Жамият 27.08.2019 161

ОДАМЛАР САЙЁР ҚАБУЛЛАР САМАРАСИНИ СЕЗАЯПТИМИ?

Халқ билан мулоқот

Нима деб ўйлайсиз, халқ ва ҳокимият ўртасида девор ўрнатилгани яхшими ё кўприк? Албатта, кўприк бўлгани ҳар икки томонга манфаатли. Сир эмас, узоқ йиллар халқ ва ҳокимиятни улкан деворлар ажратиб турди. Одамлар ҳоким ё каттароқ мансабдаги кишиларни деярли кўрмас, кўрганда ҳам унинг яқинига йўлай олмас, бордию, ўзига ярашароқ тадбирга катталар қадам ранжида қиладиган бўлса, буткул асъасаю дабдаба билан кутиб олинар, тадбир ҳам шунга яраша сунъий, ҳеч нени ўзгартирмайдиган руҳда ўтарди.

Оқибатда нимага эришилди? Натижа шу бўлдики, юзма-юз бўлолмагандан кейин халқ ўз муаммосини кимга айтишни билмади, ҳокимият вакиллари эса муаммоларни кўрмади, кўрса, кўрмасликка олди. Бундай узилиш сабаб муаммолар маддалаб, давлат ва жамият олдида бирданига "даволаш" мушкул оғриқли масалалар қалқиб чиқди. Ички ишлар бўлими бошлиғи фермерларни кишанлаб, автобусга қамаб қўйишию, деҳқоннинг уйига келиб, унинг оила аъзоларига зуғум кўрсатиши, ҳоким ўринбосари бульдозер ҳайдаб, туппа-тузук иморатни бузиб ташлашга уриниши ва ҳоказолар, ўша, халқ билан узилишнинг, унинг дарду ташвишлари билан ҳисоблашмасликнинг бугун ҳам сақланиб қолган сарқитлари, десак хато бўлмайди.

Шу маънода турли даражадаги раҳбарларнинг олис ва чекка ҳудудларга-да бориб, одамлар билан мулоқотга киришаётганини узилган ришталарни тиклашга уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Воқелик шуни кўрсатдики, кўзланган мақсадга, расмий айтганда, ислоҳотлар самарадорлигига халқ билан бамаслаҳат иш тутмай, ҳисоблашмай, кенгашмай, ҳолинг не деб сўрамай, эришиб бўлмас экан.

Мулоқот шакллари бугун шахсий, виртуал, сайёр ва  оммавий қабуллар кўринишида давом этмоқдаки, барида кишиларни қийнаётган масалалар ечим топиб, жойлардаги асл вазият яққол намоён бўлаётир. Буни биргина ўтган ҳафта давомида вилоят ҳокимининг бир неча туманда ўтказган сайёр қабуллари мисолида кўриш мумкин.

Тафсилотларга тўхталсак. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Чироқчи туманидаги Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўларкан, дастлаб 55 нафар боқувчисини йўқотган етим болага мактаб формалари, қишки кийим-бош ва ўқув қуроллари совға қилди. Қишлоқ аҳолиси билан суҳбатдан сўнг Кўкдала ҳудудий шифохонаси ва унинг қошидаги 4-поликлиникада яратилган шароитлар бориб кўрилди.

Шу кунга қадар Кўкдаладаги 101 минг кишига хизмат кўрсатиб келган шифо маскани ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган ва таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Инвестиция дастури асосида 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига капитал реконструкция қилинган масканда канализация тизими янгиланиб, доимий сув билан таъминланди, қўшимча хизмат бинолари қурилди. Эндиликда кўплаб енгил жарроҳлик амалиётлари шу ернинг ўзида ўтказилаётганидан одамлар мамнун.

Вилоят ва туман мутасадди раҳбарлари Олтинбошоқ маҳалласидаги 112-мактабда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳам кўздан кечирди.

Мактаб 240 ўринга мўлжалланган, бироқ шу кунгача бу ерда 800 дан ошиқ ўқувчи таълим олиб келган. Кўриниб турибдики, дарсларни 3-4 сменада ўтишдан бошқа имкон бўлмаган. Мактаб ёнида бунёд этилган 420 ўринли замонавий бино эса ушбу   муаммони бир қадар аритади.

Мулоқот уйма-уй юриб, кишиларнинг яшаш шароитлари, оилавий аҳволи билан танишиш орқали давом этди.

- Деҳқончиликда Чироқчи тажрибасини бошлаб берган кўкдалалик миришкорлар бу йил ҳам эртачи тарвуз-қовундан ташқари бодринг, булғор қалампири ва бошқа сабзавот маҳсулотларини бозорларга биринчилардан бўлиб олиб чиқишди, - деди вилоят ҳокими. - Бугун кексаларнинг мурожаати асосида ажратилган 300 миллион сўм маблағ ҳудуднинг ички йўлларини таъмирлаш ва мактаб ўқувчиларига қулайлик яратиш мақсадида пиёдалар йўлакларини қуриш ишларига сарфланади.

Шуни ҳам айтиш жоиз, ҳудуднинг ташқи ва ички  серқатнов йўлларини таъмирлашга ўтган йили ҳам 700 миллион сўм ажратилган эди.

Олтиндалалик Ҳуррият Шукурова 6 фарзанднинг онаси. Фарзандлар ёш, эгизаклари ҳали чақалоқ. Турмуш ўртоғи эса жигар хасталиги билан оғриб, 8 марта даволаниб чиққан. Ўз-ўзидан рўзғорни тебратишда анчагина қийинчиликлар пайдо бўлган, уй таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Деҳқончилик қилай деса, сув муаммо, мол боқай деса, уни сотиб олишга пул керак.

Вилоят ҳокими бу ерда бўлиб, хонадон эгалари билан гаплашди, имкони нимага етишини суриштирди. Шунга кўра, чорвачилик билан шуғулланиши учун хонадонга 15 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

Олтинбошоқ маҳалласида яшовчи, боқувчисини йўқотган, 3 нафар фарзанди билан ёлғиз яшайдиган Наима Ороловага эса уй-жойини таъмирлаш ва тиклаш бўйича моддий ёрдам берилди.

Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшаш шароитларини ўрганиш ва амалий кўмак бериш Миришкор туманида ҳам давом этди.

Ободонлик Марғуба Ҳамроева қизи билан ёлғиз яшаса-да, 6 сотих томорқасини яшнатиб қўйган. Хонадон билан танишилди, таъмирга эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, уйнинг том қисмини ёпиш учун 75 дона шифер, уйга замонавий эшик, деразаларига эса панжара ўрнатиб берилиши билдирилди.

Шунингдек, айзободлик, боқувчисини йўқотган Д.Абилова ва М.Хонқуловага уйлари томларини ёпиш учун 60 донадан шифер бериладиган бўлди, С.Шерованинг уйини таъмирлашни эса маҳалла-кўй ўз зиммасига олди.

Вилоят ҳокими ҳар бир хонадонга борганида хонадон соҳибаларига фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиш кераклигини, келажакда бу оилаларнинг фарзандлари аъло баҳоларга ўқиб, Ватанга муносиб ҳизмат қиладиган хақиқий ўғил-қизлар бўлиб камол топишига ишонч билдирди.

Шуни ҳам айтиш жоизки, Миришкор туманида 1 сентябргача кам таъминланган 100 оилага эҳтиёжига қараб моддий ёрдам кўрсатилиши режа қилинган.

Деҳқонобод туманининг олис қишлоқларидан бири Бойқўрғоннинг табиат манзаралари шу ердан ўтаётган кишини ўзига бир зум маҳлиё этиши мумкин, бироқ бу ерда доимий ҳаёт кечиришнинг ўзи бўлмайди. Тоғли ҳудуд бўлгани боис қишда кўп қор ёғади, баҳор эса серёғин келади. Сел сувлари ички йўллар, кўприкларни яроқсиз ҳолга келтириб ташлаган. Аҳолининг асосий даромади чорвадан бўлгани билан ишсизлар ҳам анчагина топилади, тиббий хизматни ҳам жуда сифатли деб бўлмайди. Устига-устак электр таъминотидаги тез-тез узилишлар аҳоли кайфиятига таъсир этмасдан қолмаяпти.

Ҳудуд аҳолиси билан мулоқот давомида ушбу муаммоларнинг кўпчилигига ечим топилгани барчани мамнун этгани бор гап. Ғинжак қишлоғи аҳолиси учун 2 километр асфальт йўл, Қўчқорбулоқдаги кўприк таъмири учун 5 миллион сўм маблағ ажратилиб, Нурли келажак маҳалласидаги 60 дона симёғоч алмаштириладиган бўлди.

Ҳудуддаги бир нечта кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан ҳам хабар олинди. Бойқўрғон қишлоғилик биринчи гуруҳ ногирони, 10 йил аввал инсульт сабаб тўшакка михланиб қолган Қудрат бобо Дўсановдан ҳол-аҳвол сўралиб, ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Яқин икки ярим йилдан бери турли бўғин ва даражадаги раҳбарларнинг сайёр қабуллари тўхтовсиз давом этаяпти, бироқ қаерга борсангиз, муаммолар қалашиб ётибди. Асаблари таранг, кўзларида илинж акс этган фуқаролар орасида ёшлардан  тортиб, кекса отахон ва онахонларни ҳам учратиш мумкин. Хўш, бунинг сабаблари нимада?

Бунга Шаҳрисабздаги "Беруний" болаларни соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган қабулда жавоб изланди.

- Шунча ўтказилган сайёр қабулларда муаммолар бартараф этилмадими, демак, назорати тўғри олиб борилмаяпти, масъуллар эътиборсизлик билан қараяпти, - деди вилоят ҳокими. - Эндиликда, сектор раҳбарларининг натижа бермайдиган,  халқнинг дардини ечмайдиган, улар ўртасида давлатга нисбатан ишончсизлик уйғотишга олиб келадиган савиясиз қабуллар ўтказиши тақиқланади. Сайёр қабулларни назорат қилиш кенгаши ташкил этилади.

Ҳақиқатан ҳам, қабулга келган фуқароларнинг 26 нафари бир неча бор сектор раҳбарлари қабулида бўлганликлари, ҳали ҳам муаммоси ижобий ҳал этилмаганини маълум қилди.

- Йил давомида югуриб-елиб фақат бугун эшитиш мосламаси олдим, - дейди шаматонлик Комила Қобулова. - Шунингдек, кўпдан буён қизим орзу қилиб юрган янги замонавий тикув машинаси ҳам бугуннинг ўзида топширилгани бизни жуда қувонтирди.

Қабулда 307 нафар фуқародан жами 196 та мурожаат келиб тушди. Шундан 64 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. 113 таси бўйича шартли муддатлар белгиланган бўлса, 19 та мурожаат жойига бориб ўрганилганда, ҳеч қандай асосга эга эмаслиги аниқланди. Масалан, шаҳрисабзлик Ш.Д. исмли аёл ер сўраб мурожаат қилган. Ҳолат ўрганилганда, туман ҳокимлиги томонидан берилган ерни фуқаро ўз мақсадлари йўлида сотиб юборгани маълум бўлди.

Навбатдаги мулоқот Нишон туманидаги Талимаржон шаҳарчасида ташкил этилди. "Обод марказ" дастури доирасида олиб борилаётган ишлар сифати билан танишилиб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Эҳтиёжманд оилалар фарзандларига куз-қиш мавсуми учун иссиқ кийимлар тарқатилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими Қарши туманидаги "Lt Textile International" хорижий корхонаси фаолияти билан қизивиб, 2-босқич инвестиция лойиҳасини бажаришдаги муаммолар - электр энергияси, газ ва сув масаласи тез муддатда ҳал этилишини билдирди. 

Умуман олганда, вилоят ва туман мутасаддиларининг сайёр қабуллари ва шу каби хайрли ишлар бутун воҳа бўйлаб давом этмоқда. Мақсад аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш шароитини яхшилашга қаратилганки, бу тадбирларнинг айнан Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами олдидан ташкил этилаётгани байрамга муносиб туҳфа бўлиши баробарида кишилар кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ўзига хос улуш бўлиб қўшилаяпти.

Н.ХЎЖАЕВ