Таълим 07.06.2019 82

МИЛЛАТ ПЕШҚАДАМИ

Тарих ва биз

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Наманганда Ибрат номидаги мактаб-интернатга ташрифи чоғида ушбу мактабни аълога битирганлар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз грантга қабул қилиниши бўйича топшириқ берган эди. Эътиборлиси, мазкур муассасага республикамизнинг исталган вилоятидан ўқувчилар ҳужжат топширишлари мумкин.

Хўш, бугун издошларига кенг имкониятлар яратиб берилган Ибрат ким ўзи? Қуйида шу ҳақида тўхталсак.

Исҳоқхон Ибрат жадидчилик ҳаракати вакили ва истеъдодли ижодкор бўлиш билан бирга, XIX асрнинг мустамлакачилик даври ва собиқ шўроларнинг қатағон йилларига қарамай, мисли кўрилмаган даражада улкан маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилган шахс эди. Дунё кезиб, кўп тилли луғат яратиш билан биргаликда, ўзи мактаб очиб, болаларга дунёвий таълим берганининг ўзи унинг шахсини кўрсатиб турибди.

Ибрат Қўқон мадрасасида ўқиркан, Фурқат, Завқий, Муқимий сингари ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурди. Бу албатта унинг дунёқарашига катта таъсир ўтказди. Шу аснода рус ва форс тилларини ўрганди. Мадрасани тугаллаб, қишлоғига қайтгач, янги усул мактабини очди. Аммо замонасининг қолоқ фикрли кимсалари кофирлар мактаби деб ёпиб ташлади.

1887 йилда Ибрат фарзандлик бурчини адо этиш мақсадида онаси Ҳурибибини Ҳаж сафарига олиб борди, афсуски, онасига Ватанга қайтиш насиб этмади. Ўпка шамоллаши оқибатида йўлда вафот этиб, Жидда шаҳрида дафн этилди.

Шундан сўнг Ибрат илм истагида турли мамлакатларга саёҳатга отланди. Истанбул, Рим, Афина, София каби йирик маданий марказларда бўлди, бир муддат Афғонистоннинг Кобул, кейин Ҳиндистоннинг Бомбей ва Калкутта шаҳарларида истиқомат қилди. Бу пайтда араб, форс, ҳинд, урду ва инглиз тилларини ўрганди, яратилажак асарлари учун маълумот ва материаллар тўплади.

1907 йил юртга қайтиб "усули савтия" мактабини очди. Бу ерда 25 боланинг хат-саводини чиқарди. Сўнг Қозон шаҳридан Ҳусаин Макаевни ўқитувчи сифатида таклиф этди. 1908 йилда Уфа ва Оренбург шаҳарларига бориб, Гауфман деган матбаачидан 10 йилга тўлаш шарти билан литографик машина сотиб олди ва уни Наманганга поездда, Тўрақўрғонга эса туяларга юклаб олиб келди, ўз хонадонида "Матбааи Исҳоқия" номли босмахонасини очди.

Босмахонада савод чиқариш учун мўлжалланган ўқув қўлланмалар, рисолалар, дарсликлар, плакатлар, асарлар  чоп этила бошлайди. 1913 йилда "Алтижор ал-Наманган" номли газета очиш мақсадида ҳукуматга ариза беради, аммо бунга рухсат беришмайди.

Ибрат ўз уйида "Кутубхонаи Исхоқия" номли бой ва улкан кутубхона ташкил этади. Кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, турк, татар, форс, тожик тилларида кўплаб китоблар бўлиб, ундан нафақат ўзи, балки қишлоқ аҳли унумли фойдаланган. Аммо унинг нодир китоблари 1918-1920 йиллар талотўпида, қолаверса 30-йиллар қатағони даврида йўқ қилинади.

Исҳоқхон Ибрат жаҳон илми ва маданиятига оид ҳар қандай янгиликни катта қизиқиш ва иштиёқ билан кутиб олар ва ўз халқига намойиш этишга ҳаракат қиларди. У отасидан қолган уч таноб ерда халқ учун гулбоғ яратиб, фаввора қурдиради, 150 туп арчадан аллея барпо этади. Рус ва Европа манзарали дарахтларини ўтқазади.

Тўрақўрғон ва Хонобод қишлоқларида 20 йил давомида адолатли қози сифатида халқ меҳрини қозонади.

"Луғати ситта ал-сина" ("Олти тилли луғат") асари рус тилини ўрганишни истаган ўзбек зиёлилари ва ўқувчилари учун асосий қўлланма бўлди. Тилшунос олим сифатида катта ва мукаммал "Жомеъ ул-хутут" ("Ёзувлар мажмуаси") номли илмий асарини ўз босмахонасида нашр этади. 1916 йилда ёзган "Тарихи маданият"  асарида қайд этишича, кейинги 20 йил ичида 14 та илмий-тарихий, лингвистик асарлар ва 30 йиллик назмий ижодининг мажмуи бўлмиш "Девони Ибрат" шеърлар тўпламини яратади.

Унинг тарихшуносликка оид "Тарихи Фарғона", "Тарихи  маданият" ва "Меъзон ул-замон" илмий асарлари бизгача етиб келган.

Ҳаётий тажрибалари асосида ёзилган "Меъзон ул-замон" ("Замон торозиси") асари 9 бобдан иборат бўлиб, бир бобда тўй ва маросимлардаги ортиқча дабдабабозлик, сарф-харажатлар кишиларнинг манманлигини  кўрсатишини, аслида бу сарф-харажатлар икки ёшнинг истиқболли келажаги учун сарфланса тўғри ва оқилона бўлишини куюниб ёзса, яна бир бобда шариатда аза асли уч кун эканлиги, аммо ўйлаб топилган "етти", "қирқ" ва "йил" деб номланувчи азадор хонадон учун ортиқча чиқим бўлган урф-одатларни кескин танқид қилади.

Ўз умрини ана шундай улуғ мақсадлар учун сафарбар этган бобомизнинг эзгу ишлари қаттиқ қаршиликларга учради ва охир-оқибат 1937 йилда қатағон қилиниб, оғир руҳий ва жисмоний зўриқишлар оқибатида Андижон турмасида 75 ёшида бу дунёни тарк этади.

Ибрат ўз тахаллусига монанд ибратли ҳаёт кечирди. Бугун унинг номини адабийлаштириш мақсадида асарлари нашр этилаётгани, шоир хотирасига катта боғ барпо этилиб, бу ерда Ибрат номидаги мактаб ташкил қилингани у зотга бўлган эҳтиромимизнинг бир бўлагидир.

Гулида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.