Маънавият 13.12.2018 227

ОЙШИРИН МОМО

Мутолаа ҳайратлари

ОЙШИРИН МОМО

Эссе

1

Боланинг Ойширин момога меҳри зўр эди, биргина унинг эмас, маҳалладаги ҳамма болаларнинг овунчоғи эди момо. Аслида сочининг бирон тола қораси қолмаган момо - момо эмас, бола эди. Ёши етмишдан ошган момонинг ёлғизгина ўғли олис яйловда чўлиқ бўлиб ишлар, бунинг устига ёшлигидан ўпкаси шамоллаб, йилнинг тенг ярмини вилоят марказидаги касалхонада ўтказарди. Момонинг қора-қура болаларни севиши, қўни-қўшниларда нечта чурвақа бўлса, ҳар бирини, ҳар куни ўзи мазали қилиб бостирган серқаймоқ қатиқ билан сийлаши ҳам шундандир, балки. Болалар ҳам ўз уйларига ўт юлиб келишдан қочишса-да, момонинг сигирини сира оч қолдиришмасди. Баҳор келди дегунча Ойширин момо болаларнинг бошини бириктириб, маҳалладаги қўй-эчкилардан сурув қилар, болалар шовқин-сурон кўтариб, сурувни эрта тонг яйловга ҳайдашар, қош қорайганда қишлоққа энишарди. Момо болаларни зериктирмас, гоҳида қизиқ-қизиқ чўпчаклар айтиб берса, гоҳида қўлларига чиллак чўпини ушлатиб, бир четдан ўйинларига одил ҳакамлик қиларди. Шу боис қўли калтароқ оилалардан бирининг кап-катта икки ўғли яккаю-ягона эчкисини боқиш учун ҳар куни биргалашиб чиқишарди.

Ёз кунларидан бири. Эрта тонгданоқ момонинг мўъжазгина ҳовлисига тумонат одам йиғилди. Момо ёлғизгина ўғлининг кийим-бошларини бўйнига ташлаб, оппоқ сочини ёйиб, айтиб-айтиб йиғларди:

Йигит ёшга етганда

Хазон бўлган болам-а-а.

Юрак-бағримни доғлаб

Ташлаб кетган болам-а-а...

Ҳаётида бундай даҳшатли томошанинг илк бор гувоҳи бўлаётган бола сеҳрланиб тик қотган, у ёқ, бу ёқдан ўтаётганларга эътибор бермас, йиғи-сиғиларнинг сабабини тушунмаса-да кўзлари жиққа ёшга тўлганди. Кечагина момонинг ўғлини дўхтир мошинада олис шаҳардан келтиришган, туни билан ҳовлига келиб-кетувчиларнинг изи узилмаганди. Негадир болаларни уйга киритишмаганди.

 "Катталар нега бундай қилишади. Биронтаси момони овутай демайди, аксига аёллар ундан қолишмасликка баҳс бойлашгандек давра айланиб, эркаклар сафга тизилиб, бир-бирининг елкасига қўл ташлаб йиғлашгани-йиғлашган"...

- Ҳа болам, бу ерда нима қилиб турибсан?

Онасининг меҳрибон овози боланинг учқур хаёлларини тушовлади.

- Нима бўлаяпти, она?

- Момонгни ўғли ўлган, уйга кет, ёш боланинг азага келиши яхши эмас болам, уят қилишади, борақол.

Елкалари шалвираб тушган бола ортига қайтди, ҳали у ўлим, жудолик, фарзанд доғи нималигини билмас, фақат бугун момонинг эртакларини эшитиб, қатиқ ичишдан маҳрум бўлганини ўйларди...

2

...Борликка тун чодраси ёйилгач, саратон тафти бироз босилгандек бўлади.

- Шу кунларда рўзадор бўлганларнинг жонига тўзим берсин, - дейди боланинг онаси раҳмдиллик билан.

Кейин, отасининг янгаси Ойширин момо келади, ёлғизликдан зерикиб, гурунглашиб ўтириш учун. У киши рўзадор.

- Жонингизга жавр этиб нима қиласиз, очиб юборинг, - жавранади онаси салкам бир ойда юзлари салқи тортиб қолган момога раҳми келиб.

- Рўза - Оллоҳнинг фарзи, Новви (онасининг исми Навбаҳор, қисқартириб шундай аташади), энди неча кунлигим қолди, қарздор бўлиб қолмай, - дейди Ойширин момо, сўнгра сўрайди. - Янгибой иним  ҳали ишдан қайтмадими?

- Жиянингизни яхши биласиз-ку, у киши иш учун туғилган.

Бола рўза, рўзадорлик ҳақида унчалик билмайди. Кексаларнинг эрмаги бўлса керак, деб ўйлайди ўзича. Негаки у пайтлар бутун қишлоқдан беш-ўн кексаларгина бажарар эди бу фарзни. Кейин ой давомида боланинг боши "рўза нима ўзи, уни қандай тутиб олишар экан" деган савол устида қотарди.

Бола ёши улуғларни ўз гурунглари билан қолдириб, қадрдон супага, ака-укалари қаторидаги онаси тўшаган ўрнига киради. Эътиборини осмон супрасига сочилган юлдузларнинг жилоси ўзига тортади:

- Эҳ-ҳей, бунча кўп бўлмаса улар.

- Ер юзида одамлар ҳам кўп-да болам, - дейди онаси унинг ҳайратини тағин ҳам ошириб. - Ҳар бир юлдуз бир одамники, осмонда юлдуз сўнса, бир одам фанони тарк этган бўлади.

- Фано нима, эна?

- Фано - биз яшаб турган замин, болам, ҳаммамиз унда меҳмонмиз.

- Эҳ-ҳей, фано деганлари катта меҳмонхона экан-да.

- Ширк келтирма, болам, у қодир Худонинг бандасига марҳамати.

Боланинг саволлари кўп, фақат момонинг янги гапи уни чалғитади:

- Яна ухлаб қолманглар, бу тун устимиздан Лайлатулқадр учиб ўтади,-огоҳлантиради Ойширин момо.

- Нима у?

- Кўриниши қандай? - чувиллашиб ёстиқдан бош кўтаришади бола ва ака-укалари.

Момо уларнинг биронта саволларини жавобсиз қолдирмайди:

-Яратган эгамнинг элчиси, уни кўрганлар ажрга етармиш. Йилига бир марта, рўзадорликнинг йигирма еттинчи кечаси гуноҳсиз бандаларига кўриниш берармиш. Уни кўрган киши энг яхши тилакларини айтса, ижобат бўлармиш.

- Уни Сиз кўрганмисиз, кўрган бўлсангиз, нима тилак билдиргансиз? -сўрайди қайсидир сабрсизроғи.

Ойширин момо хўрсинади, юз-кўзи симобий тус олади:

- Қани эди кўрганимда, нима сўрашни ўзим билардим. Ухламай ётинглар, у Сизларга албатта кўринади.

Тунни қаритиш учун матал айтишади, ҳар ким маҳалладаги, қишлоқдаги ўз билган оилалари фарзандларини ичида бармоқ букиб санаб, "бир бойнинг уч ўғли, бир қизи бор, у ким?" қабилидаги топишмоқлар ўйлаб топишади. Аммо  уринишлар зое кетади, уйқу ширин, уйқу сержилва, бирин-кетин болани ҳам, ака-укаларини ҳам сеҳрли оғушига олади.

Эрталаб туриб оналарини саволга тутишади:

- Лайлатулқадр келдими?

- Келди, болажонларим, бир-бир бошингизни силаб, омонлик тилади.

Кўрмасдан туриб, Лайлатулқадрни севиб қолишади:

- Қандай яхши экан Лайлатулқадр деганлари...

Негадир у боланинг кўз ўнгида оппоқ қанотлари кенг, оёқлари узун-узун қуш кўринишида гавдаланади, эҳтимол унинг номи қишлоқ ўртасида ким неча йиллардан буён соя ташлаб  турган кекса тут дарахти устига боболар ўрайдиган саллага монанд уя қурган лайлаклар жуфти номига уйқаш бўлганлиги учун шундай тўхтамга келгандир.

3

Ҳар гал ярим тилим қовундай бўлиб янги Ой чиққанига кўзи тушган бола Ойширин момодан суюнчи олишга шошилади:

- Момо, момо, суюнчи чўзинг, янги Ой чиқди!

Ойширин момонинг юзларига нур энади, синиқ кўзлари чарақлайди:

- Қани, қани, ўз кўзинг билан кўрдингми?

Бола тезроқ момонинг бошидаги қат-қат рўмоллар орасига асранди қилиб қўйган ширинлигига эга бўлиш учун қўлини осмонга бигиз қилади:

- Ҳайла...

- Қўлинг билан кўрсатма, болам, гуноҳ бўлади, ўша томонга имласанг, ўзим топиб оламан.

Ниҳоят Ойширин момо ярим тилим Ойни кўради, кўзларини, киприкларини бармоқлари билан силаб, пичирлаб нимадир деганча, унинг йўлига пешвоз етти қадам ташлайди, кейин:

- Сен ҳам шундай қил, болам, юриб бораётганингда "ҳақ Ой, ҳақ Ой, янаги кунларга, янаги ойларга, янаги йилларга омон-эсон етказ", дегин, илоё Оллоҳ ярлақагани чин бўлсин, - дейди.

Ойширин момонинг туриш-турмиши сир, янги-янги маросимларни кашф этаверади. Бола айниқса, Наврўз арафасида ўтказиладиган "Чоршанби чироқ" (айрим қишлоқларда у "Охирги чоршанба" деб аталаркан) маросимини интиқлик билан кутади. Бу маросим байрам арафасидаги сўнгги чоршанбада тун пайти ўтказилади.

- Янги йилга софланиб борган яхши, болаларим, - дейди момо атрофида чувиллашаётган болаларга қайта-қайта топшириқ бераркан. - Бирон киши эсдан чиқиб қолмасин...

Ойширин момонинг таъбирича, дарз кетган идиш хонадондан барокатни қочирармиш, "чоршанби чироқ" - гуноҳлардан софланиш маросими, гулхандан ният қилиб сакраган ҳар бир кишининг гуноҳлари оловга тўкилиб қолар эмиш.

4

...Турмуш қатига турфа сирларни яширган китоб экан. Бола ўсиб, вояга етди, ота бўлди. 1983 йил қаҳратон қишида Ойширин момо бандаликни бажо этди. Бу вақтда у замонавий қўрғонда, жияни билан яшаётганди. Қадрдон  уйига талпиниб, узоқ вақт кўз юмолмади. Дилдан ишонган, суянган тоғим деб билган қариндоши:

- Момони кўтаринг,  йигитлар,    уйига олиб борамиз, - деганида синиққина жилмайиб, ёлғон дунёни тарк этди.

Қор чаппа-ростасига уриб турганига қарамасдан Ойширин момонинг меҳрибонлари, кечаги болалар, бугунги оталар уни елкаларида кўтариб, сўнгги манзилига қўйиб қайтишди. Тунги пайт "бола"нинг онаси хўрсиниб:

- Бечора момо, бир умр тирноққа зор ўтди, - деди.

- Бурноғи йили вафот этган ўғли-чи? - деди қўшнилардан бири.

- Тутинган боласи эди.

"Бола"нинг кўз олди қоронғулашиб кетди.

Турмуш китоби саҳифаларини эндигина варақлай бошлаган ўша бола мен эдим. Донишманд ҳаёт ҳаммамизга ширинини ҳам, аччиғини ҳам тоттирди. "У қайтади" деган илинжда соч оқартирган бевалар эртак эмас, ҳақиқат, бутун умр тирноққа зор ўтиб, бир-бирига садоқатли қолганлар воқелик. Во дариғ, ҳамма аёл ҳам бирдек она номига лойиқ бўлавермас экан. Тунда фарзандини четга суриб, ёстиғининг ярмини хиёнат эгаллайдиганлар, ризқини чет эллардаги фаҳш тўшагидан излайдиганларни ким деб аташ мумкин? Мен ҳар доим ОНА деган улуғ сўзни тилга олишим билан Ойширин момони эслайман. У аламдан, дард-андуҳ ер тепиб айланаверади, айланаверади, бўғзида ҳирқироқ товуш мангуга қотиб қолгандек:

Йигит ёшга етганда

Хазон бўлган болам-а-а...

Абдунаби АБДИЕВ