Таълим 04.10.2019 169

МОБИЛ ВА МОДУЛЛИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ ТАҚДИМОТИ

 Бугун пойтахтда Ўзбекистон мактабгача таълим вазирлиги томонидан мобил ва модулли мактабгача таълим муассасалари (МТТ) тақдимоти ўтказилди. Унда 16 та қайта жиҳозланган автобус, болалар майдончалари бўлган иккита автотураргоҳ ва 2 та модулли МТТ намойиш этилди.

 

 Тақдимот ташкилотчиларининг маълум қилишича, бу МТТлар оддий болалар боғчаларини қуриш имкон бўлмаган чекка қишлоқ жойлари, тоғли ҳудудлар ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган.

 -Кўчма ва модулли болалар боғчаларининг ташкил этилиши минтақаларда МТТлар етишмаслигидан келиб чиққан муҳим қадамдир, - деди Ўзбекистон Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. - Мактабгача таълим вазирлигининг икки йиллик фаолияти давомида, республика миқёсида 120 та янги давлат МТТлар очилди, аммо бу етарли эмас. Агар Тошкентда биз мактабгача таълим билан 80,6 фоиз болаларни қамраб олган бўлсак, пойтахт ва йирик шаҳарлардан ташқарида бу кўрсаткичлар анча паст. МТТга бормайдиган болалар 90 фоизни ташкил этадиган ҳудудлар ҳам мавжуд.  Янги муассасалар қурилиши - узоқ вақт талаб қиладиган ва қимматга тушадиган жараён бўлиб, баъзи жойларда электр ва канализация билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, болаларнинг сони камлиги боис бу жараён ҳозирча имконсиз. Бундан ташқари, таълим ҳозирданоқ талаб этилади, ахир мактабгача ёшдаги болада ақлий фаолликка бўлган эҳтиёж кескин ортади.

 Рекорд даражадаги тезкорлик билан жорий этилишидан ташқари, мактабгача таълимнинг муқобил шакллари камроқ харажат талаб қилиши билан ҳам ажралиб туради. Узоқ ва чекка ҳудудларда жуда оз сонни ташкил этувчи болалар учун оддий МТТни қуришдан кўра, 7 та модулли ёки 7 ҳаракатланувчан (автобуслар ёрдамида) МТТларни жорий этиш ўша ҳудудларда яшовчи болаларни мактабгача таълим билан тезроқ қамрашга кўмак беради.

 Мобил МТТ лойиҳаси вазирликнинг мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва бошқариш бош бошқармаси ва "Ўзавтосаноат" АК томонидан амалга оширилди.

 

 -Мобил МТМ лойиҳаси доирасида "Ўзавтосаноат" АК мутахассислари нафақат автобусларни қайта жиҳозлаб, ҳайдовчиларни ўқитишди, балки шўба корхоналари базасида болалар майдончалари учун мебел ва аксессуарларни тайёрлашни йўлга қўйдилар, - деди «Ўзавтосаноат» АК бошқарув раиси Шавкат Умурзоқов.- Ишлаб чиқариш бутунлай маҳаллийлаштирилади, бу эса керак бўлганда автопаркни тезда кенгайтиришга имкон беради. Бундан ташқари, биз ҳар бир жойда йўналиш ва вақтни назорат қилиб бориш учун автобусларга GPS-трекерларини ўрнатамиз.

 Мактабгача таълим вазирлиги модулли МТТлар намуналарини ҳам тақдим этди. Ҳар бир тузилма бир-бирига боғланган тўртта денгиз контейнерларидан иборат бўлади. Асосий жой болалар мебеллари, ўйинчоқлари ва ўқув материаллари билан жиҳозланган машғулот ва ўйин майдони учун ажратилган. Тўлиқ кунлик гуруҳлар учун енгил бўлган, йиғилувчан кроватлар кўзда тутилган.

 

 -Модулли ва мобил МТТлар мактабгача таълим соҳаси бугунги кунда муҳтож бўлган тезкор ва самарали ечим бўлади, - деди Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш Бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева. – Бу МТТлар инфратузилмаларга боғлиқ бўлмайди, чунки уларда барча шароитлар муҳайё этилган – ҳожатхона, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, тайёр овқатни иситиш учун ошхона, кондиционерлар. Автобусларда эса қуёш батареялари ўрнатилган. Мобил МТТлар лойиҳаси республика бўйича  44 та манзилни ўз ичига қамраб олади - аслида бу 44 та кичик-МТТлар бўлиб, улар орқали 2 минг нафар болакай қамраб олинади. Биз туманлар аҳолиси қандай шароитда яшаётгани ва ота-оналар ушбу лойиҳани қанчалик кутганлигини биламиз. Автобуслар ишга тушишидан олдин ҳам улар вазирликка фарзандларини мобил гуруҳларга ёзишни сўраб хат йўллашган. Мобил МТТга қатнаш бепул бўлиши жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Шунингдек, кичик аҳоли пунктларида контейнерлардан иборат бўлган МТТлар пайдо бўлади. Модулли МТТларни қуриш ишлари атиги икки ойни талаб қилади, бу одатий бино қурилишидан анча тезроқ. Бундан ташқари, улар турли хил қўшимчаларни жорий этиш имконини беради: қўшимча блоклар ёрдамида майдонни осонгина катталаштириш мумкин, шунингдек қисмларга ажратиб, янги жойга кўчириш мумкин.

 Мобил ва модулли МТТларни қуриш ва пардозлаш ишларида иссиқликка, оловга чидамли ва соғлиқ учун зарарсиз бўлган материаллар қўлланилади.

 Турин политехника университети мутахассислари мобил МТТлар, “UzAutoTRAILER” МЧЖ эса модулли МТТларнинг лойиҳалаштирувчилари бўлдилар.

 

Суратларда: мобил ва модулли МТТлар тақдимотидан лавҳалар.