Жараён 11.06.2019 178

МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ХИЗМАТЧИЛАРИ ЯНГИ УЙЛИ БЎЛДИ

Тадбир

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 30 нафар ҳарбий хизматчиларига Қарши  шаҳрида қуриб битказилган янги кўп қаватли уйнинг хонадонлари калитлари топширилди.

Шу муносабат билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унга маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари таклиф этилди.

Қайд этиш жоиз, бугун юртимизда Қуролли Кучлар шайлигини замон талаблари асосида кучайтиришга алоҳида эътибор берилаяпти. Давлат раҳбарининг 2017 йил 24 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар   дастури тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатга асосан, нафақат Қуролли Кучлар таркибини сифат жиҳатидан юксалтириш, балки фидойилиги билан ажралиб турган ҳарбий хизматчиларни муносиб рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, уларни имтиёзли асосда уй-жой билан таъминлаш белгиланган.

Албатта, бу бекорга эмас. Оиласи тинч, фаровонликда, ўз кўз олдида яшаётган ҳарбий ўз муқаддас бурчини мардона ва сидқидилдан адо этади.  Ортиқча ташвиш нималигини билмайди.

Мазкур совғадан беҳад  хурсандлиги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари юз-кўзидан ҳам билиниб турди. Тантаналар садоси остида янги, барча қулайликларга эга хонадонлар калитлари ўз эгаларига берилди.

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқ тадбирга хушчақчақлик бахш этди.

Маросимда вилоят ҳокими - ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари, Зафар Рўзиев иштирок этиб, янги уй соҳибларини табриклади.

М.ШУҲРАТОВ

Муродулла  КОМИЛОВ олган сурат.