Маданият 18.09.2018 147

“МУҚБИЛ ВА МУДБИР” – ЭЗГУЛИК ВА ЁВУЗЛИК ЎРТАСИДАГИ КУРАШ

Мавсум бошланди

“МУҚБИЛ ВА МУДБИР” – ЭЗГУЛИК ВА ЁВУЗЛИК ЎРТАСИДАГИ КУРАШ

Вилоят қўғирчоқ театрининг 24-мавсуми Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги “Сабъаи сайёр” достони асосидаги етти афсонанинг бири - “Муқбил ва Мудбир афсонаси” билан бошланди.

Унга маданият ва санъат ихлосмандлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кенг жамоатчилик таклиф этилди.

Намойиш аввалида йиғилганлар билан вилоят қўғирчоқ театрининг тарихи, ўтган йиллар давомида   шаклланган жамоа, бугунги кунгача босиб ўтилган ижодий йўл борасида суҳбатлашилди. Сўнг саҳнада 2007 йилда “Чодир хаёл” умумжаҳон қўғирчоқ театрлари фестивалида намойиш этилган “Мешполвон” спектакли, 2013 йилда   Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IX анъанавий кўрик-фестивалида иккинчи ўринга лойиқ топилган “Тандир она саховати”, 2016 йилда Андижон вилоятида бўлиб ўтган ушбу фестивалнинг   навбатдаги босқичида қўйилган “Муқбил ва Мудбир афсонаси”дан парчалар намойиш этилди.

Ғайрат Ҳамраев режиссёрлигида саҳналаштирилган ушбу спектаклнинг тарбиявий аҳамияти юқори бўлиб, намойиш давомида жажжи томошабинлар Муқбил образи орқали қаллоблик, ёлғончилик, ҳаётдан нолиб яшаш, иккиюзламачиликнинг салбий оқибатларини кўришган бўлса, Мудбирнинг яхшилик, ростгўйлик, атрофдагиларни қўллаб-қувватлаши, меҳрибонлиги билан муаммолардан қутулиши тимсолида киши яхшилик билан ўз ниятига етиши мумкинлигини англашди.

- Болажонлар учун асар яратишга киришар эканмиз, унинг аввало қизиқарли, содда ва тушунарли бўлишига эътибор қаратамиз, - дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Бегимқул Пиратов. –  Бир қарашда осондек туюлса-да, аслида жуда қийин ва масъулиятли вазифа.  Намойиш этилаётган саҳна асари болажонларнинг она Ватан ва эл манфаатига хизмат қилувчи  фидойи бўлиши ва инсонийлик фазилатлари руҳида камол топишига хизмат қилмоғи керак.

Жамоанинг ўз олдига қўйган мақсадлари кўп. “Миттивойнинг саргузаштлари”, “Мақтончоқ қуён” спектакллари премьераси, “Ғаройиб ертутлар”, “Миу номли мушукча”, “Дўстлик уйи” каби спектакллар тарбиявий аҳамиятга эга, эзгу ғояларни акс эттириши шубҳасиз. Айни дамда  бунинг учун тайёргарлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.