Қишлоқ хўжалиги 25.10.2018 275

ҚОЛГАН КЎСАКЛАРНИ ҲАМ ОЧИЛТИРИБ ОЛИШГА ЭРИШИЛСА, МУАММО ЙЎҚ

Пахта – 2018

ҚОЛГАН КЎСАКЛАРНИ ҲАМ ОЧИЛТИРИБ ОЛИШГА ЭРИШИЛСА, МУАММО ЙЎҚ

Айни дамларда вилоятимизда пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу йил воҳада ғўза экилган майдонлар 139 минг 800 гектарни ташкил этиб, ундан 381 минг 300 тонналик улкан хирмон бунёд этиш мақсад қилинган.

Аввало айтиш жоизки, бу йилги иқлим шароитида ғўза парваришлаб, ҳосил етиштириш осон бўлгани йўқ. Айниқса, баҳорги об-ҳавонинг деҳқонларимиз тили билан айтганда анча инжиқ келиши, яъни гоҳ ҳарорат ҳаддан ортиқ қизиб кетиб, гоҳида кучли ёмғир ёғиши, сел келиши каби ҳолатлар ерга қадалган чигитни ундириб олишни бир қанча муддатга кечиктириб юборди. Қолаверса, айнан экинни сувлаш керак бўлган бир пайтда аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келиб, ғўза ўз вақтида етилмади. Бу эса бугунги натижага ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Чунки, аввалги йиллари айни пайтга келиб белгиланган марра босиб ўтилган ёки унга жуда оз қолган бўларди. Бу йил эса, вилоят пахта штабидан олинган маълумотга кўра, 22 октябрь ҳолатида вилоятнинг давлатга пахта сотиш режаси 53,38 фоизга бажарилган. Қолаверса, хирмонга бир кунда ўртача 2 минг 433 тонна атрофида пахта тушмоқда. Бу умумий режага нисбатан 0,64 фоизни ташкил этади.

Табиийки, бу қониқарли натижа эмас. Лекин, режа уддаланмайди, деган тугал хулосани ҳам бермайди. Чунки, ғўза майдонларини кузатсангиз, ҳали уларда бўлиқ кўсакларнинг кўплигини кўришингиз мумкин. Бунга Чироқчи, Косон ва Миришкор туманларидаги бир қанча фермер хўжаликлари ғўза майдонларини кузатиб, ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Мисол учун, айрим далаларда иккинчи теримдан сўнг ҳам ғўзаларда камида 8-10 тагача кўсак бор. Демакки, айни пайтда асосий муаммо ҳосилнинг йўқлигида эмас, балки ғўза кўсакларининг очилмаётгани, яъни теримнинг кечикаётганида. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда пахта ҳосилини тезроқ очилтиришга қаратилган агротехник тадбирлар кучайтирилмоқда.

- Айни пайтда ушбу соҳа бўйича 8 нафар олим бизга келишган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Искандаров. – Улар ҳудудлардаги ғўзалар ҳолатини ўрганиб, кўсаклар тўлиқ етилган майдонларни культиватция қилиш таклифини беришмоқда. Ўз навбатида бу жараёнда ғўзалар илдизи кесилаяпти. Мақсад - улардаги ҳосилни тезроқ очилтириш.

Маълумот ўрнида келтириб ўтиш жоизки, бу йил республикамиз бўйича 2 миллион 958 минг тонна пахта хом ашёсини жамғариш режа қилинган бўлса, 22 октябрь ҳолатида мавжуд режа 67,42 фоизга уддаланган. Вилоятимиз ҳозирги пайтда режага нисбатан 53,38 фоизлик натижа билан пахта етиштирган   13 ҳудуд ичида 12-ўринда бормоқда. 

Вилоят миқёсида эса 22 октябрь ҳолатига кўра режалаштирилган ҳосилнинг 63,29 фоизини йиғиб олган Яккабоғ ҳамда 60,72 фоизлик натижа билан Шаҳрисабз туманлари карвонбошилик қилаётган бўлса, энг паст кўрсаткични Ғузор (37,48 фоиз) ҳамда Нишон (33,43 фоиз) туманлари қайд этиб турибди.

 Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ