Жамият 11.01.2019 74

"НУРЛАР ТЎШАБ БОРАР ҚУЁШ ИЗИГА..."

Жудолик

"НУРЛАР ТЎШАБ БОРАР ҚУЁШ ИЗИГА..."

Ўтаётган ҳафта аввалида тарқалган нохуш хабар ижтимоий тармоқларни ларзага солди. Ўзининг соҳир шеърияти билан миллионлаб мухлислари қалбини забт эта олган, нуфузли сайтлар эътироф этганидек: "фейсбук"да ўзбекларни бирлаштирган" чироқчилик ёш шоира Бахтинисо Маҳмудова оламдан ўтди.

 У ўзи туғилиб ўсган Олмазор қишлоғидаги "Қирққиз она" қабристонига дафн этилди.

Бахтинисо Маҳмудова 1993 йилда туғилган. У Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эшқобил Шукур сингари улуғ шоирлар томонидан ўзбек шеъриятида порлаётган иқтидорли  шоира сифатида таърифланган. "Юрт келажаги", "Юксак маънавиятли авлод", "Йилнинг энг фаол маънавият  тарғиботчиси" кўрик-танловлари ғолиби бўлган эди.

- Бахтинисо бутун шоир бўлиб бизнинг сафимизга қўшилган эди, - дейди Ўзбекистон халқ  шоири Усмон Азим. - У ҳеч кимга ўхшамас эди, унинг шеърлари ҳеч кимникига ўхшамас эди. Мен унинг чоп этилаётган янги китобига сўзбоши ёзгандим, "Бахтинисо шеъриятимиз осмонида бир порлоқ юлдуз бўлади", деб қўйган эдим. Энди қандай қилиб сўзбошини бошқатдан ёзаман? Қандай қилиб "эди" дейман...

- Бахтинисо бирор марта бировни ёмонламади, бирор марта бировдан ёзғирмади, бирор марта бирор нимадан нолимади, - дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Нодир Жонузоқ. - Бахтинисо озгина яшади, оғриқлар ичида кечган қисқагина умрида ўз тенгдошларига ҳам, ўзидан катталарга ҳам, ҳатто устозларига ҳам қандай яшашни ўргатиб кетди. У ҳаётни севди, яшашни истади, афсус умри қисқа экан... Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи унинг алоҳида икки китобини нашрга тайёрлаётган эди. Энди мана шу китобларни яхлит бир тўплам тарзида нашрдан чиқариш тараддудидамиз.

Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида шоирага бағишланган ўнлаб марсиялар эълон қилинди. Эшқобил Шукур: "Ой юзингда табассумлар ойдай балқарди, Сен сўзласанг, муз юраклар, тошлар қалқарди", - деб ёзди. Нодир Жонузоқ:  "Эй, Худонинг маъсум ошиғи, Ҳақ қошига бординг югуриб!", Зуҳриддин Каримов:  "Сенсиз гуллар энди уялмайдими? Баҳорлар қайтади қайси юз билан?", - дея битди...

Шоиранинг ўзи эса "Ватан" шеърида шундай сатрларни битган эди:

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?

Нурлар тўшаб борар қуёш изига.

Қанийди, кўнглимдан ўтган Ватаннинг

Ватан бўла олсам битта ҳисига!

Йигирма беш ёшида дунё билан видолашган беназир шоира Бахтинисо Маҳмудова "кўнглидан ўтган" Ватанига улкан хизматлар қилиб кетди. Илоҳим, охирати обод бўлсин!

Нуриддин ЭГАМОВ