Жараён 30.07.2019 167

НА ИССИҒИГА ЧИДАЙМИЗ, НА СОВУҒИГА

Муносабат

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда "Китоб туманида дарахтлар кесиб юборилаяпти, туман чўлга айланиб қолди", деган гап-сўзлар кўпайиб кетди. Аслида ҳам шундайми? Бу фикрлар қаердан келиб чиқаяпти ва қанчалик ҳақиқатга яқин? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

Туман маданият маркази орқасида Санъат саройи кўчаси бор, тўғрироғи, бор эди. Икки четдаги иморатлар бузилиб, йўл кенгайгунга қадар деярли шу кўчадан йиллаб ишга қатнаганман. Торгина,  ўйдим-чуқур йўл, эски уйлар, нураган деворлар - мана шу эди кўчанинг қиёфаси. Баъзан хонадон эгалари  уйларининг у ёқ-бу ёғини таъмирлаб қўйишар, аммо чиройли иморатлар қуришга иккиланишар, негаки, адашмасам 40-50 йилдан буён эл орасида "кўча бузилиб, катта йўл тушаркан", деган миш-миш юрарди. Аслида бу миш-миш ҳам эмас, негаки, бу ерда яшовчилар бир неча марта бу ҳақда расман огоҳлантирилган ҳам. Шунданми, айрим дарвозаларга тақа-тақ қулф урилган, хонадон эгалари аллақачон бошқа жойдан бошпана топиб, чиқиб кетишганди.

 Айниқса, кейинги йилларда бузилиш ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалингани учун, ишга кетаётсам гоҳ онахонлар, гоҳ отахонлар ҳовлимиз қачон бузиларкан, бирор гап йўқми, деб сўраб қўйишарди.

 Ниҳоят Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифи чоғида берилган топшириқлари бўйича Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг 2007 йил 18 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Китоб шаҳрининг бош режасига асосан Китоб-Шаҳрисабз йўлининг 0-5, Китоб-Мираки йўлининг 0-3 километрини реконструкция қилишга киришилди. Мақсад туман  марказини замонавий  архитектура ва шаҳарсозлик талаблари ва миллий анъаналарга мувофиқ комплекс ривожлантиришдан иборат эди. Шу тариқа Оқсув дарёси кўпригидан сўнг бошланган қурилиш Буюк ипак йўли кўчасининг Китоб айланма йўлигача давом этди. Натижада марказий Катта йўл кўчасида саккиз тасмали, Ипак йўли кўчасида олти тасмали йўл қурилди.

Эътиборли томони шундаки, йўлнинг бир километр қисми янгидан қурилди, яъни Оқсув   дарёси кўпригидан бошланган Катта йўл кўчаси мазкур янги йўл орқали Буюк ипак йўли кўчаси билан туташди. Натижада одатда тез-тез кузатиладиган туман марказидаги тирбандликка анча барҳам берилди.

Йўлни кенгайтириш жараёнида 43 юридик ва жисмоний шахснинг бинолари айнан йўл минтақасига тўғри келгани учун бузилишга тушди. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига кўра уларга қарийб 7 миллиард сўм миқдорида кўрган зарарлари Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибидаги Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилди. Катта йўл, Санъат саройи, Оқ масжид кўчалари бўйлаб йўл ҳудудига тушган фуқароларга туманнинг Санам маҳалласидан ер участкалари ўлчаб берилди.

 - Эсимни таниганимдан буён ҳовлимиз бузилиб, кўчага қўшилиши ҳақида эшитганман, - дейди Оқ масжид кўчасида яшаган Суҳроб Турсунов. - Бир ғиштни бу ердан олиб, у ерга қўйишга қўлимиз бормаган. Хайрият, кўнглимиз бир ёқли бўлди. Аввало ер участкаси ўлчаб беришди. Кейин зараримиз қоплаб берилди.

 Шунга ўхшаш йўл-қурилиш ишлари Китоб-Мираки йўналишининг 0-3 километрида ҳам бошланди. Бу йўналишнинг дастлабки бир километри ниҳоятда тирбанд бўлиб, бу жойдан ўтишга ҳайдовчилардан тортиб йўловчиларнинг ҳам юраги безиллаб турарди. Тирбандлик асабларни таранг қилар, айниқса, йўлнинг бир томонида деҳқон ва буюм бозорлари, иккинчи томонида қатор-қатор савдо мажмуалари жойлашгани ҳолатни янада ёмонлаштирарди.

 Ушбу муаммони ҳал қилиш учун бундан бир неча йил илгари йўлни иккига ажратадиган панжаралар ўрнатилди. Аммо икки ўн беш бир ўттиз бўлди. Кейин бир томонлама йўл қилиниб, қайтишда машиналар шаҳар марказига айланма йўл орқали кириб келадиган бўлди. Бу усул ҳам иш бермади, яна норозилик кучайди. Фуқароларнинг ариза ва шикоятлари кўпайди, бир гал телевидениеда ҳам танқид қилинди.

Албатта, бундай шароитда муаммонинг ягона ечими - кўчани кенгайтириш эди. Шундай қилинди. Тадбиркорларга деҳқон бозори  қаторидаги биноларини ўз маблағлари ҳисобидан  реконструкция қилишга рухсат берилди. Шу тариқа мазкур йўл ёқалаб жойлашган 46 та уч қаватли  иморат қурилиши поёнига етай деб қолди. Йўлни кенгайтириш, қайтадан қуриш бошланди. Жорий йилда уч километрли йўлнинг бир километри фойдаланишга топширилиши белгиланган.

Туман марказий кўчаларини кенгайтириш жараёнида 60 та чинор, 21 та сосна, 19 та акация, 23 та бошқа турдаги дарахтлар кесилди. Ҳозиргача кесилган дарахтлар ўрнига 170 та каштан, 115 та дуб, 200 та Қрим     соснаси, 260 та эльдор соснаси экилди. Шу йилнинг кузи ва 2020 йилнинг баҳор мавсумида янгидан таъмирланган йўллар бўйида жами 1200 та дуб, 1200 та Қрим соснаси, 1200 та каштан, жами 3600 та  дарахт кўчатлари ўтқазилади. Айни пайтда туман ободонлаштириш бўлимининг дарахт кўчатлари етиштириш участкасида 50 мингга яқин можжевельник, каштан, дуб, сосна ва бошқа дарахт кўчатлари тайёрлаб қўйилган. Кўриниб турибдики, туманда кесилган ҳар бир дарахт ўрнига ўнлаб, эҳтимол, юзлаб дарахт кўчатлари экилаяпти ва экилади.

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, дейишади.  Бир нарсадан воз кечмай, иккинчи нарсага эришиб бўларканми? Тўғри, ҳозир янги экилган дарахтлар кичик, кўзга ташланмайди. Аммо кенг ва равон йўл, тунда юлдуздай милтираб турган кўча чироқлари, пиёдалар йўлаклари аллақачон кўзга ташланиб, туман марказига салобат бериб турибди. Янги қурилган йўл атрофида беш қаватли уй-жойлар қурилиши ҳам режалаштирилган. Ахир бу ишларнинг ҳаммаси юртимиз ободлиги, элимиз  манфаати, туманимиз келажаги, тараққиёт сари ташланаётган қадамлар эмасми?

Тўғри, катта ишларни амалга оширишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бўлади. Муаммоларни ҳал қилиш баъзан вақт талаб қилади. Пашшадан фил ясаган билан муаммо ечилиб қолмайди. Энг муҳими, тирноқ остидан кир қидирмай юртда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришларни кўра билишдир.

Сўзимнинг сўнгида шуни айтмоқчиманки, уч-тўрт йил соя-салқинда эмас, қуёш балқиб турган йўлаклардан юрармиз. Ишончим комилки, пайт келиб Китобда бугунги ободончилик ишларини амалга оширганларга раҳмат айтишади.

Лола ЎРОҚОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси