Сўнгги янгиликлар 01.08.2019 148

ОДАМ САВДОСИДАН ЖАБРЛАНГАНЛАРНИНГ 80 ФОИЗИНИ АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ТАШКИЛ ЭТАДИ

Акция

160 дан ортиқ давлат одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳамкорликка қўшилганига қарамай ҳар йили дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ инсон бу иллат ортидан жабр кўрмоқда. Уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади. Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида  30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан "Биргаликда одам савдосига қарши курашамиз!" шиори остида бўлиб ўтган акцияда шу ҳақда айтиб ўтилди.

Тадбир вилоят хокимлиги, "Юксалиш" ахборот-маслахат ресурс маркази, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлими, ички ишлар ва маданият бошқармалари, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда аҳолининг, айниқса, хотин-қизларнинг одам савдоси қурбонига айланишларининг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жабрланганларнинг Ватанга қайтишларига ҳамда жамиятда қайта тикланиб, мослашишларига кўмаклашиш, уларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий психологик ёрдам кўрсатиш бўйича галдаги вазифалар айтиб ўтилди.

Иштирокчиларга одам савдоси муаммоси, чет элларга чиқиш ва ўзга давлатларда бўлиш қоидалари, у ерларда норасмий ва ноқонуний ишлашнинг оқибатлари, ушбу жиноятдан жабрланганлар учун йўналтирилган ахборотни ўзида мужассам этган буклетлар тақдим этилди.

Шунингдек, расмлар кўргазмаси, Қарши шаҳридаги мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида расм чизиш бўйича кўрик-танлов ҳам бўлиб ўтди. Ғолиблар ва иштирокчиларга китоблар тўплами совға қилинди.

Акция давомида санъаткорлар, ижодий жамоалар огоҳликка чорловчи қўшиқ ва рақслари билан иштирок этди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.