Таълим 15.11.2018 99

МУХТОР БОБОНИНГ СТИПЕНДИЯСИ

Шундай фидойилар борки...

МУХТОР БОБОНИНГ СТИПЕНДИЯСИ

Китоблик 83 ёшли меҳнат фахрийси Мухтор бобо Шапсанов Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультети талабалари учун Мухтор Шапсанов номидаги стипендия ташкил қилди. Бу ҳақида китоблик журналист Лола Ўроқова “Фейсбук”даги саҳифасида хабар берди.

Стипендия факультет кенгаши қарорига асосан 2- ва 3-курсларда ўқийдиган 2 нафар аълочи талабага берилади. Отахон яқинда Тошкентга бориб, икки нафар иқтидорли талабага биринчи стипендияни топшириш маросимида қатнашиб келди.

Мухтор Шапсанов 1969 йилда собиқ иттифоқнинг Ҳиндистондаги элчихонасига ишга юборилган. Бир неча марта мамлакат раҳбарлари билан Индира Ганди ўртасида таржимонлик қилган. Хизмат юзасидан бир муддат Покистонда яшаган, Малайзия, Япония, Қатар, Польша, Шри-Ланка, Германия, Бирлашган Араб Амирликлари сингари қатор мамлакатларида бўлган. Кейинчалик тарих фанлари номзоди, доцент сифатида кўп йиллар ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да дарс берган.  Айни пайтда Китоб туманида яшайди.

Мухтор бобони воҳамизда кўпчилик таълим фидойиси сифатида яхши билишади. Унинг ёш авлод камолоти йўлидаги куюнчаклиги, ҳиммат ва саховати ОАВда илгари ҳам кўп ёритилган. 

              А.ҚОБИЛОВ