Сўнгги янгиликлар 02.11.2018 90

МУРОЖААТЛАР БЎЙИЧА ҚАРШИ ШАҲРИ “БИРИНЧИ ЎРИН”ДА

Вилоят ҳокимлигида

МУРОЖААТЛАР БЎЙИЧА ҚАРШИ ШАҲРИ “БИРИНЧИ ЎРИН”ДА

Вилоят ҳокимлигида Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг 2018 йил 15 октябрдаги баёни ижроси бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда шу йилнинг 9 ойида вилоят ҳокимлиги аппаратида, бошқармалар, идоралар, давлат иштирокидаги ташкилотларда, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманлар ҳокимликлари тизимида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари таҳлил этилди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев раислик қилган йиғилишда ижро интизомини таъминлашда талабчанлик етарли даражада эмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда тизимли назорат ўрнатилмагани, айрим масъул шахслар томонидан ўз вазифасига юзаки муносабатда бўлингани қайд этилди.

Вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан тушган мурожаатлар ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг катта қисми Қарши шаҳри (1135 та), Деҳқонобод (550), Ғузор (467), Чироқчи (450), Қарши (449) ва Яккабоғ (441) туманларига тўғри келган. Фуқаролар асосан уй-жой, ишга жойлашиш, моддий ёрдам кўрсатиш, нафақа олиш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф қилиш каби масалалар бўйича мурожаат қилишган.

Мазкур масалаларнинг аксарини бевосита ҳудуднинг ўзида ҳал қилиш имкони бўлса-да, маҳаллий раҳбарлар ва мансабдор шахслар бунга панжа орасидан қараган, фуқаролар ўз вақтида қабул қилинмаган, етарли даражада тушунтириш берилмаган. Айрим туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари сайёр қабуллар ўтказмаган, муаммони жойига бориб ўрганишга эътибор қаратмаган.

Ҳисобот даврида шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан 43 та мурожаатнинг кўриб чиқиш муддатлари бузилган, 189 та такрорий мурожаатга йўл қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали вилоят ҳокимлигига 9 ойда келиб тушган мурожаатлар 426 тасини ўрганишда  муддат талаблари бузилган.

Қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими, бандлик, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, ҳудудий электр тармоқлари ва маҳалла тизимида мурожаатлар сони кўпайгани айтилиб, ижро интизомига қатъий риоя қилиниши бўйича кўрсатмалар берилди.

Қайд этилган камчиликларни инобатга олган ҳолда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида, барча маҳаллий давлат бошқаруви органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг натижадорлигини ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Б.САЙФИЕВ