Сўнгги янгиликлар 29.11.2018 74

МИЛЛИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЛИБОСЛАР НАМОЙИШИ

Нафосат-2018

МИЛЛИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ЛИБОСЛАР НАМОЙИШИ

Қаршида "Нафосат - 2018" кўрик-танловининг  вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган танлов асосида аёл-қизларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, бежирим ва нафис миллий либосларни кенг тарғиб этиш, ўзлигимиз ва қадриятларимизга мос кийимларнинг бетакрор дизайнини қайта тиклаш ҳамда замонавийликни уйғунлаштиришга хизмат қилиши мақсад қилинган. 

Унга 18 ёшдан юқори, дизайнерлик қобилиятига эга ҳамда мазкур соҳада камида бир йиллик тажрибаси бўлган, турли соҳа вакиллари фаолиятидан хабардор, янги таклифлари бўлган мутахассислар жалб қилинди.

Иштирокчилар 4 йўналиш - "Ишбилармон ва етакчи аёл", "Талаба қиз", "Ижодкор аёл" ҳамда "Эркин мавзу" бўйича баҳоланди. Уларнинг 3 нафари танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

- Миллий ва замонавий кўринишдаги либослар яратишга қизиқаман, - дейди Шаҳрисабз шаҳрилик Мафтуна Қурбонова. - Бугунги кунда қизлар ўртасида урфга айланиб бораётган антиқа либослар сабаб, баъзида миллийлигимиз бироз унутилаётгандек туюлади. Ўзлигимизга хос  либосларга зарур меъёрларни сақлаган ҳолда замонавийлик   сингдирилса, ҳақиқий нафосат ва гўзаллик намоён бўлади. 

Танлов доирасида "Йилнинг энг яхши ёш дизайнери", "Энг яхши миллий йўналишдаги модельер-дизайнер" номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.