг ўқув дастурларимиз асосида ягона ўқув дастури ишлаб чиқилди. Қабул қилинган талабалар уч йил бизда, бир йил Белгородда ўқийди. Уларда қабул қилинган талабалар ҳам худди шундай тартибда таҳсил олишади. Битирув малака иши ҳимояси эса Белгородда бўлади. Воҳамиздаги мафтункор ва қиёси йўқ табиат манзаралари россиялик тасвирий санъат мутахассисларини қизиқтираяпти. Битирувчилар нострификация қилинган иккита диплом олади - ҳам Ўзбекистон, ҳам Россияники...

Бу ерда тил муаммоси ҳам бор. Биз ҳозир Белгород давлат университети билан ҳамкорликда рус тилини ўрганиш марказини ҳам очаяпмиз. Мақсад -  пировард натижада шу университет билан халқаро факультет очиш ва йўналишларни кенгайтириш. 

Бундан ташқари Москва давлат лингвистика институти ва Москва давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз бор.

Россиялик ҳамкасбларимиз билан ўтказилган форум давомида шулар сингари 20 га яқин ОТМ билан шартнома имзоладик. Ректорлар билан учрашиб, келишиб олдик. 

 Университет ҳамкор сифатида Европа Иттифоқининг "Эрасмус+" дастури бўйича  2016 йилдан  буён  учта лойиҳада иштирок этмоқда. Ҳар йили 30 га яқин  профессор-ўқитувчимиз шу дастур гранти асосида хорижда малака ошириб келишаяпти.

Мана, яқинда Италияда бўлиб, муқобил энергия манбалари соҳасидаги янгиликларни ўргандик. Бу давлатдаги ОТМлар билан биргаликда муқобил энергия йўналишида магистратура очдик. Грант маблағи асосида халқаро андазаларга мос келадиган лаборатория жиҳозларини олиб келдик. Бу ерда энди ўқув машғулотларини ҳам, илмий фаолиятни ҳам олиб боришимиз мумкин.

Яна бир муҳим вазифа - иқтидорли ёшларни хорижга малака оширишга жўнатиш. Президентимиз куни кеча Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам шу хусусда алоҳида сўз юритди. Мамлакатимиз тараққиёти учун истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида "Эл-юрт умиди" жамғармаси ташкил этилган. "Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, - деди давлатимиз раҳбари, - юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз. Шунинг учун ҳам Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги илмий марказлар "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан яқин ҳамкорликда самарали иш олиб бориши керак".

 Шу пайтгача биздаги академикларнинг 80 фози хорижда ўқиган. Биз 3 нафар ёш ўқитувчимизни Жанубий Корея, Россия ва Францияга юбораяпмиз. Улар PhD даражаси диссертациясини ҳам ўша ерда ҳимоя қилиб қайтишади.

Профессор-ўқитувчиларимиз илмий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда бизда жорий йилдан "Ўзбек тили" ва "Ўзбек адабиёти" мутахассисликлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертацияларни муҳокомадан ўтказувчи Олий аттестация комиссияси (ОАК) ҳузуридаги илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилди. 9 та ихтисослик бўйича таянч докторантура ишлаяпти. Университет журнали 4 та йўналишдаги ОАКнинг докторлик диссертациялари натижалари чоп этиладиган нашрлар сафига киритилди.                                                    

- Хабарингиз бор, домла, Президентимизнинг "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида тизим фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар қаторида қуйидагилар ҳам санаб ўтилган эди: 

- талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти;

- профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда;

- коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда..."

Бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида университетда қандай чора-тадбирлар амалга оширилаяпти?

- Олий таълимда коррупция масаласида "қарс икки қўлдан" бўлиб келди. Аҳвол шу даражага етдики, мактабу коллежни зўрға тамомлаган болада ҳам ўқишга кириш имконияти пайдо бўлиб қолди. Тестдан барака қочди. Мана, ўтган йили қабул маҳали юриб сўрадим. Бир абитуриентга қайси йўналишга топшираяпсан,  десам, психологияга, дейди. Қайси фандан синов бўларкан, десам, психологиядан-да, дейди. Савияни қаранг. Ахир тестда бундай блокнинг ўзи йўқ...

Баҳолаш тизими шундай эдики, ўз-ўзидан коррупцияга йўл очилаверган. Икки томон ҳам ўзича манфаатдор бўлаверган: талаба ўқимасаю, диплом олса, ўқитувчи билим бермасаю, пул оқиб келаверса... Биз курашаяпмиз, бироқ иккала манфаат бирлашган жойда баъзан имкон тополмай ҳам қолаяпмиз.

Шукурки, энди одамлар ўқиш, фикрлаш кераклигини чуқур англаяпти. Бир нарса аниқ, агар талаба астойдил қаршилик қилса, коррупция бўлмайди. Энди "элак" ишлайди. Баҳолаш тизимларини ўзгартираяпмиз. Ўқитувчи фақат дарсини ўтади, жорий назоратни амалга оширади - бўлди. Якуний назоратга ҳеч қандай дахли йўқ. Комиссия олади уни. Шу аснода ўқитувчининг рейтинги ҳам аниқланади. Талабга жавоб бермадими, бас, хайрлашамиз. Бироқ унгача уларнинг ўрнида ишлайдиган фидойи кадрлар базасини шакллантиришимиз зарур.

- Олий ўқув юртининг  салоҳиятини у ерда тайёрланган кадр белгилайди. Кадр эса меҳнат бозорида ўзининг муносиб ўрнини топиши зарур. Бироқ узоқ йиллар давомида олий ўқув юрти ўзи пиширган "мева"нинг бозордаги тақдири билан шуғулланмай келди. Айтинг-чи, айни пайтда иш берувчи билан ҳамкорлик масалаларида қандай янгиликлар бор?

- Энди бизда ўқув жараёни мослашувчан бўлиши шарт. Охирги йилларда юзлаб касблар йўқолиб, янгилари пайдо бўлаяпти. Янги кадрлар тайёрлашимиз керак. Бироқ бизнинг ўқув режаларимиз гўё "михлаб" қўйилгандай. Талабга қараб ўзгариши лозим. Ишлаб чиқаришга нима зарур бўлса, ўшани ўргатишимиз керак. Бизда эса ҳамма нарса марказлашган эди. Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ишлашимиз зарур.

Битирувчиларнинг ишга жойлашиши - асосий кўрсаткич. Бироқ биз ҳали бозор иқтисодига мослаша олмаяпмиз. Шу тахлит давом этсак, касодга учраймиз. Энди ректорлар ҳам маркетолог  бўлиши керак. Янги касб пайдо бўлаяптими, беш йил олдин буни англаб, шундай кадр тайёрлашга киришишимиз шарт. Мана, қабул квоталарини йўқотиш ҳақида гапирилаяпти. Айтайлик, беш йилдан сўнг иссиқхона хўжалиги йўналишида 200 нафар кадр керак бўладими, шу асосда тузилган режа билан кадр тайёрлашимиз керак.

Масалан, бизда ихтиолог ё туризм деган мутахассислик берилган, лекин ўқитадиган мутахассис йўқ. Биолог тайёрлаяпмизми, шуни озгина бурсак, балиқчилик, пиллачилик ё иссиқхона йўналишига ўтиб кетиши керак. Бунинг учун ОТМда имконият бўлиши лозим.

Юзлаб касблар йўқолиб кетаяпти, дедик. Танганинг яна бир томони ҳам бор. минглаб одамлар узоқ йиллар шу касб билан ризқ топиб келган. Демак уларни янги касбга қайта тайёрлаш керак. Бизда бунинг учун база ҳам бўлиши керак.

- Кейинги йилларда мамлакат бўйича Қарши давлат университетига ҳужжат кўтариб келаётган абитуриентлар сони рекорд даражага етаяпти. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Аввало илм олишга қизиқиш    бошқача бизда. Бир нарсага қайта-қайта гувоҳ бўлдим. Халқимиз боласининг билимли бўлиши учун ҳеч нарсани аямаяпти. Ҳатто эгни юпун бўлса ҳам боламни ўқитаман, дейди. Оддий ишда ишлаб туриб, уч нафарлаб талаба боласининг "контракт"ига пул топиб бераётганлар бор... Шу ишонч ва ихлосга муносиб ишлашимиз зарур энди. Аслида ҳам энг яхши инвестиция ёшларга қўйилганидир.

Иккинчидан, иқтидорли ёшларимиз ҳам кўп. Мана, "Зиё" талабалар театр-студиямиз "Широқ"ни саҳнага қўйди. Республика фестивалида ғолиб бўлишди. Муқимий театридан келган артистлар ҳам тан беришди. Талабаларингиз аввал "театралний"да ўқиганми, дейишди. Қаёқда, дедим, ўзимизнинг тарихда ё жисмоний маданиятда ўқиётган болалар булар... Жисмоний маданият факультети талабалари Фотима Амилова ва Шоҳсанам Тошпўлатова сузишнинг бир неча тури бўйича жаҳон ва Осиё рекордларини янгилашаяпти. Икки нафар талабамиз халқаро олимпиада ғолиби бўлди... Санайверсак, бундай истеъдодларимиз жуда кўп.

Мана шундай иқтидорлилар белгилайди-да юрт тараққиётини. Мамлакатнинг ёрқин истиқболини таъминлайди улар. Олий таълимдаги янгиланишлардан пировард мақсад ҳам шу аслида...

Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.