Спорт 11.08.2018 467

“НАСАФ”ДА 1-ЎРИНГА ҚАЙТИШ ИМКОНИ БОР...МИ?

Футбол

“НАСАФ”ДА 1-ЎРИНГА ҚАЙТИШ ИМКОНИ БОР...МИ?

Бугун вилоятимизнинг “Насаф” футбол жамоаси Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини ўз уйида қабул қилади. Бу баҳс айниқса, “Насаф” учун финалга тенг. Сабабига эса қуйида тўхталамиз.

Маълумки, футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати – Суперлиганинг жорий мавсумини жуда яхши старт билан бошлаган “Насаф” беш-олти тур давом этган муваффақиятли ўйинлардан сўнг кетма-кет очко йўқота бошлади. Жамоа молиявий муаммолар гирдобида қолиб кетгани ҳақида бонг урилди, раҳбарият алмашди, легионерлар, тажрибали футболчилар клубни тарк этишди.

Рўзиқул Бердив эса ишни яна “ноль”дан бошлашга мажбур бўлди. Асосан клуб тарбияланувчилари бўлган бор футболчилар ёнига ёшлар таркибидан яна бир нечта ўйинчиларни жалб этиб, юришни давом эттира бошлади. Тўғри, иккинчи давра баҳсларида ҳам “Насаф”нинг ғалабаларидан кўра муваффақиятсизликлари кўп. Шунга қарамай, “Насаф”нинг айни пайтдаги ҳолатидан келиб чиқиб, унинг ўйинларига ижобий ёндашаётган, келажагига ишонаётган мухлислар сони кўпайиб бормоқда. Буни турли нашрлар, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан ҳам билиб олиш мумкин. Жамоа эса айни пайтда саккизинчи ўринда эканига қарамай, мусобақанинг иккинчи босқичини 1-ўрин билан бошлаш, яъни супер сенсация қайд этиш имкони бор. Бунинг учун бугун Қаршида “Бунёдкор”ни, 18 август куни эса Тошкентда “Пахтакор”ни мағлубиятга учрата олса бўлгани.

Чунки, мусобақа низомига кўра яна икки турдан сўнг клублар янги босқични бошлашади. Ундан олдин очколарга қараб икки гуруҳга бўлинади: юқори олтилик ва пастки олтилик. Бунда олтин очколар қоидаси амалда бўлади. Яъни кучли олтиликка кирган жамоаларнинг фақат мана шу олтиликдаги клублар билан ўйинлари сақланиб қолади. Қуйи олтиликдаги жамоалар билан ўйинларда олинган очколар эса бекор қилинади. Худди шу ҳолат қуйи олтиликка кирган жамоалар учун ҳам амал қилади.

Энди ҳисоблаб кўринг, айни пайтда “Насаф”да 26 очко мавжуд. Еттинчи ўринда турган “Қўқон” ва олтинчи ўринда турган “Металлург”да 27 тадан, бешинчи ўриндаги “Бухоро”да эса 32 очко мавжуд. “Насаф” агар олдинда турган      2 ўйинда ғалаба қозонса, жуда катта эҳтимол билан мана шу жамоалар ичидан кучли олтиликка ўтиб олиши мумкин. Чунки “Қўқон”, “Металлург” ёки “Бухоро”ни ҳам олдинда осон ўйинлар кутаётгани йўқ. Демакки, “Насаф”да кучли олтиликка кириш имкони бор ва агар шундай бўлса, жойлар умуман ўзгариб кетади.

Бунинг боиси, айни пайтда “Насаф”да турнир жадвалидаги юқори олти ўринни эгаллаган жамоалардан олган 16 очко мавжуд ва биринчи ўринда бораётган “Пахтакор” билан бу борада ораларидаги фарқ бор-йўғи 1 очко. Бунинг устига “Насаф” “Бунёдкор” ва “Пахтакор”дан яна олти очко ола билса, олтин очколари сони анча ошиб кетади. У ҳолда эса жадвалда 1-ўринга чиқиб олиши аниқ.

Тўғри, бу шунчаки тахмин, аммо “Насаф” мухлислари истаётган, рўёбга чиқишини кутаётган тахмин. Шундай экан, жамоамиздан олдинда турган икки ўйинда фақат ғалаба кутишга мажбурмиз.

Ж.ҚИЛИЧЕВ