Сўнгги янгиликлар 02.08.2019 100

ҚЎҚОН МОҲИР ҲУНАРМАНДЛАРНИ ЧОРЛАМОҚДА

Тараддуд

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорига асосан  жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади. Унда вилоятимиздан 48 нафар халқ амалий санъати устаси иштирок этиши назарда тутилмоқда. Улар орасида касбилик ёғоч ўймакори Зубайдулла Сатторов ҳам бор.

- Фестивалга дунёнинг 80 га яқин мамлакатларидан уста ҳунармандлар келиши кутилаяпти, - дейди ҳунарманд тайёргарлик ишлари ҳақида гапирар экан. – Демак, ўз устимда янада кўпроқ ишлашим керак. Бугунги бозор талаби ва одамларнинг эҳтиёжи, дидини ўрганиб совғабоб маҳсулотларнинг турини янада кўпайтираяпман. Устоз бўлсам-да, шогирдларимдан маслаҳат олаяпман, улар билан ғоялар алмашаяпман. Хуллас, тайёргарлик авж паллада.

Ҳунарманд фестивалда ўзининг ўнга яқин маҳсулотлари билан қатнашади. Улар орасида миллийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган лавҳлар, зеб-зийнатлар сақлаш учун мўлжалланган сандиқчалар, турли-туман сувенирлар борки, уларни кўриб кўзингиз қувнайди

- Бундай йирик фестиваль мамлакатимизда илк бор ташкил этилаяпти ва бундан кейин бу тадбир ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб борилади, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Баҳодир Ниёзов. – Уни ўтказишдан кўзланган мақсад, унитилаётган ҳунармандчилик қадриятларини тиклаш, устоз-шогирд аньаналарини фаол давом эттириш, миллий ҳунармандчилигимиз билан дунё ҳамжамиятини таништиришдир. Бугунгача уюшмамизга 2187 нафар ҳунарманд аъзо бўлган бўлса, улар орасидан фақатгина кучлилари Қўқонга боради.

Фестиваль кўрик-танлов тарзида бўлиб ўтади. Унга тақдим этилган Намуналар ҳакамлар ҳайьати томонидан ҳунармандчилик маҳсулотининг аньанавий миллий ҳусусиятлари, ўзига хос услуб ва мактабга, тарихий илдизга эгалиги ҳамда ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги каби мезонлар асосида баҳоланади. Ғолиблар эса 5 та -  “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг ёш ҳунарманд”, “Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси”, “Қадимий сулола давомчиси” ва “Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд” номинациялари бўйича тақдирланади.

З. НАЗИРОВА