Жамият 17.05.2019 130

ОПА-СИНГИЛЛАР ОДАМ САВДОСИГА ҚЎЛ УРДИ

Жиноятга жазо муқаррар

Аслида ҳаммаси Нишондаги коллеж ўқувчиси Қ.Н.нинг қўшни бола билан яхши кўришиб, ўрталаридаги муносабат "қуюқлашиб" кетишидан бошланганди. Қизда ҳомиладорлик белгилари пайдо бўла бошлагач, йигит аввалги "ўлдим-куйдим"ларни унутиб, жуфтакни ростлаб қолиш пайида бўлди. Ундан нажот йўқлигини англаган қиз дардини онасига ёрди. Она эса бу воқеани қўни-қўшни, айниқса, ўғиллари билиб қолишидан қўрқиб, муаммони ими-жимида ҳал этиш тарафдори эди. Шу боис Қарши  тумани Дашт маҳалласида яшовчи синглиси билан гаплашиб, қизни уникига юборди.

Қ.Н. орадан бир неча кун ўтиб холасининг уйида ўғил фарзандни дунёга келтирди. Бу воқеадан холаси ва икки бўлаваччасини ҳисобга олмаганда, ҳеч ким хабар топмаган эди. Энди уларнинг олдида чақалоқдан тезроқ қутулиш муаммоси пайдо бўлди. Ана шундан сўнг барча излар ёпилиб, Қ.Н. ҳеч нарса кўрмагандек уйга қайтиши мумкин эди.

Бу борада холанинг икки қизи - 34 ёшли М.А. ҳамда 20 ёшли М.З. ишга киришди. Улар бир неча танишлари билан боғланиб, чақалоқ сотиб олиши мумкин бўлган оилалар ҳақида сўраб-суриштиришди. Болани сотиш орқали ҳам ундан қутулмоқчи, ҳам бироз пул ишлаб олмоқчи бўлишганди.

Ниҳоят харидор ҳам топилди. Чақалоқни бир аёлга 3 миллион сўмга сотишга келишишди. Эртаси куни тонгда опа-сингиллар гўдакни олиб, айтилган манзилга етиб борди. Харидор шу ерда кутиб турган экан.

М.А. боланинг қачон туғилгани, соғлиги ҳақида айтиб, уни аёлнинг қўлига тутқазди ва келишилган пулни олиб, ортига бурилди. Шу пайт бир неча киши уларни тўхтатиб, бола ва пул ҳақида сўраши опа-сингилларнинг барча режаларини чиппакка чиқарди. Улар қилмишларидан афсусланар, аммо энди кеч эди.

М.А. ҳамда М.З.ларга нисбатан тергов ва суд ҳаракатлари олиб борилиб, тегишли тартибда жазога тортилди.

Лазиз ЮЛДОШЕВ,

Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, майор