Жамият 18.12.2018 195

МОСКВАДАН 1444 ДОНА ТАҚИҚЛАНГАН МАТЕРИАЛ БИЛАН ҚАЙТИБДИ

Божхона назорати

МОСКВАДАН 1444 ДОНА ТАҚИҚЛАНГАН МАТЕРИАЛ БИЛАН ҚАЙТИБДИ

Одамларни хорижга тирикчилик ташвиши, ўқиб-изланиб, билимини янада ошириш истаги, саёҳат, дунё кўриш орзуси ва ҳоказо сабаблар етаклайди. У ерда нимага эга бўлади, бу ниятига, шунга асосланган амалига боғлиқ. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Мунчоқтепа қишлоғида яшовчи, 1989 йилда туғилган Х.С. ҳам чет элга ишлаш учун бориб, топгани фақат беҳаёлик акс этган материаллар бўлибди чамаси.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, у шу йилнинг 4 декабрь куни тонгги соат 4:30 да Қарши халқаро аэропортига U6 2457-сонли Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан учиб келган. "Яшил йўлак" орқали ҳаракатланган, қўл ва юк сумкалари божхона назоратидан ўтказилганда эса унга тегишли "Honor 9" русумли қўл телефони хотирасидаги "Теlegram video" папкасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 1 минг 300 дона порнографик видеолавҳа ва "Теlegram images" папкасида 144 дона худди шу мазмундаги расм борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 139 ҳолатда 12 минг 33 дона ана шундай материаллар юртимизга олиб кирилишининг олди олинган.

Н.ХЎЖАЕВ