Жараён 30.11.2018 147

"Обод маҳалла" дастури: ТАЪМИРНИ АҲОЛИНИНГ ЎЗИ ҚИЛСАЮ, ДАСТУР БАЖАРИЛГАНГА ЎТСА?!

Қарор ва ижро

"Обод маҳалла" дастури:

ТАЪМИРНИ АҲОЛИНИНГ ЎЗИ ҚИЛСАЮ, ДАСТУР БАЖАРИЛГАНГА ЎТСА?!

"Обод маҳалла" дастури доирасида Қарши шаҳридаги Шайхали қўрғонида маиший хизмат ва сервис шохобчалари, қулай ва арзон дорихона, болалар майдончаси ҳамда кичик истироҳат боғини ўз ичига олган маҳалла маркази, савдо мажмуаси, тикувчилик цехи, пойабзал ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, ҳунармандчилик устахоналари барпо этилиши кўзда тутилган. Ўз навбатида коммуникация тармоқларини янгилаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва чиқариш, ички йўлларни яхшилаш, ичимлик суви, табиий газ, канализация ва электр таъминоти тармоқларида қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган.

Шайхали аҳолиси бошда ўз маҳалласи дастурга кирганидан боши кўкка етган бўлса, уларнинг бугунги эътирозлари ҳам оз эмас. Чунки дастурда белгиланган вазифалар ижроси ўлда-жўлда.

Масалан, 38-мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилишга 1 миллиард 800 миллион сўм ҳамда 17- ва 18-мактабларнинг ҳар бирига 350 миллион сўмдан маблағ ажратилган бўлишига қарамай, 1991 йилда қурилган 17-мактабнинг айни пайтдаги ҳолати ҳеч бир ободликдан дарак бермайди. Эшик-дераза ромлари, деворлар, ёритиш тизимлари, пол таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Қиш бошланди ҳамки, ёрилиб кетган иситиш қувурлари яроқсиз ётибди.

Йиғин раиси Исмат Поёновнинг айтишича, мактабгача таълим муассасасидаги аҳвол ҳам ночор бўлгани сабаб болалар Қарши шаҳри маркази ва Косондаги боғчаларга қатнашга мажбур.

Дастур ижроси ҳақидаги ҳисоботларга Шайхали шаҳарчасидаги 5 та кўп қаватли уйнинг томи, 12 уйнинг фасади, тротуарлар таъмирлангани, "Шайхали" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 14-, 15-, 16- ва 17-сонли кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмидаги канализация қувурлари таъмирланиб, уйлар олдидаги қудуқлар тозалангани тиркалган. Шу ўринда бир савол туғилади: ширкат аъзолари ушбу уйларда яшаётган аҳолидан йиғиб олаётган пулни қайси мақсадлар йўлида сарф этган? Агар улар мақсадли йўналтирилган бўлса, шунча муаммо қаердан бодраб чиқди ва уларни алоҳида дастурга киритишга қандай эҳтиёж туғилди?

Маҳалла аҳлини қийнаб келаётган ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш бўйича эса ишлар энди бошланган, ваҳоланки, дастурда кўзда тутилган вазифалар 31 декабргача бажарилиши керак. Электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳам шу аҳвол. Маҳалла одамларининг маълум қилишича, бу бўйича шаҳар электр тармоқлари корхонасига бир неча бор мурожаат қилинганига қарамасдан (ҳолбуки бунинг учун алоҳида дастур қабул қилинган!) фақат битта трансформатор ўрнатилиб, қолгани "эрта-индин"дан нарига ўтмаяпти.

Маҳаллага кираверишдаги ўйдим-чуқур йўллар эса кўпчиликка таниш. Бир неча кун аввал ёққан ёмғир бу йўлларни каттагина кўлмакка айлантирганки, аҳвол яқин-ўртада ўнгланадиганга ўхшамайди.

Дастурда таъмирга муҳтож 977 та якка тартибдаги уй-жойни, 18 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар хонадонларини таъмирлаш белгиланган. Бироқ бу ишларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан бажармоқда. Фақат 2 та кам таъминланган оила хонадонлари ҳомийлар ёрдами билан таъмирлаб берилган.

Мисол учун, Н.Файзиева маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида туради. Турмуш ўртоғи бир неча йил илгари Россияга чиқиб кетганича бола-чақасининг ҳолидан бирор марта бўлсин, хабар олмаган. Ўз-ўзидан аёл боши билан тўкилиб бораётган уйни "ремонт" қилишга кучи етмаган. "Обод маҳалла" дастури асосида унинг уйини таъмирлаб беришларини эшитиб бошда бир хижолат тортган бўлса, халқимизнинг қийналганга ёрдам қўлини чўзадиган одатидан келиб чиқиб, кўнглининг бир чеккасида мамнунлик туйгани ҳам рост.

Бироқ вақт ўтаётган бўлса-да, на уй таъмирланган, на бу билан биров қизиққан. Маълум бўлишича, мутасаддилар унинг хориждаги эри билан боғланиб, ундан маблағ сўрашган ва пулни олиб, уйнинг томини ёпиб беришган.

Қандай ҳолатда бўлсин, бир хонадоннинг обод бўлгани яхши, бироқ нега шу ҳақда аввалроқ ўйлаб кўрилмади? Эрни инсофга чақириш чоралари кўрилмади? Эрдан умид бор экан, таъмирни дастурга киритишдан нима мантиқ?

Маҳалланинг обод бўлиб кетмаётганидан одамларнинг куйингани бир томону, ҳисоботларга киритилган маълумотлар бир томон. Шаҳар ҳокимлигининг "Обод маҳалла" дастури доирасида Шайхалида бажарилган ишлар бўйича ҳисоботларида ичимлик суви қувурлари ётқизиш 90 фоизга, электр таъминотини яхшилаш 100 фоизга, газ таъминотини яхшилаш, мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш 60 фоизга бажарилган, деб кўрсатилганидан ажабланмай бўлмайди. Маҳалладаги муаммолар кўрга ҳассадай қалашиб ётибдию, ҳокимликдагилар кимнинг кўзига чўп суқмоқчи, ҳайрон қоласан киши.

Халқни рози қилиш эзгу муддаомиз экан, ҳар биримиз зиммамизга олган масъулиятни ҳис этишимиз, бурчимизни оқлашимиз керак эмасми? Йўқ нарсани бор дейиш, хаспўшлаш, кўз бўяшдан нима наф? Ахир ҳаммасини халқ кўриб турибди...

Шоҳиста БОЗОРОВА