Маънавият 26.03.2019 212

НАВРЎЗ - МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ҚОМУСИ

НАВРЎЗ - МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР ҚОМУСИ

Наврўз - олам яшарадиган, деҳқон умиду ишонч билан ерга барака уруғи қадайдиган, чўпонлар тўл олиб, қўй-қўзилари, эчки-улоқларини яшил яйловга ёядиган, ёшу қари гўзалликни, эзгуликни, шодлик ва қувончни, ҳаётга, яшашга истакни, орзу-умидларни, меҳру оқибатни дилга туядиган саодатли, фараҳбахш кундир. Унинг тантаналари қадимда бир ой давом этган. Ёши тўрт минг йилдан кам эмаслиги асосланган, исботланган.

Неча минг йиллар давомида   Шарқда Наврўз байрам, катта шодиёна сифатида нишонланиши натижасида кўплаб халқлар, хусусан ўзбекларда  ҳам ўзига хос бир қанча удумлар, урф-одат, расм-русумлар, ишонч-эътиқодлар шаклланиб, улар асрлар оша  аждодлардан авлодларга ўтиб, суяк суриб келди.

Наврўз муносабати билан ҳовлилар, кўчалар, ариқлар тозаланган, маҳаллаю гузарлар, қабристонлар обод қилиниб, кўчатлар экилган. Уруш тўхтатилган, араз-гиналар унутилган. Байрам дастурхонлари хилма-хил доривор, куч-қувват берадиган кўкатлар солиб бойитилган турли таомлар билан безатилган. Қариялар, хасталар, ногирон, бева-бечора, етим-есирлар ва эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва руҳий ёрдам кўрсатилган.

Турли-туман халқона, миллий ўйинлар, маросимлар, мусобақалар, баҳслар, аҳилликка интилиш, ягона мақсад сари бирлашиш, якдилликка ҳаракат - Наврўзнинг ажралмас қисмидир. Кўпчилик жойларда бугунгача сақланиб келаётган қадимий удумлардан бири "қозон тўлди"да ҳар оила ўз имкониятига қараб, қозонини тўлдириб овқат пиширган. Яна кўкатли сомсалар, бўғирсоқлар тайёрлаб, баҳоли қудрат қўни-қўшниларга ҳам тарқатилган. Бу таомлардан аввало кексалар ва беморларга жўнатилган. Қозон тўла овқат қилиш келгуси ҳосилнинг мўл бўлиши, тўкин-сочинлик, қут-барака, оилада фаровонлик, оила аъзоларининг соғ-саломат, бахтли яшаши, эл-юртда тинчлик, осойишталик рамзи сифатида давом этаяпти.

Байрам ўйинлари

Наврўз сумалаксиз ўтмайди,     албатта. Жой танланиб, ўчоқ қазишу кунда ёришдан то тантаналар якунлангунча болалар ва катталар ажойиб бир кўтаринки кайфиятда бўлишади.

Ўчоқ қазиш, ўтин тайёрлаш давомида ўсмирлар, балоғатга етган йигитларнинг эпчиллиги, куч-қуввати, зарб маҳорати синовдан ўтказилган. Қозон  атрофида  ўралашаётганлардан бири: "Қани Аҳмад, Раҳмат билан бир курашга туш-чи, ғолибга кўпроқ, мағлубгаям озроқ соврин (зот) бор", деб уларни бел олдириш орқали баҳс бошланиб кетади. Болаларнинг ота-оналари, ака-укалари, барча қариндошлар тарафкашлик учун тўплана бошлайди. Кейин курашчиларнинг ёши ҳам, соврин ҳам катталаша боради. Ана томоша: қийқириқлар, олқишлар, ҳаяжонлар, танбеҳлар, дуолар, мадҳ этишлар...

От ўйини, ёғоч ўйин, чўпон таёқ, кўпкари, пойгалар (яёв, отда, эшакда), узоққа (тош, кесак, таёқ) отиш, чиллик, ошиқ, қулоқ чўзма, каптарбозлик, қўчқор (хўроз) уриштириш, варрак учириш, ланка, елка уриштириш, кўчмак, ҳаккаллама-дуккаллама, арқон тортиш, оқ теракми-кўк терак, шу каби кўплаб ўйинлар қадимдан байрамнинг ҳамроҳи бўлиб, ёшу кексага завқ-шавқ бағишлаб, байрамга кўтаринки руҳ бериб келаётир. Бу ўйинлар болалар, ёшларни одоб-ахлоқ, жисмоний жиҳатдан чиниқтириш, баркамол инсонни вояга етказиш воситаси ҳамдир. Ўйинлар куй-қўшиқлар билан уйғунликда очиқ ҳавода, кенг кўкаламзорларда ўтказилган. Ўз навбатида иштирокчилардан чаққонлик, эпчиллик, тезкорлик, зукколик, сабр-бардошлилик, ақл-идрокни талаб қилган. Бугунги кунда ҳам бу ўйинлар Наврўз тантаналарида иштирокчиларнинг хоҳиш-истагига кўра ўтказилади. 

Бу байрамда одамлар иложи борича янги, ярашиқли, озода кийиниш, тилни ҳар қандай ҳолатда ёмон, уятли, қўпол сўзлардан тийиб, самимий, дилдан, ширин сўзлашишга ҳаракат қилишган. Афсуски, кейинги авлод вакиллари бу каби анъаналарга амал қилмаяпти, минг йиллик ўйинларнинг кўпини ёддан чиқарди.

Сумалак сайли

"Сумалак сайли" ёки "Сумалак пиширар" Наврўз билан ёнма-ён, унинг ажралмас бир қисми бўлиб келаётган удум.

"Авесто"да сумалак ҳақида қизиқ ҳикоя келтирилади. Янги кун (Наврўз)да ўттиз ёшли Зардўшт оппоқ соқолли нуроний чолга айланиб қолади. Юзи, қошу кўзидан нур ёғилар, қоронғида юрса, тонг отар маҳалини эслатар, зулмат чекиниб, уни нур қучоқлаб борарди. Қаёққа борса, ҳамиша боши узра юлдуз порлаб, ёғду сочиб йўлини ёритарди. Уйига борганида, хотини бу ҳолдан ҳайрон қолади. Аёл ҳар доимгидек буғдой донидан униб чиққан кўм-кўк, хушбўй майсани янчиб, тайёрлаб қўйган эди. Кейин шундан бўтқа таом пиширишга киришади. Ўшанда қозон бошида ҳам мўъжиза рўй беради.

Зардўшт ва аёли алламаҳалгача овқат тайёрлаш билан овора бўлиб, чарчаб, ҳордиқ чиқариш учун ётади. Ғира-шира тонг пайти  осмону фалакдан бирин-кетин кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражадаги гўзал фаришталар учиб келиб, қозон ёнига қўнади. Чўп (ёғоч) чўмич, қошиқ ва капгирни қўлга оладилар. Бири қўйиб, бири пишаётган таомни қўзғашга, дам-бадам шопиришга киришадилар, қайта-қайта қўзғайдилар, қўшиқлар айтиб ўйнайдилар. Зардўшт ва аёли бу ажойиб, ғаройиб манзарани узоқ томоша қилишади. Санаб қарасалар фариштаю малаклар ўттизта чиқади. "Сируҳ" ва "Сумалак" - "Ўттиз руҳ" ва "Ўттиз малак" деб ном беришади уларга...

Эрталаб тайёр бўлган таомни еганларида у ҳеч олдингиларига ўхшамас, бениҳоя тотли, мазали эди. Шу-шу бўлади-ю, таомни зардўшт ва аёли "Сумалак" - "Ўттиз малак" деб атайдилар.

Мана, бугун ҳам қозонлар тўлиб сумалак қайнаяпти, у билан боғлиқ удумлар, одатлар давом этаяпти. Чунки сумалак тўйимли, мазали таомлиги, айнан илик узилди паллада тайёрланиши, организмга табиий дармондори сифатида сингиши, кўп муддат бузилмай, хусусиятларини йўқотмай сақланиши, уни илк бор татиганда, энг эзгу истаклар, орзу-умид қилиниши билан неча минг йиллардан буён яшаб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, қадимий Наврўз байрами тантаналарида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган юзлаб урф-одатлари, удумлари, ишонч эътиқодлари, орзу-умидлари, бир сўз билан айтганда, ўзига хос миллий ва умумбашарий қадриятлари жамланган.

Абдиолим ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

 

Сумалак қўшиғи

Узоқдан - узоқ ёши,

Фотима момонинг оши.

Ичида етти тоши,

Ойнажоним, ойна-ё,

Сумалагим қайна-ё.

Ўтин солсам чирсиллар,

Арча ўтин қарсиллар,

Ой янгалар лорсиллар,

Ойнажоним, ойна-ё,

Сумалагим қайна-ё.

Майса ошга айланди,

Бобо-момо шайланди,

Қизлар куйлаб ўйланди,

Ойнажоним, ойна-ё,

Сумалагим қайна-ё.

Ойхон чалар чилдирма,

Барчани лол қолдирма,

Чарчаганим билдирма,

Сумалак  ол, ойна-ё,

Қиз-жувонлар ўйна-ё.

Янги кун

Тоғ бағридан эриб кетди қор,

Ўт-ўланлар куйлади алёр,

Атлас қийиб товланар баҳор

Юртимга Наврўз келганда.

Бодом гули дилбар келинчак,

Қир-адирлар тўла бойчечак,

Қиз-жувонлар учар ҳалинчак,

Юртимизга баҳор келганди.

Дошқозонда қайнар сумалак,

Атрофида қиз-жувон, малак,

Оҳорланиб товланар фалак,

Юртимизга баҳор келганда.

Тоғда каклик сайрайди саҳар,

Ҳар дақиқа тўлишар баҳор.

Қувонгандан куйлайди Қаҳҳор

Юртимизга Наврўз келганди.

Қаҳҳор РАҲИМОВ,

Ўзбекистон халқ бахшиси