Қишлоқ хўжалиги 29.11.2018 144

Нидерландия қишлоқ хўжалиги: ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯ, СИФАТ ВА САМАРА УЙҒУНЛИГИ

Нидерландия қишлоқ хўжалиги:

ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯ, СИФАТ ВА САМАРА УЙҒУНЛИГИ

Биз Голландия деб аташга одатланган Нидерландия қироллигининг умумий майдони 41,5 минг квадрат километрни ташкил этади. Аҳолиси сони эса 17 миллион атрофида.

Ўзимиз билан қиёслаб кўрайлик: Нидерландия қироллиги ҳудуд жиҳатидан республикамиздан қарийб 11 маротаба кичик. Аҳолиси сони эса атиги икки баробарга кам. Бу ўз-ўзидан қироллик аҳолиси қанчалик зич яшашини ва ернинг ҳар қаричи жуда катта қийматга эга эканлигини англатади. Бироқ шунга қарамай, мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида ҳам, уни қайта ишлаш ва экспортга чиқариш бўйича ҳам нафақат бизни, балки дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларини ортда қолдирмоқда. Биргина рақамга эътибор қаратайлик: қироллик озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунё давлатлари ичида АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгалаб турибди. Хўш, улар бунга қандай эришмоқда? Қуйида Нидерландия қишлоқ хўжалигидаги энг илғор жиҳатлар ҳақида тўхталамиз.

Ҳар бир фермер - инноватор бўлиши шарт

Голландлар "мамлакатимиз кичик бўлса-да, унинг ҳар бир квадрат метри юқори инновацион сифатга эга", дея фахр билан сўзлашади. Бундай фахрланишга тўла асос бор. Чунки, қиролликда одатий ва шунчаки экин экиладиган ерни умуман учратмайсиз. Ҳар қарич экин майдони ҳисоб-китобли ва у ерда, албатта, маҳсулот етиштиришнинг юқори самара берувчи технологиялари жорий этилган.

Мамлакатда қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлаш ҳам юқори даражада йўлга қўйилган. Мисол учун дунёнинг энг яхши университетлари юзталигига киритилган. Вагенинген университети халқаро миқёсда қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлайди. Хусусан, унда дунёнинг 100 давлатидан ўн мингга яқин талабалар билим олади, инновацион ишланма ва дастурлар амалга оширилади. Ушбу олий даргоҳ ҳукумат, хусусий компаниялар, таълим муассасаларининг ўзига хос платформаси ҳисобланади.

Илмий ҳамжамият ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорлик самарасида мамлакат қишлоқ хўжалигида юқори технологияларни жорий этиш кўрсаткичи йил сайин юксалиб бормоқда. Хусусан, ана шундай инновацион ишланмалар ҳисобига сувга бўлган қарамлик 90 фоизга қадар қисқартирилди. Иссиқхона иқтисодиётида кимёвий воситалардан  фойдаланиш деярли тўхтади. Чорвачилик ва паррандачиликда антибиотиклардан фойдаланиш эса 60 фоизга қисқарди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Нидерландияда қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерларнинг 27 фоизи ҳайдаладиган, 32 фоизи яйловлар ва 9 фоизи ўрмон майдонлари ҳиссасига тўғри келади. Ҳайдаладиган, яъни деҳқончилик қилинадиган ерларнинг асосий қисмини иссиқхоналар эгаллаган. Мамлакатдаги машҳур фермер хўжаликларидан бири - "Duijvestijn Tomaten" иссиқхоналарида помидор иссиқлик изоляцион базальт толалаларида ўстирилади. Субъект 15 турдаги помидор ишлаб чиқаради, тизим бутунлай автоном ва мустақил: электр таъминоти ва ўғитлар, қадоқлаш материаллари ўзиники. Худди шундай, барча фермер хўжаликларига сув, ўғит ва зараркунандаларга қарши воситаларни етказиб бериш, йилнинг барча фаслида бир хил ҳарорат ва намликни сақлаш - буларнинг барчаси автоматлаштирилган.

Ҳатто, фермер хўжаликларига тегишли яйловлар ҳам компьютерлаштирилган дастурлар асосида назорат қилинади ва чорва моллари қачонки бир яйловдаги ўтни тўлиқ еб тугатгандан сўнггина иккинчи яйловга ўтиши мумкин.

Куч, маблағ ва вақтни беҳуда сарфламаслик керак

Нидерландияда деҳқончилик ерлари ва сув ресурслари энг тежамкор, шу билан бирга энг кўп даромад келтириши мумкин бўлган маҳсулотларнигина етиштиришга йўналтирилади. Яъни, бирор экинни экишдан аввал, албатта, унга кетадиган сарф-харажат ҳисоб-китоб қилинади ва иқлимга мослиги ўрганилади ҳамда юқори даромад олиш мумкин бўлган маҳсулотларгина серунум ерларда етиштирилади.

Мисол учун, чорва озуқаси экишга катта ер майдони зарур. Ваҳоланки, фермер бу ерда экспорт учун тонналаб картошка, помидор ёки миллионлаб дона гул етиштириши мумкин. Бу эса чорвадан кўра юз баробар кўпроқ фойда келтиради. Қолаверса, моллар озуқасини қўшни давлатлардан унумсиз ерларни арзон нархда ижарага олиб, ўша ерда етиштириш ёки бошқа мамлакатлардан импорт қилиш ҳам мумкин. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий таҳлилларни мукаммал олиб борадиган нидерландияликлар асосан ана шу усулдан фойдаланади.

Қолаверса, қиролликда қишлоқ хўжалиги экинларини экишнинг белгиланган тартиб ва меъёрлари жорий этилган.  Мисол учун картошкани бир майдонда 4 йилда бир марта, қанд лавлагини эса 3 йилда бир мартадан кўп экиш қонун билан тақиқланган. Бу тупроқнинг касалланиши ҳамда ҳосилдорлик пасайиб кетиши олдини олади.

Мева-сабзавотлари харидоргир

Нидерландиялик тадбиркорлар ўзлари етиштириган мева ва сабзавотларни экспорт қилиш борасида ҳам жуда катта тажриба тўплашган. Улар бошқалар учун энг мақбул бўлган маҳсулотни тақдим этишади.

Мисол учун, аксарият давлатлар истеъмолчилари экологик тоза ва кимёвий ўғитларсиз етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишни маъқул кўради. Шу боис, голланд мутахассислари мева-сабзавот экинларининг нав ва генини яхшилаш билан бир қаторда, уларни кимёвий ўғитларсиз етиштиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бу эса янада фойдали бўлаяпти. Масалан, кимёвий ўғитлар ёрдамида 0,01 гектар ердан 1 тонна помидор олиб, уни арзон нархда сотгандан кўра, фақат маҳаллий ўғитлар ёрдамида 800 килограмм ҳосил олиб, қиммат нархда экспорт қилиш кўпроқ даромад келтиради. Қолаверса, бу жиҳат бошқа давлатларнинг Нидерландияда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан ишончини ошириб, мамлакатнинг экспортдаги обрўйи янада юксалишига хизмат қилаяпти.

 Айни пайтда қиролликда энг кўп етиштириладиган маҳсулот картошка ҳисобланади. 0,01 гектар ердан  ўртача 700 килограмм ҳосил олинади ва дунёнинг 70 мамлакатига экспорт қилинади. Иккинчи ўринда қанд лавлаги турса, брюссель карами, бодринг ва помидор, пиёз, канакунжут, рапс ва цикорий ҳам етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Нидерландияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати юқори даражада ривожланган. Етиштирилган маҳсулот асосан, мамлакат ичкарисидаги корхоналарда қайта ишланиб, экспортга чиқарилади.

"Гуллар мамлакати"даги гулчилик

Гулчилик Нидерландия қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Бу давлат дунёнинг деярли барча мамлакатларига экспорт қилинадиган гуллари билан ҳам машҳур.

Қиролликда ўстириладиган гуллар ичида Голланд лоласи ўзгача машҳур.  Биргина Кёкенхофда ҳар йили 7 миллион дона лола пиёзбошчаси экилади. Ундан ташқари, мамлакатда етиштириладиган  наргис, лилия, гиацинт, гладиолус гулларининг ҳам бозори чаққон.

Гуллар экспортга  мамлакатдаги 16 та  улгуржи аукционлар орқали сотилади. Айни пайтда Нидерландия дунё миқёсидаги гуллар экспортида 65 фоиз улушга эга. Бу, ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётига салмоқли улуш келтиради.

Сигир 5 минг 600 литр сут беришга мажбур

Бугунги кунда Нидерландия гўшт ва сут етиштиришда ҳам  дунёнинг энг гигант мамлакатлари қаторига чиқиб олди. Бир бош молдан кўп маҳсулот олиш бўйича эса мутлақо етакчига айланган.

Мисол учун, мамлакат бўйича 1 гектар яйлов ҳисобига йилига 9,5 минг литр сут олинар экан. Бу кўрсаткич бошқа бирорта давлатда қайд этилгани йўқ. Бундай самарадорликка энг аввало молларнинг наслини яхшилаш, тизимга инновацион технологияларни кенг жорий этиш орқали эришилмоқда.

Хусусан, мамлакатдаги ҳар бир чорва ўз паспортига эга. Улар ҳақидаги барча маълумотлар махсус тизимга киритилган. Исталган киши интернет орқали мамлакатдаги фермер хўжаликларида боқилаётган ҳар бир мол ҳақида ўзини қизиқтирган маълумотни олиши мумкин. Шунингдек, фермер хўжаликларидаги қорамоллар соғлиғи, озуқа таркиби компьютерлаштирилган дастурлар асосида назорат қилиб борилади.

Ана шундай эътибор ва илғор технологиялар натижасида, бир сигирдан йил давомида 9 минг литрдан 20 минг литргача сут олинмоқда. Агар маҳсулдорлиги 5 минг 600 литрдан камайиб кетса, сигир гўштга топширилади. 

Ҳар бир фермер хўжалигида соғилган сутни камида 3 кун сақлаш имконини берадиган музлаткичлар мавжуд. Олинган сут мамлакатнинг ўзидаги корхоналарда қайта ишланиб, ундан жуда кўп турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва экспортга чиқарилади. Биргина пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича Нидерландия дунёда 4-ўринни эгаллайди. Ҳар йили мамлакатга сут маҳсулотлари экспортидан камида 5 миллиард евро фойда келади.

Ўрганса арзийдиган тажриба

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги  бундай ютуқлар бошқа давлатлар мутахассисларини Нидерландия тажрибасини ўрганишга ундамоқда. Бу эса қиролликка яна бир соҳа - қишлоқ хўжалиги учун халқаро миқёсдаги кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш имконини бераяпти. Айни пайтда мамлакатда бу тизим ҳам жуда яхши йўлга қўйиб олинган.

Бугунга келиб, кадрларни амалий тайёрлаш, аниқ инновацион деҳқончилик ва чорвачиликни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва автоматлаштириш каби дастурлар реализацияси ва амалий ёрдам бериш дастурлари ҳам мамлакатга жуда катта иқтисодий фойда келтирмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ тайёрлади.