Маданият 28.06.2019 92

ОЛИСЛАРНИ ҚЎШИҚ АЙТИБ КЎЗЛАГАН БАХШИ

Олтин мерос

Бахшичилик фақатгина қалбларни ром этувчи мусиқий санъат эмас, балки бутун бир фалсафадир. Шунинг учун бўлса керак, бахши нафақат шоир ва ижрочи, балки табиб,  уруғ сардори сифатида халқ орасида азиз.

Ана шундай азиз инсонлардан бири Азим бахши Хўжаев бундан роппа-роса 90 йил олдин Чироқчи туманидаги "Чиял" жамоа хўжалиги Тўқмор қишлоғида туғилганди. Отаси Хўжа бобо донишманд, янгиликка интилувчи одам бўлиб, уйида махси-ковуш, қовға тикиш жараёнида халқ достонларидан хиргойи қилиб турар эди. Отаси айтган достонлару термалар ёш Азимнинг мурғак қалбида муҳрланиб қолган эканми, келажакда бутун ҳаётини шу санъат турига бағишлади.

Дастлабки таълимни Чиялдаги бошланғич мактабда олган. Азим ўз тенгқўр дўстлари билан ўқишга бориш ва ўқишдан қайтиш чоғларида халқ достонларидан айтишиб, булбулдай сайрашган. Бу орада кўпчиликнинг қалбига битмас-туганмас жароҳатлар солиб уруш бошланиб кетди.  Аёллардан бирининг эри, бошқасининг энг яқин жигарбанди урушда ҳалок бўлган, кўпчиликнинг дили хуфтон бўлиб юрган вақтларида ёш Азим достонлар айтиб, оз бўлсада уларга юпанч, далда бўлган.

Урушдан кейинги йилларда китоблик Абдулла шоир Нурали ўғли ҳаёт тақозоси билан Чиялидаги машҳур Пайшанба бозорига тез-тез келиб турар, Азимнинг отаси Хўжа бобо билан яқиндан танишган эди. Китоблик ижодкор Хўжа бобонинг таклифи билан кўпинча уларникида қолиб, достон куйлар ва барчани хушнуд этарди. Шоирнинг булбулдек хониш қилиши ёш бахшини сеҳрлаб қўйган, шоирга ва халқ достонларига меҳр-муҳаббатини янада оширганди. Ёш Азим Абдулла шоирни ўзига устоз сифатида билиб, ўгитларига оғишмай амал қилди. Хўжа бобонинг китоблик дўсти жуда камтарин инсон бўлса-да, дўмбира чертишга келганда шогирдидан қатъийлик талаб қиларди.

  Кейинчалик ёш Азим Қайнар қишлоғига тез-тез бориб бахшичилик сирларини ўргана бошлади. Устози унга сўз ҳам, соз ҳам, бахши овози ҳам бирдек ғамгин, ё шодон, ё шўх, ё сокин - бир-бирига мос бўлмоғи шарт деб уқтирарди. Бу ўгитларга амал қилиб, бўлажак бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош, Ислом шоир, Пулкан шоир каби ўзбек халқ оғзаки ижоди намояндаларининг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганди. Изланишлари самараси ўлароқ  қайноқ ҳаётдан олинган таассуротлардан термалар тузадиган ва уларни қиёмига етказиб айтадиган бўлди. Қўли дўмбирага анча келишиб қолганда эса халқ достонларини созга солиб куйлай бошлади. У қишлоқма-қишлоқ юриб одамлар қалбига ўз қўшиғи билан кириб борди.

Унинг термаларида Ватан, меҳр-муҳаббат, ҳалол меҳнат улуғланиб, ўлкамизнинг бетакрор  шукуҳи, халқимизнинг фидойилиги мадҳ этила борди.

Ҳарна дедим эли-юртни куйладим,

Бедов миниб улоқ чопиб тўйладим.

Ёронлар-ов яхшиликни ўйладим,

Ҳақиқатни сўйлаб келган бахшиман.

Азим шоирнинг деҳқонободлик Қодир бахши Раҳимов билан танишуви ва бир умрга қалин дўст бўлиб қолиши унинг бахшичилик йўлида муҳим роль ўйнади. Олий даргоҳ таълимини олган, катта-кичик давраларда терма куйлаб бахшичилик маҳорати ошган Қодир бахшидан бахшичилик сирларини ўрганди. Улар бир-бирларини ҳурмат қилар, дўстлар ўртасида ўзаро борди-келди яхши йўлга қўйилган эди.

Қодир бахши Чиялга кўп таклиф этилар, ҳар келганида дастлаб Азим шоирникига келиб, аҳволлашиб, кейин иккаласи тўйга боришар, тўйни қизитиб одамларни хушнуд этишарди. Қодир бахши "Алпомиш", "Гўрўғли", "Юсуф ва Аҳмад" достонларидан айтиб, сал толиққанда навбатни Азим шоирга берарди. Азим шоир эса Қодир бахши достоннинг қаерига келиб тўхтаган бўлса, шу еридан давом эттириб кетарди.

Кўплаб достонларни ёддан билган.

Бу забардаст бахшилар ҳаётда учрайдиган ижобий ва салбий кўринишлар ҳақида ҳам айтишувлар қилишган. Афсуски, улар ўртасидаги бундай айтишувлар магнит ленталарига ёзиб олинмаган. Улардан қисқагина ушбу айтишув қолган, холос:

Қодир бахши:

Нима керак дўстим бировга кулмоқ,

Биттаси дарёдир, биттаси кўлмак.

Биз ҳам одамзотмиз, одам зотидан

Насиб этармикан дарёдай бўлмоқ.

Азим шоир:

Қашқани Амудан сира кам дема,

Созни ушлаб  алвон-алвон куйладик.

Ўнутмайди эл-юрт бизни, ғам ема,

Олисларни қўшиқ айтиб кўзладик.

Бахши ҳаётида эсда қоларли воқеалар кўп бўлган. 1980 йилда Қашқадарёда пахта йиғим-терими режасининг бажарилишига бағишланган ҳосил байрамига Азим шоир ҳам таклиф этилди. Ўша даврдаги вилоят раҳбари Рўзмат Ғойипов шоирни ўзига яқин олиб, ҳурматини жойига қўйган.  Рўзмат Ғойипов "Қани, Азим оға, Ватан ҳақида куйлаб беринг" деганда  Азим шоир жоним билан деб ўзининг "Қашқадарём" деган шеърини айтиб берган:

Таърифинг оламга достон,

Номга бойсан Қашқадарё.

Чўлларингда дон яратиб,

Нонга бойсан, Қашқадарё.

Шу ернинг ўзида вилоят раҳбари Азим шоирни "Москвич" машинаси билан мукофотлайди.

Чироқчи - бахшилар диёри. Дўмбира тилга кирганда тоғлар энтикади, осмон эланади, майсалар узра нурдай ёниб оҳанг югуради. Азим шоирнинг бадиҳагўлик маҳорати, бахшичилик салоҳияти ўзи билан замондош бўлган ҳар қандай иқтидорли бахши-шоир билан айтишувга қодирлиги борасида яққол намоён бўлар эди. Унинг термаларидаги ўйноқи ташбеҳлар жилоси, фикран теранлик, жўшқинлик, салмоқлилик, содда ва ўткирлик одамларни ўзига жалб этган. Бунга унинг шаҳрисабзлик машҳур Зоҳир шоир Қўчқор ўғли билан халқ олдидаги айтишуви мисол бўла олади.

Зоҳир:

Зорланиб, зарқўноқдан тонг отади.

Кун чиқса, Тошқўрғонда ким ётади?

Айтишувла танишайлик Азимбой,

Индамай тураверсак кун ботади.

Азим:

Гўрўғлидек тор олар мард ғайири,

Келган дейди Шаҳрисабзнинг Зоири,

Кеча бўлса тонг оттириш қийинми?

Кун чиққанча куйлар жиров-шоири.

Халқимизда "Эшикдан оққан ариқнинг қадри йўқ" деган мақол бор. 1993 йил 3 октябрда вафот этган Азим шоир ариқ эмас, улкан дарё бўлиб Чиялининг қоқ ўртасидан оқиб ўтган экан. Бу унинг вафотидан кейин яққол сезила бошланди. Давраларда унинг ўрни билиниб қолди.

Азим бахши Хўжаевдан кўплаб шогирдлар қолди. Уларга халқ оғзаки ижоди дурдоналарига ҳурматда бўлиш, ижрочилик маҳоратларини ошириш сирларини пухта ўргатди. Ўғли Ёдгор бахши эса  ота изидан бориб, бахшилар сулоласини яратишдек улкан орзу ва эзгу ўйлар билан қўлига соз олиб эл кўнглини шод этиб келаётир.

Доно халқимизда "От ўрнини той босар" деганларидек, Ёдгор бахшидан падари бузруквори Азим шоирдай машҳур бахшининг руҳини шод этиб, унинг дўмбирасини қўлига олиб, янги-янги термалар яратиб халқимизнинг яхши кунларида, халқ сайилларида жўшиб куйлашига ишониб яшаймиз.

Норқизил КЕНГБОЕВ.