Жараён 02.08.2019 100

ҲОКИМ СЕКТОРИ УЧУН ЯНГИ БИНО

Фаолиятда қулайлик

Косон туманида 1-сектор штаб биноси фойдаланишга топширилди. Сектор раҳбари, котиби ва штаб аъзолари, тиббиёт, она ва бола, ошхона, дам олиш хоналарини жамлаган янги бинода 5 та муҳим ташаббусга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, чолғу асбобларини ўргатиш, фитнес-соғломлаштириш, компьютер хоналари, кутубхона ва тикувчилик хонаси замонавий жиҳозланиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига кенг имконият яратилди.

Шу куни туман ҳокими Асрол Бойкараев янги бинода аҳоли учун сайёр қабул ўтказди. Унда 86 фуқародан турли масалалар бўйича мурожаат бўлиб, 72 таси жойида ҳал этилди, қолганлари тегишли ташкилот ва корхоналарга ижро учун юборилди. Шу билан бирга, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва газ плиталари, китоб жамланмалари, ҳар хил спорт анжомлари берилди.

86 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога махсус аравачалар берилиб, патронаж ҳамширалари 15 велосипед, 100 та патронаж сумкаси билан таъминланди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 1-сектор раҳбари 10 нафар кам таъминланган оила фарзандларига ўз ойлик маошидан мактаб кийимлари ва тўлиқ ўқув қуроллари олиб беришни зиммасига олган.

НАСРИДДИН