Жамият 05.02.2019 208

ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ АЙТИЛДИ

Давра суҳбати

ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ АЙТИЛДИ

2018 йил давомида "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ажрим ёқасида турган 4341 та оила яраштирилиб, 6756 нафар бола ярим етим бўлиб қолишининг олди олинган. Оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолишига 35,1 фоиз ҳолатда ўзаро келишмовчилик ва жанжаллар, 21,8 фоизда фарзандсизлик, 13,6 фоизда ишсизлик, 8,4 фоиз ҳолатда эса ички ва ташқи миграция сабаб бўлмоқда.

Бу ҳақда Сайидо Насафий номли вилоят ахборот-кутубхона марказида "Соғлом оила - соғлом жамият", "Оила - жамият ва давлат ҳимоясида" мавзусида ўтган тренинг  ва давра суҳбатида айтиб ўтилди. 25 январдан 5 февралга қадар белгиланган "Фаровон оила - жамият равнақининг асоси" мавзусидаги тарғибот ўн кунлиги доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасининг  турли бўғиндаги мутахассислари қатнашди.

Таҳлилларга кўра, кўплаб ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оила бошқариш, рўзғорни моддий таъминлашни ўз бурчи деб билмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар оилалар бузилишига олиб келмоқда. Тадбирда асосий эътибор ана шу омилларни бартараф этиш чоралари муҳокамасига қаратилди.

- Оилалардаги муаммоларни самарали ҳал этиш мақсадида "Келин-куёвлар инновацион мактаби" тузилди, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Рамиз Зоҳиров. - Шунингдек, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар ва марказнинг туман бўлимлари ходимлари учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Ушбу курсларда ўтган йилнинг сентябрь ойидан ҳозирга қадар 277 нафар тингловчи ўз билим ва тажрибасини оширди. Бугунги тадбир доирасида келгуси фаолият вазифаларини  ҳам белгилаб олдик.

Ш.БОЗОРОВА