Сўнгги янгиликлар 29.11.2018 95

НАМУНАЛИ ЁШ ОИЛА ЯНГИ УЙЛИ БЎЛДИ

Ёшларга оид давлат сиёсати - амалда

НАМУНАЛИ ЁШ ОИЛА ЯНГИ УЙЛИ БЎЛДИ

Асли чироқчилик Ҳусан Яллаевнинг касби ўқитувчи. Қарши шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган умумтаълим мактаб-интернатида инглиз тили фанидан ўғил-қизларга сабоқ беради. Ишидан нолимайди, ахир барча топган обрў-эътибори шу ўқитувчилик ортидан. Ўзи ёш бўлишига қарамасдан, педагогик фаолияти 10 йилга етай деб қолди. Хориж тилини ўқувчиларга ўргатишда кўрсатган фаоллиги, бунда илғор усулларни таклиф этгани ва амалда ҳам самарали қўллагани  инобатга олиниб, аввалроқ "Халқ таълими аълочиси" кўкрак-нишони билан тақдирланган. Ҳаммаси яхшию, аммо шу вақтгача унинг ўз уйи йўқ эди. Бир неча йилдирки, ёш оила ижарага уй олиб яшаб келаётганди.

- 3 нафар фарзандим бор, рўзғордан ортиб, ижара ҳақи тўлашимга ҳам тўғри келарди, - дейди у. - Юртимизда айни масалада ёш оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бизга ҳам умид берди. Дарҳол зарур ҳужжатларни тайёрлаб, тегишли комиссияга топширдик. Номзодлар орасида бунга муносиблардан бири сифатида эътироф этишди. Мана, Қарши шаҳри марказида барпо қилинган арзон кўп қаватли хонадонлардан бирининг соҳибига  айландик. Квартирамиз 3 хонадан иборат. Ҳамма шароит ва қулайлик бадастир. Муҳими, имтиёз асосида тақдим этилди. Ўз уйинг бўлгани кўнгилга ҳам ҳаловат бахш этади.

Куни-кеча "Ўзбекистон ёшлари - янги замон бунёдкорлари!" шиори остида вилоятимизда ўтказилган ёшлар фестивали доирасида Ҳусан Яллаев ва унинг рафиқаси Бахтигул Хуррамова каби яна бир қанча оила замонавий кўп қаватли уйнинг хонадонларига кўчиб ўтди. Тадбирда хонадон эгаларининг яқинлари, жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар иштирок этишди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, тегишли дастур асосида жорий йилда вилоятимиз миқёсида 110 дан ортиқ ёш оилага янги уйлар қуриб берилиши кўзда тутилган. Бу уй-жойларнинг 50 га яқини воҳамиз марказида, қолгани туманлар ҳудудида бунёд этилди. Қайд этиш лозим, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилалар шундай уйлар билан таъминланади. Имтиёзли ипотека кредити асосида ажратиладиган бу уй-жойларнинг дастлабки бадал пуллари эса Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан, кейинчалик қайтариш шарти билан тўлаб берилади.

М.ШУҲРАТОВ