Жараён 19.02.2019 126

МОЗИЙДАН БУГУНГА "ДАСТХАТ"

Шаҳрисабз - фестиваллар шаҳри

МОЗИЙДАН БУГУНГА "ДАСТХАТ"

Юртимизнинг ҳар манзили обод, ҳар гўшаси файзиёб. Йўллар ва йиллар бу манзиллар фусункорлигини янада оширади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Шаҳрисабз шаҳрига уюштирилган "Info-Tour" давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Февраль - анъанавий тақдимотлар ойига айланади

Замонавий инфратузилма ва мозийдан "дастхат" шаҳардаги маҳобатли иморатлар бу заминнинг туризм салоҳияти кундан-кун юксалаётганидан дарак беради.

- Вилоятимизда мингдан зиёд диққатга сазовор жойлар бор, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов. - Шу боис юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларнинг воҳамизга қизиқиши ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш бўйича берган топшириғи ижроси доирасида талай ишлар қилинди. Фестиваль лойиҳалари тақдимоти тадбиркорлар ва ташаббускор ёшлар томонидан ўтказилди. Ҳудудда ноодатий уй меҳмонхоналари, дам олиш масканларини қуриш, уларда ўзбек моделини    шакллантиришга эътибор қаратаяпмиз. Натижада Шаҳрисабз ёшларнинг иқтидор ва имкониятини синовдан ўтказиш майдонига айланмоқда. Эндиликда ҳар йили 1 февралдан 8 февралгача республикамизнинг туризм соҳаси вакиллари, тур операторлари Шаҳрисабзда йиғилиб, янги лойиҳалар устида фикр ва тажриба алмашишади.

Дарҳақиқат, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, фидокорона меҳнати билан Шаҳрисабз юртимизнинг энг обод масканларидан бирига, замонавий маданият ва туризм марказига айланган. Буни илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжуманида дунёнинг 73 давлатидан келган иштирокчи ва меҳмонлар ҳам эътироф этишганида, тўғриси, бироз ишонмагандик. Бугун эса ўзгаришларга юз тутган шаҳар қиёфасига ўзимиз ҳам мафтун бўлаяпмиз.

- Яратилган инфратузилмадан самарали фойдаланиш, пировардида воҳага саёҳат уюштирувчилар сонини ошириш учун янги ташаббуслар илгари сурилмоқда, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассиси Шерзод Султонов. - Шу мақсадда Шаҳрисабзда йил давомида турли маданий-кўнгилочар тадбирлар ва анжуманларни ўтказиш, кўҳна кентни "фестиваллар шаҳри"га айлантириш режалаштирилган. Шунингдек, сайёҳларнинг ҳудудда кўпроқ қолишини таъминлаш мақсадида қўшни туманларнинг йўл ва йўлбўйи инфратузилма объектлари янгиланмоқда. Натижада меҳмонларнинг ҳар бир туманда қолиши камида бир кунга узайтирилади. Чунончи, экологик туризмни ривожлантириш бўйича Яккабоғ туманидаги Амир Темур ғори ва динозавр излари, Вори қишлоғидаги қоя тошлари, Китоб туманидаги Жовуз қўриқхонаси, "Китоб кенглик станцияси", Ҳазрат Султон Ота зиёратгоҳи, Сарчашма, Кўл ва Сувтушар қишлоқлари ҳудудларига маҳаллий ва хорижий сайёҳлар кўпроқ жалб қилинади.

Бизким...

Суҳбат асносида минг бир синоатни ўзида жо айлаган зиёратгоҳларга етиб келдик. Ҳисор ва    Зарафшон тоғ тизмалари билан ўралган шаҳар      XIV-XV асрларда Амир Темур ва унинг авлодлари томонидан бунёд этилган. Кўҳна ёдгорликлар ҳали-ҳануз ўз маҳобатию чиройини йўқотмаган. Коба карвонсаройи, мадрасаю мавзелар деворларидаги   нақшлар ҳар қандай кишини ўзига маҳлиё этади.  Дорус саодат,  Дорут тиловат мажмуаси, Жаҳонгир мақбарасию Ҳазрати Имом масжиди мозий сирларидан сўзлаб турибди.

Шаҳрисабзда адашиб қолсангиз...

Навбатдаги манзил меҳмонлар учун ташкил этилган ахборот маркази бўлди. Бошида дўппи, эгнида яктак, оппоқ соқоллари кўксини тўлдирган отахоннинг хандон кулгисию миллий либосдаги онахон портретида ўзбегимнинг танти, меҳмондўст инсонлари қиёфасини кўрдик. Жавонларга териб қўйилган ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир намуналари, тин олиш учун ҳозирланган оромкурсиларининг барчаси маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар хизматида. Воҳанинг эътиборга молик жойлари ҳақида маълумот берувчи буклет ва тарқатма материалларни шунчаки эътиборсиз қолдиролмаймиз.

Қалбларни сел қилган наво

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган "Мақом музейи"да ижро этилган ашулалар оҳанги қалбимизни сел қилди. Бу ерда мақом санъати йўналишлари, тарихи, соҳир овози билан халқимиз қалбидан жой эгаллаган ҳофизлар ижоди билан танишдик.

Шу зайлда кеч кирганини ҳам сезмай қолибмиз. Тунги шаҳар таровати эса янада фусункор. Олган таассуротларимизни кундаликка ёзиб битмасимиздан "Шаҳрисабз - фестиваллар шаҳри" концепциясининг намойиши бошланди. Ҳар бир лойиҳа тақдимоти ғоя муаллифлари томонидан ўтказилди.

Жумладан, йил давомида Оқсарой мажмуасида "Зафарли юриш" фольклор-этнографик ҳамда театрлаштирилган томошалари ўтказиб борилаётгани маълум қилинди. Амир Темур мероси ва кешлик алломалар тарихига бағишланган семинар тарихий илдизларимизни ўрганишга, сентябрь ойида ташкил этиладиган Халқаро мақом санъати анжумани эса миллий куй-қўшиқларимиз барҳаётлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Ёш сайёҳлар оқими ошармиш. Хўш, қандай қилиб?

Шундан сўнг катта экранда намойиш этилган атласу адраснинг камалакранг жилоси, сўзанаю палак нақшлари кўзни қувнатди. Эндиликда бетакрор дизайн ва ўзига хос ёндашувнинг истеъдод ва нозик диддаги намойиши Халқаро миллий либослар фестивалида бўй кўрсатади. Фестиваль ўзи билан гўзалликлар олиб келувчи Наврўз байрами кунларида ўтказилади.

Анор фестивали Варганза қишлоғи анорларини дунёга танитса, "Ҳисор тоғлари" номли экофестивал хорижликларни юртимизнинг бетакрор табиат манзаралари билан таништириш имконини беради. Ҳунармандларимизнинг ижод намуналари эса "Шаҳрисабз - ҳунармандлар маскани" фестивалини безайди. Апрель-июнь ойларида старт бериладиган "Shahrisabz Music Dance" мусиқа фестивали ва хорижий кинофильм кунлари, айниқса, ёш сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши тайин. Кураш мусобақалари ҳамда кўпкари миллий ўйинлари эса спортга ошно хорижлик меҳмонларни беэътибор қолдирмайди. Ўз навбатида, уларни оммалаштиришда қўл келади.

Хуллас, Шаҳрисабз бугун миллийлик ва замонавийлик чорраҳасига айланган. Янги ташаббуслар эса воҳанинг мавжуд туризм имкониятларидан унумли фойдаланиш, пировардида иқтисодий тараққий этишга хизмат қилади.

Садоқат МАХСУМОВА, журналист