Жараён 20.09.2019 235

"ОҚСУВ-ДЕҲҚОНОБОД" СУВ ҚУВУРИ ОРҚАЛИ

Бунёдкорлик

"ОҚСУВ-ДЕҲҚОНОБОД" СУВ ҚУВУРИ ОРҚАЛИ

туманнинг 75 фоиз ҳудудига оби ҳаёт етиб боради

"Оқсув-Деҳқонобод" магистраль сув қувури қурилиши мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Деҳқонобод туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи энг катта муаммолардан биридир. Айни пайтда туман аҳолисининг атиги 2 фоизигина марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, қолган 98 фоиз аҳоли эса оби ҳаётни  турли манбалардан олади. Истеъмол учун яроқсиз сувни ишлатишга мажбур бўлаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас.

"Оқсув-Деҳқонобод" лойиҳаси эса туманнинг тоғли Оқсув ҳудудидан олинадиган ер ости сувини аҳолига етказиб беришни назарда тутади. Бу жуда мураккаб иш бўлиб, содда тил билан айтганда, аввал ер остидан олинган сув асосий иншоотга қўйилади, кейин эса магистраль қувурга узатилади. Сув тепаликдан тушиб келгани боис уни ҳайдаш учун ҳеч қандай ортиқча воситалар талаб этилмайди, табиий босим натижасида барча ҳудудларга бирдек етиб боради.

- Лойиҳага кўра, узунлиги 77 километр, диаметри эса 273 миллиметрдан 530 миллиметргача бўлган магистраль сув қувури тортиш ҳамда бир кеча-кундузда 10 минг 800 куб метр ҳажмда сув йиғадиган "Оқсув" иншоотини барпо этиш режалаштирилган, - дейди вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси раҳбари Шавкат Муродов. - Шунингдек, қишлоқ аҳоли пунктларида 183 километрлик қувурлар монтаж қилиниши, 310 километрлик сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, магистраль сув тармоғидан келаётган ичимлик сувини қишлоқ ва маҳаллаларга тақсимлаб беришга мослаштирилган 16 та сув тақсимлаш иншооти ва иккита 500 куб метр ҳажмдаги сув сақлаш ҳовузи барпо этилади.

Айни пайтда объектда темир қувурларни ётқизиш, монтаж ва изоляция қилиш ишлари жадал давом эттирилаяпти. Қурилиш ишларида бош пудратчи "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли махсус механизациялаш йўл станцияси ва яна олтита  пудратчи ташкилот иштирок этмоқда. 60 нафардан ортиқ киши, 50 дан зиёд махсус техника жалб этилган.

- Корхонамиз жамоаси ҳам мана шу йирик лойиҳани амалга оширишда қатнашмоқда, - дейди "Насаф темир йўл комплекс монтаж" масъулияти чекланган жамияти ишчиси Соҳибназар Абдухолиқов.  - Албатта, бу ер тоғли ҳудуд бўлгани учун ҳам қурилиш ишлари анча қийин кечмоқда. Юқори сифатли темир қувурлар Россиядан олиб келинаяпти. Улар махсус мосламалар ёрдамида икки қават қилиб изоляцияланиб, сўнг пайванд қилинади. Менинг ишим ҳам темир қувурларни изоляциялашдан иборат. Бу уларнинг чидамлилигини ошириб, узоқ вақт хизмат қилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ишни эътибор билан бажаришимиз талаб этилади.

Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, Деҳқонобод туманининг 75 фоиз ҳудуди ёки, бошқача айтганда, 117 та қишлоқда яшовчи 104 мингга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини беради.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.