Сўнгги янгиликлар 20.08.2019 94

МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИК - МИЛЛАТ ФАХРИ

Очиқ мулоқот

"Узоқ вақт тарихий китоблардан бобомиз Амир Темур ҳаётини, шахс ва саркарда сифатидаги фаолиятини ўргандим. Ҳозир қўлимда ўша даврга хос либослар, қурол-аслаҳалар, идиш-товоқлар ҳақида етарлича факт бор. Уни кўпгина тарихчи олимларга кўрсатиб, ижобий фикрлар олдим. Галерея очиб, унда Амир Темур ва унинг замонасидаги ҳаёт, одамларни акс эттирмоқчиман. Бунинг учун менга моддий кўмак зарур".

Бу фикрлар Қарши шаҳрида ташкил этилган "Миллий ҳунармандчилик - миллат фахри" мавзусидаги очиқ мулоқотда шаҳрисабзлик ҳунарманд Шоҳруҳ Темиров томонидан баён қилинди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши, Марказий банк вилоят бошқармаси ҳамда "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорликда уюштирган тадбирда ҳунарманд-тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, улар фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ҳақида сўз борди.

Маълумки, бизда туризм соҳаси ривожланаяпти. Бу жараёндан ҳунармандлар ҳам манфаатдор. Бинобарин, туристлар оқимининг кўплиги миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотларига ҳам талабни оширади. Аммо ҳунармандларимиз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар хорижликларни қанчалик ўзига ром эта олаяпти? Мулоқотда ана шу каби саволлар юзасидан ҳам фикрлашилди.

Тадбир доирасида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда вилоятда фаолият юритувчи уста ва ёш ҳунармандларнинг қўл меҳнатлари намойишга қўйилди.

З.НАЗИРОВА

С.НАРЗИЕВ олган сурат.