Маънавият 19.03.2019 108

НАВРЎЗ НЕГА БАЙРАМ ҚИЛИНАДИ?

Қадрият

НАВРЎЗ НЕГА БАЙРАМ ҚИЛИНАДИ?

Беруний шундай ёзади: "Наврўз ўтмиш замонларда қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, ҳайвонларда уйғониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган".

* * *

Наврўзнинг пайдо бўлиши ҳақида кўплаб афсоналар бўлиб, зардуштийликда эзгулик худоси Аҳурамазда баҳор ва ёзда, ёвузлик худоси Аҳриман куз ва қишда ҳукмронлик қилади, деб ишонилган. Баҳорнинг биринчи куни эзгулик худоси ёвузлик худоси устидан ғалаба қилган сана, деб байрам қилинган. Бу айнан Наврўз кунига тўғри келган.

* * *

Фирдавсий "Шоҳнома"да Нав-рўзнинг пайдо бўлишини шоҳ Жамшид номи билан боғлайди. Жамшид одамларга яхшилик қилиш мақсадида уларни касбга ўргатади, темирни эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб, кийим тўқитади, ҳаммом, уй, саройлар бунёд қилдиради, табиблик сирларини очади, кема ясатади, боғ барпо қилдиради. Ниҳоят, ишлари мева берган кунда ўзига тахт ясатиб, унда осонгина кўтарилади. Бу "Шоҳнома"да қуйидагича таърифланади:

Тахт кўкда чарх урар мисоли қуёш,

Фармондор ўтирар, Кунда ирғаб бош.

Барча жам, одамлар қарар тахтига,

Жаҳон қойил бўлиб шукуҳ-бахтига.

Жамшидга сочишар олтину гавҳар,

Шу кунни янги йил - байрам дейишар.

Йил боши Хурмузу эди фарвардин,

Дилда на ғам қолди, на адоват-кин.

Улуғлар шодлик-ла базм қурдилар,

Юзларин чолғуга, мойга бурдилар.

* * *

Х асрда яшаган Абу Бакр ан-Наршахий "Бухоро тарихи" асарида бухороликларнинг кўҳна удумлари ҳақида ҳикоя қиларкан, шундай ёзади: "Сиёвуш бу ерда (яъни Бухорода) ўзидан бир ёдгорлик қолдиришни истади. Шундай қилиб, у Бухоро ҳисорини бино қилди ва кўпроқ вақт ўша жойда турар эди. Кимлардир у билан Афросиёб ўртасида гап юргизди ва натижада Афросиёб уни ўлдирди ҳамда шу ҳисорда, шарқий дарвозадан кираверишдаги "Дарвозаи Қўриён" деб аталувчи сомонфурушлар дарвозасининг ичкарисига дафн этдилар. Шу сабабли Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутадилар ва унга атаб ҳар йили Наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўядилар".

* * *

Қадимги Хитой муаррихи Вэй Цзе самарқандликларнинг Наврўзи ҳақида шундай ёзган: "Ўша куни подшоҳ ҳам, халқ ҳам янги либосларини киядилар, соч-соқолларини олдирадилар. Шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги дарахтзор ёнидаги майдонда тўпланишиб, байрам қиладилар. Етти кун мобайнида моҳир тирандозлар от чоптириб, камондан нишонга ўқ отиш баҳсида қатнашадилар. Еттинчи кун нишон ўрнида олтин танга қўйилади ва уни бехато урган мерган бир кун шоҳлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади".

* * *

Манбаларга кўра, Наврўз байрамини ўтказиш аҳамонийлар давридан анъанага айланиб қолган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрам ҳисобланган. Умар Хайём "Наврўзнома" китобида ёзишича, Наврўз байрамини ўтказишнинг шоҳлар учун махсус тартиб-қоидаси бўлган. Уй-жойларни тозалаш, кўкат ва гуллар билан безаш, ота-она, яқин кишилар билан дийдорлашиб келиш, марҳумлар қабрларини зиёрат қилиш кабилар оддий халқ орасида ҳам одат тусига кирган.

* * *

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганини аниқ кўрсатиш қийин. Шуниси аниқки, Наврўз коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш юз бериши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жойда "йил боши" (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.

* * *

Мусиқада Наврўз атамаси ўн икки мақом тизимидаги овозлардан бирини англатиб, бир неча шўъба номининг таркибий қисми саналади. Масалан, ўн икки мақом тизимида Наврўзи ажам, Наврўзи apaб, Наврўзи  баётий, Наврўзи хоро, Наврўзи Сабо каби шўъбалар бўлган. Шашмақомнинг наср деб аталадиган шўъбалари қаторида Наврўзи Сабо, Наврўзи ажам ва Наврўзи хоро учрайди.

Ўзбекистон ҳудудида наврўз номли гуллар ҳам учрайди.

* * *

Хитойдан то Болқонга қадар чўзилган минтақада муайян халқлар, хусусан, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Озарбайжон, Баҳрайн, Ливан, Покистон, Ҳиндистон, Ўрта Осиё мамлакатлари, Туркия, Албания ва бошқа ердаги форс ва туркий миллатлар баҳорги тенгкунликни бир неча минг йилдан бери тантана билан кутиб олади.

Қозоқлар байрам арафасида биринчи бўлиб учиб келадиган қушни "наврўзкўк", дастлаб очиладиган гулни "наврўзчечак" деб номлашган. Қадимда қозоқларда Наврўз тантаналари 3-9 кунлаб давом этган. Ҳозир ҳам байрам кунлари "Олти бақан", "қиз қуу" мусобақалари ўтказиб келинади.

Туркманлар Наврўзни табиат қўйнида, хушманзара гўшаларда, қир-адирларда нишонлаб келган. Момолар тайёрлаган семени - сумалак, доғрама, пишме, палов сингари таомлар байрам дастурхонини безаган. От чопқи, яъни кўпкари, кураш мусобақалари ташкил этилган. Каттаю кичик "Қуш тепди" рақсига тушиб, хурсандчилик қилган. Дарахт шохларига осилган ҳалинчаклар хотиржамлик, фаровонлик, бахт-саодат тимсоли ҳисобланади.

Озарбайжонларда байрам тараддуди, у билан боғлиқ тадбирлар анча эрта бошланиб, қиш чилласи чиқиши билан "Хизр Наби" маросими ўтказилади. Наврўзга бир ой қолганда, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни гулхан ёқиб, унинг атрофида ўйин-кулги қилинган. Шу тариқа ҳар бир кишининг дард-аламлари, ташвишлари шу оловда ёниб кул бўлишига ишонилган. Байрам кунлари халқ қизиқчилари - "кал" ва "кўса"лар елкаларига хуржун осиб, томошалар кўрсатишган. Ошиқлар, яъни озар бахшилари даврада чордана қуриб, халқ достонларини созга солишади.

Умуман олганда, яшариш ва янгиланиш, меҳр-оқибат айёми, боқий байрам - Наврўз қачон ва қаерда бўлсин, моҳиятан фақат ва фақат эзгуликка хизмат қилади.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.