Жамият 08.02.2019 123

ОҒЗАКИ БУЙРУҚ ҚОНУНДАН УСТУН БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Фармон ва ижро

ОҒЗАКИ БУЙРУҚ ҚОНУНДАН УСТУН БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Ҳуқуқий маданият даражаси давлат ва жамиятдаги тараққиёт, халқ салоҳияти ва маънавиятининг қай даражада бўлишига боғлиқ. Содда айтганда, қонунлар борлиги ва уни бузганлик учун жавобгарликдан қўрқиб эмас, уларнинг ўзи ва жамият учун муҳимлигини тушуниб, англаб ва ҳурмат қилиб бузмаслик - ҳуқуқий маданиятдир. Ҳуқуқий онг - шахс ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги оқибати, қайси қонунни бузса, қандай жавобгарлик келиб чиқишини англаши, ҳис қилиши ва шунга қараб иш тутишидир. Энг асосийси, жамият аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий онги юқори бўлиши мамлакат тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги қарори билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури қабул қилинган эди. Дастурда мамлакатимиз ривожланиши, ислоҳотлар муваффақияти халқнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқлиги эътироф этилган, қабул қилинаётган ҳужжатлар Конституция ва қонунларга мос бўлиши ҳамда қонунларга риоя этилишини таъминлаш шартлиги таъкидланган, мансабдорлар ва давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим вазифа қилиб қўйилган эди.

Эътиборлиси, ушбу долзарб масала орадан йигирма йилдан ошиқ вақт ўтиб яна кун тартибига олиб чиқилди. Қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш эканлиги такроран эътироф этилди. Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси   Президентининг 2019 йил 9 январдаги "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, 1997 йилги дастурда белгиланган вазифалар нима учун амалга ошмади? Ўтган йиллар мобайнида қандай хатоларга йўл қўйдик? Фуқароларимизни ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти пастликда айблаш инсофдан бўлармикан? Муаммонинг ҳақиқий илдизи қаерда?

Назаримизда 1997 йилги дастурда белгиланган мақсадлар амалга ошмаслигига қуйидаги омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, Конституция ва қонунларнинг ижроси, барқарорлиги, қонуности ҳужжатлари ва айрим давлат идораларининг йиғилиш баёнлари ҳатто оғзаки буйруқлардан устуворлигини таъминлай олмадик. Иккинчидан, давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари қонунларга амал қилишда фуқароларга ўрнак бўлолмади. Айрим машҳур, "ҳурматли" шахслар ва мансабдорлар, собиқ қонун устуворлигини таъминлашнинг бошида турганлар қонунларга умуман риоя қилмаслиги, бойлик тўплаш илинжида яшаётгани, коррупция, бюрократияни аҳоли доим кўриб, эшитиб ва ҳис қилиб турди.

Ушбу ҳолатда фуқаролар қандай йўл тутади? Албатта, ҳуқуқий нигилизм, яъни амалдаги ҳуқуқ нормаларига ишонмаслик, менсимаслик ва инкор этиш умумий тус олади. Бундай иллатларнинг ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганлиги ҳақида бугун ошкора айтилмоқда.

Нима қилиш керак? Камчиликларимиз, муаммолар ва уларни бартараф этишдаги аниқ вазифалар давлат раҳбарининг фармони ҳамда унга илова қилинган жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ва уни 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"да белгилаб берилди.

Мазкур фармоннинг 1997 йилги дастурдан фарқи нимада? Дастурдан фарқли равишда фармонда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўналишлари, аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилди. Шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғоясига катта эътибор қаратилди.

Бинобарин, Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, меҳнатига яраша иш ҳақи олиш, ишсизликдан ҳимояланиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Давлат фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши, фуқаро эса Конституция ва қонунларга риоя этиши керак. Бир сўз билан айтганда, қарс икки қўлдан чиқади.

Танлаган касбида ишлаб, оиласининг моддий таъминоти учун етарли иш ҳақи олаётган фуқаро билан доимий иш жойи, ҳеч бир даромади йўқ фуқаронинг қонунларга риоя этиш борасидаги ҳуқуқий маданияти турлича бўлади. Доимий иш жойи, ўртача яшаши учун етарли иш ҳақи ва ҳатто уй-жойи йўқ одамдан ҳуқуқий маданиятли бўлишни талаб қилиш қийин кечади. Юртимизда бу каби муаммоларни ҳал этиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозим, иш жойи бор, етарли иш ҳақи олаётган ва тадбиркорлик орқали катта даромад қилаётганлар, айниқса, давлат хизматчиларининг қонунларга риоя қилмасликка, солиқларни тўламасликка, юрт учун фидойи бўлмасликка нима ҳаққи бор? Назаримизда шахс ва давлат манфаатлари ўртасидаги мувозанатни ана шу ерда сақлай олиш керак.

Фармонда фуқароларимиз онгида "Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш - демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!" деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш белгиланди. Муҳим ва зарур ғоя. Бу ғоя ўткинчи шиорлардан бирига айланиб қолмаслиги ва қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш эса қуйидаги омилларга боғлиқ. Биринчидан, қонунлар миллий қадриятларимизга асосланган, тараққий этган давлатлар тажрибасига таянилган ҳолда қабул қилиниши керак. Иккинчидан,  ишонч ва ҳурмат бўлиши учун қонунлар барқарор ҳамда қонуности ҳужжатларидан устувор бўлиши лозим. Бу каби камчиликларга йўл қўймаслик йўллари фармонга илова қилинган концепция ва "Йўл харитаси"да кўрсатиб берилган.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш "шахс-оила-маҳалла-таълим муассасаси-ташкилот-жамият" принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгиланди. Биламизки, дастлабки ҳуқуқий маданият шаклланишига оила, боғча, мактаб ва маҳалладаги муҳит катта таъсир кўрсатади. Шу сабабли ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимизнинг миллий қадриятлари, муқаддас динимиз ва халқу давлатимиз тарихини ўргатиш билан уйғун олиб боришга эътибор қаратилмоқда. Ёшлар онгига ҳуқуқлари билан бирга бошқа инсонларни, оила, жамият ва давлат олдидаги бурчларни сингдириш ҳамда уларни ҳаётда бўлаётган воқеаларни таққослаш, эркин ва ҳур фикрни айта олишга ҳам ўргатиш керак. Онгли ва ҳуқуқини яхши билганларгина бурчини ҳис этади.

Амалиётда фуқароларнинг битта масала бўйича кўплаб давлат идораларига мурожаат қилишлари кўп учрайди. Аҳолига энг аввало ҳар кунлик ҳаётимиз ва тақдиримизга дахл қилувчи ҳуқуқларини қаерда, қайси идорада, қайси давлат хизматчиси билан ва қандай ҳал қилишни ўргатишимиз керак. Аҳолининг қонун ҳужжатларидан хабардорлигини ўз вақтида таъминлаб бориш ҳуқуқий онг юксалиши ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу борада оммавий ахборот воситалари ролини ошириш, кўпчилик учун тушунарли, оддий ва содда тилда ифодаланган ҳуқуқий мавзудаги мақолаларни кўпроқ чоп этиш лозим.

Фармон ижросини таъминлаш борасида Олий Мажлис палаталарига тавсиялар, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат идораларига бир қатор топшириқлар берилган. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга оид ўқув материаллари ҳамда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш, ҳуқуқий ахборот тизимини ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, "Ҳуқуқий ахборот куни"ни жорий этиш, ҳуқуқий-маърифий тадбирларни амалга оширишга қаратилган маблағларни маҳаллий бюджетларда назарда тутиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Мақсад - қонун устувор давлат қуриш. Зеро, илмли, қонун устуворлигини таъминлаган, эркин, озод ва ҳур фикрли улусгина инсонпарвар ҳуқуқий демократик давлат қуришга қодир. Давлат хизматчилари, шу жумладан, ҳокимият, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари эса давлат раҳбари фармони ижроси учун масъулдир.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари