Таълим 20.12.2018 94

ОКТЯБР РАҲИМОВ

Фан ва инновация

ОКТЯБР РАҲИМОВ

- "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" танлови ғолиби

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, ҳар йили олий таълим тизимида юқори малакали педагог кадрларни аниқлаш ва тақдирлаш, уларнинг фаолияти нуфузини янада ошириш, ўқитишнинг инновацион технологияларини кенг оммалаштириш, педагогик фаолиятда соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратиш, олий таълим муассасалари педагогларининг касбий равнақини рағбатлантириш ва маҳоратини ошириш мақсадида "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги"  танлови ўтказилади.

Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали доценти, техника фанлари номзоди Октябр Раҳимов 2018 йилда ўтказилган ушбу танловнинг республика босқичида ҳаётий фаолият   хавфсизлиги таълим соҳаси бўйича "Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог" номинацияси ғолиби бўлди.

Октябр Раҳимов меҳнат фаолиятини 1981 йилда (собиқ Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали) ҳозирги Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ёш мутахассис сифатида ассистент лавозимидан бошлаган. Илмий-педагогик фаолияти давомида турли лавозимларда ишлаган. Ҳозирда Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида "Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги" фанидан дарс беради. Олий таълим аълочиси, Турон фанлар академияси академиги. Фаолияти давомида 200 га яқин илмий-услубий ишлари, дарслик ва монографиялари чоп этилган. Ихтиролари учун 9 та патент ва муаллифлик гувоҳномасига эга.

Айниқса, муаллифнинг инновацион педагогик технологияларга оид "Замонавий таълим технологиялари", "Таълим сифати ва инновацион технологиялар" номли монографияси, "Инновацион педагогик технологиялар", "Олий таълимда масофавий ўқитишни ташкил этиш", "Инновацион педагогик технологиялар: лойиҳалар услуби - таълим сифатини оширувчи технология сифатида" каби ўқув ва услубий қўлланмалари иқтидорли ёшлар ва олимлар учун асқатаяпти.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим  муассасалари учун нашрдан чиқарилган "Меҳнатни муҳофаза қилиш" номли ўқув қўлланмаси, "Ҳаёт фаолияти    хавфсизлиги" ва "Меҳнатни муҳофаза қилиш" фанларидан маъруза матнлари тўпламлари республикадаги барча турдош олий ўқув юртлари учун муқобил ўқув қўлланма сифатида тавсия этилган. Шунингдек, жорий йилда нашр этилган "Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги. Экология" номли дарслик ҳамда "Меҳнатни муҳофаза қилиш" номли ўқув қўлланмаси курс ишлари, битирув  малакавий ишлари ҳамда магистрлик диссертацияларини тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Октябр Раҳимов фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, йирик корхоналар муҳандис-техник ходимларини "Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси" бўйича ўқитиш ва уларнинг билимини синовдан ўтказиш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

  "Янги ғоя. Инвестиция. Инновация" фонди томонидан талаба ва магистрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган 2017-2018 йиллар учун "Янги инновацион ғоялар" танловига унинг раҳбарлигида иқтидорли талабалар томонидан 4 та истиқболли лойиҳа тақдим этилган.

У яратган hfxraximov.uz сайти республикамиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ичида биринчилардан бўлиб аниқ бир фан - "Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги" фанидан яратилган шахсий веб-сайт ҳисобланади.

Айни дамда муаллиф 2018-2019 йилларга мўлжалланган Давлат илмий техник дастурлари доирасида "Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига "Талаба портфолиоси" инновацион педагогик технологиясини жорий этиш" мавзусидаги амалий лойиҳада катта илмий ходим сифатида иштирок этмоқда. Шунингдек, сентябрь ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган Жаҳон банкининг Академик инновациялар фонди доирасидаги "Ўзбекистон Республикасида олий таълимни модернизация қилиш" лойиҳаси бўйича танловда умумий қиймати 120 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа билан қатнашиб, танловнинг  1-босқичидан муваффақиятли тарзда ўтди.

  С.АЛЛАЁРОВА