Тиббиёт 10.09.2019 237

ОИТС ҳақида ҳамма биладию, касал юқтираётганлар сони камаймаяпти. НЕГА?

Саломатлик

ОИТС (СПИД) касаллиги ҳақида жуда кўп эшитамиз. Дарҳақиқат, тарғибот ишлари кучидан ушбу бедаво хасталикка чалиниш сабаблари ва унинг оқибатлари борасида деярли барча кишилар маълум тушунчага эга. Шунга қарамай, касал юқтираётган инсонлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Демак, бу борада ҳали кўп ишлаш зарур.

ОИВ - одам иммунитет танқислиги вируси бўлиб, инсон организмидаги иммун (ҳимоя) тизими ҳужайраларини емиради. Натижада ОИВ билан зарарланган инсон организмининг ҳимояланиш қобилияти кескин пасайиб кетиб, турли хил юқумли ва ўсма касалликларига қарши курашиш қобилиятини йўқотади.

Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - иккиламчи иммунитет танқислиги натижасида оппортунистик инфекциялар, хавфли ўсмалар ривожланиб, асаб тизимини издан чиқарувчи ОИВ инфекциясининг сўнгги (терминал) босқичидир. Ҳозирги вақтда ОИВ учта йўл билан юқиши тасдиқланган:

жинсий алоқа орқали;

парентерал йўл билан - ОИВга текширилмаган қон ва унинг компонентларини қуйганда, орган ва тўқималарни кўчиришда, экстракорпорал уруғлантириш ўтказилганда, бир марта ишлатиладиган тиббий шприц ва игналар, инфузион эритмаларни қуйишда ишлатиладиган системалар қайта ишлатилганда, стерилланмаган тиббиёт анжомлари (гинекологик, стоматологик, жарроҳлик ва  бошқалар)дан фойдаланилганда, шунингдек, гиёҳванд моддани томир ичига инъекция орқали қабул қилишда бошқа шахс ишлатган воситаларни ишлатганда;

вертикал йўл билан - ОИВ инфекцияси онадан ҳомилага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали (трансплацентар), туғиш пайтида (интранаталь) ва эмизишда (постнаталь) юқади.

Мамлакатимизда ОИВ инфекциясининг юқиш хавфини камайтириш мақсадида мунтазам соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, ахлоқан пок бўлиш, тиббий муолажалар олиш зарурияти туғилганда фақат стерил, бир марта ишлатиладиган инструментлардан фойдаланиш,  текширилмаган қон ва қон маҳсулотлари қуйилмаслиги, умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш, косметик муолажаларда стериль инструментлардан, шахсий гигиена воситаларидан  фойдаланиш талаб этилади.

Бугунги кунда касалликнинг жинсий йўл билан юқишига таъсир ўтказиш анча мураккаб бўлмоқда, бунинг оқибатида касаллик кундан-кунга кўпайиб, ҳомиладорларда ва ҳатто никоҳланувчилар ўртасида олдинги йилларга нисбатан бир неча марта кўп рўйхатга олинмоқда.

Бир мисол. М.А. исмли аёл ҳомиладорлиги бўйича бирламчи тиббиёт муассасаси - ҚВП томонидан хисобга олинади. У текширилган вақтда ОИВ инфекцияси аниқланади. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари томонидан эпидемиологик суриштирув олиб борилганда, аёлнинг турмуш ўртоғи меҳнат мигранти сифатида чет элда ишлаб юрган вақтида ОИВ инфекциясини юқтириб оиласига қайтгани ва тиббий кўрикдан ўтмасдан турмуш ўртоғига ушбу инфекцияни юқтиргани маълум бўлди.

Унутмаслик зарурки, ҳеч ким ёшидан, касбидан, миллатидан, ирқидан қатъи назар ОИВ/ОИТСдан ҳимояланмаган! Саломатлик инсон учун энг бебаҳо бойлик экан, уни асраб-авайлаш фақатгина ўзимизга боғлиқ. ОИВ ва ОИТС касалликларидан нафақат оила аъзоларимизни, балки бутун жамиятни  сақлаб қолиш учун ҳамиша профилактик тадбирларни амалга ошириш, огоҳ ва ҳушёр бўлмоқ даркор. 

Ш.МАДАТОВ, 

вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врач ўринбосари

З.НИКБАЕВА,

марказ врач-методисти