Сўнгги янгиликлар 30.07.2019 94

Ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Яқинда Яккабоғ тумани Эски Яккабоғ қўрғончасида ҳокимлик мулозими ва маҳаллий тадбиркор ўртасида юзага келган ҳолат видеоси қатор нашрлар томонидан интернет тармоғи орқали тарқатилгач, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини бузишга уриниши ва мулкдорнинг бунга  қаршилик кўрсатиб амалга оширган хатти-ҳаракатлари акс этган.

Ана шу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан расмий муносабат билдирилди.

 Унда қайд этилишича, Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилган.

Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Туймаев Мансур Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз мухбиримиз