Таълим 15.06.2017 658

“ОЛИМП” ВА “БАНКИРЛАР” ЯРИМ ФИНАЛГА ЙЎЛ ОЛДИ

Кўрик-танлов

“ОЛИМП” ВА “БАНКИРЛАР” ЯРИМ ФИНАЛГА ЙЎЛ ОЛДИ

Қарши шаҳридаги амфитеатрда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасидаги “Қувноқлар ва зукколар” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоиз, мазкур танлов истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ўз иқтидорларини намойиш этиши учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган.

Танловнинг вилоят босқичида қуйи саралаш босқичида юқори баллни қўлга киритган 6 та жамоа - Чироқчи Қорателпак касб-ҳунар коллежининг “Эврика”, Қарши маданият ва туризм коллежининг “Ўзбекона”, Муборак ахборот технологиялари коллежининг “Ошиқлар”, Қарши банк коллежининг “Банкирлар”, Ғузор молия-иқтисодиёт коллежининг “5х5” ва Қарши саноат коллежининг “Олимп” жамоалари иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, “Олимп” ва “Банкирлар” жамоалари ғолибликни қўлга киритди.

- Ғолибликни қўлга киритганимиздан жуда мамнунмиз, - дейди “Олимп” жамоасининг аъзоси Исломбек Неъматов. – Рақиб жамоалар иқтидорли ва кучли юмор қобилиятига эга ёшлардан таркиб топганига танлов давомида гувоҳ бўлдик. Аммо биз ҳам танловнинг вилоят босқичига жиддий ва пухта тайёргарлик кўргандик. Бу эса ўз самарасини берди.

Энди бу икки жамоа танловнинг минтақавий ярим финал босқичида иштирок этади.

 

Азизбек НОРОВ