Жараён 28.05.2019 131

МУҲИМ ХОМАШЁ ТАЙЁРЛАШ ИШЛАРИ АВЖИДА

Пиллачилик

Ипак қурти боқиш бизда анча олис тарихга бориб тақаладиган юмуш. Шунга монанд, халқимизда бу борада жуда катта тажриба бор. Ҳудудда етиштирилган ипак толанинг сифати юқори, қиймати баланд бўлгани замирида ҳам шу омил мужассам.

Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасида пилла боқаётган оилаларнинг фаолиятдан манфаатдорлиги ошди. Натижада ишлаб чиқариш салмоғи ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

-  Бу йил илк мавсумда вилоятда барча звенолар томонидан 35 минг 500 қути ипак қурти парваришланди, - дейди вилоят "Агропилла" МЧЖ мутахассиси Қаҳрамон Менглиев. - Ўртача ҳосилдорлик 55,6 килограммни ташкил этади. Шунга кўра, жорий мавсум пиллакорларимиз томонидан 1950 тоннадан ошиқ пилла етиштирилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда айрим ҳудудларда пилла ҳосилини қабул нуқталарига топшириш жадал давом этаётган бўлса, бир қатор туманларда кўзда тутилган режа аллақачон уддаланиб, энди хирмонни янада юксалтиришга киришилган.

Жумладан, 3 минг 825 қути ипак қурти парваришлаган Касби тумани пиллакорлари қайта ишлаш корхоналарига 210 минг 600 тонна кумуш тола сотиб, шартнома режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарган бўлса, бу борада Миришкор, Косон, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Муборак тумани пиллакорлари ҳам белгиланган довонни босиб ўтишди.

27 май ҳолатида вилоят пиллакорлари томонидан уюлган пилла хирмони умумий ҳажми 1686 тоннадан ортиқни, белгиланган шартнома режасига нисбатан эса 86,5 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда вилоятда бир кунда ўртача 135 тоннадан ошиқ ҳосил йиғиб олинаётганини инобатга олсак, пиллакорларимиз томонидан тўпланадиган хирмон кўзда тутилганидан-да баландроқ бўлишига ишониш мумкин.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ