Жамият 01.11.2018 159

ОППОҚ ҚОҒОЗ ВА ҚОРА НУҚТА

Раҳбарнинг маънавий қиёфаси

ОППОҚ ҚОҒОЗ ВА ҚОРА НУҚТА

Ёхуд амалдорнинг амали, иқболи ва заволи хусусида мулоҳазалар

“Амал” деган омоним сўз тилимизда қилинаётган иш ва мансаб деган қўш маънони беради. Бизнингча, бунда ўзига хос бир ҳикмат яширин. Зеро, амалдорнинг елкасида катта юк турибди. Унинг амали эзгу, лафзи ҳалол бўлса, оёғи ердан узилмаса, элу юрт ундан рози бўлиши исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Ахир мансабдор шахснинг биргина топшириғи ёки имзоси бир манзилни обод ҳам, вайрон ҳам қилиши мумкин...

Кейинги вақтда юртимизда давлат бошқарувида олиб борилаётган улуғвор ислоҳотлар шиддати кўпчиликни шошириб қўйгани сир эмас. Ҳа, бугун бу масалаларда ҳам қарашлар, қаричлар ўзгараяпти. Шу боис ОАВда тарқатилаётган “фалончи тайинланди”, “фалончи ишдан олинди” ёки “фалончи пора билан ушланди” қабилидаги шов-шувли хабарлар барчанинг диққат марказида.

Вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари Абдишукур  ОМОНОВнинг мазкур жараёнларга муносабати билан қизиқдик.

- Абдишукур Овчиевич, малакали ҳуқуқшунос, узоқ йиллар ҳоким, прокурор, Халқ қабулхонаси мудири бўлиб ишлаган тажрибали раҳбар, ташкилий ва кадрлар масалалари билан шуғулланган мутасадди, кўпгина асарларида мансабдорнинг маънавий қиёфаси ҳақида “теша тегмаган” фикрларни айта олган ижодкор сифатида фикрингизни билмоқчи эдик. Очиғини айтганда, бу карьера ниятида юрган ёшларимиз учун жуда қизиқ. Бизда раҳбарликка танлаш механизмининг кўпчиликка маълум бўлмаган томонлари ҳам бўлганми? “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ” бўла туриб, “лоп этиб” амалга миниб қолганлар ҳақида нима дея оласиз?

- Барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида кадрлар захираси юритилади. Кадрлар захирасига қоида тариқасида 45 ёшгача бўлган, илмли, салоҳиятли, меҳнат фаолиятида ютуқларга эришаётган, ҳуқуқбузарликлар содир қилмаган, интизомли, оиласи жамоатчилик томонидан ижобий тавсифланган, фаол ва ташаббускор ходимлар киритилади. Захира ҳар йили янгиланиб, раҳбар томонидан тасдиқланади.

Ўқиган, олий таълим олган ёшларимиз табиий равишда ўз мақсадларига етишга интиладилар. Уларнинг бирон-бир давлат хизматидаги вазифада ишлашни орзу қилиши мақтовга сазовор. Зеро, катта мақсади бўлмаган инсон жамиятдаги ўзгаришларга лоқайду бефарқ бўлиб, интилиш ва курашишдан тўхтаб қолади.

Интилувчан ёшларимиз “лоп этиб” амалга миниб қолганларга эътибор бермасдан, ўз соҳасидан ташқари сиёсат, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, замонавий ахборот технологияларидан хабардор бўлиши керак. Тарих, тилимизни билиш ва маърифатли бўлиш бурчдир. Шунинг учун бундай ёшларга Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Низомулкмулкнинг “Сиёсатнома”, Никколо Макиавеллининг “Ҳукмдор” каби асарларини ўқишни тавсия қиламан.

Қолаверса, улуғ бобокалонларимиз Аллоҳ бирон-бир бандасига ваколатли мансаб берганида, унинг ожиз, меҳр ва ёрдамга муҳтож бандаларига мададкор, мурувватли бўлишини исташини, амал эгасидан сўров ҳам қаттиқ бўлишини уқтирганлар.

- Бугун бир пайтлардагидек, “Катта нима деса – шу”, дейдиган замон эмас. “Чўпни тикка қилиб қўйса ҳам шунга бўйсуниш керак”, дейдиган вақтлар ҳам ўтди. Давр шиддати раҳбардан фақат ижрочиликни эмас, тафаккур, ташаббус ва таклифни ҳам талаб этаётгани айни ҳақиқат. Шундай эмасми? Бошқарувдаги маъмурий буйруқбозлик масаласида қандай фикрдасиз?

- Фикрингизга қисман қўшиламан. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим раҳбарлари юқоридан топшириқ кутиб, кўрсатмаларни бажариш ва вазиятга мослашиб ишлашни одат қилишган. Бу фикрни ҳокимлар фақат топшириқларни бажариши керак ёхуд фақат ўз тафаккури асосида ташаббус кўрсатиб ишлаши керак, деб тушунмаслик даркор. Улар тегишли қонунлар ва қонуности ҳужжатларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатиши шарт. Ҳокимнинг мустақил ташаббус кўрсатиб ишлаши, ютуқларга эришиши ҳудуднинг табиий ва иқтисодий имкониятига, маҳаллий бюджетга, ҳудудда иқтисодий бақувват ташкилотлар, тадбиркорлар, ҳимматли юридик ва жисмоний шахсларнинг кўп бўлишига боғлиқ.

Халқимизда “истаган имкон топади, истамаган баҳона излайди” деган мақол бор. Асосийси, эл-улусни самарали меҳнат қилиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, яхши яшашга имконият яратиб бериш ва адолат тарозисини тўғри қўя олишга эришишдир.

Бошқарувдаги маъмурий-буйруқбозлик усули ижобий натижа бермаслигини яқин ўтмишимиз исботлаб берган. Хатоларни такрорлаш ожизлик ва нодонликдир.

- Бундай хабарлар эл орасида яшин тезлигида тарқалади: “фалон ҳоким пора билан қўлга тушганмиш...”. Таажжуб, шунча йил одамларнинг ва “юқори”нинг ишончини қозониб, мансаб пиллапояларидан юксалиб келган раҳбар қандай қилиб “бир зумда” иймонини йўқотиб, порахўрга айланади?

- Ҳокимлар фаолияти ҳамиша элнинг кўз ўнгида. Шу сабаб уларнинг яхши-ёмон томонлари бошқа тизим раҳбарларидан кўра кўпроқ муҳокамага сабаб бўлади. Эл-улус ҳам нафақат ҳудуддаги тинчлик ва иқтисодий ривожланиш, ҳатто табиатнинг яхши келиши ёхуд турли офатлар, оиласидаги қут-баракани ҳам ҳокимнинг пойқадамига боғлиқ деб билади.

Менимча, пора билан ушланган амалдор “бир зумда” порахўрга айланмаган. Бу тоифадагиларни кўпчилик яхши билган бўлса-да, уларни кимлардир қўллаб, кечириб келинган. Яхшиямки, бу каби ҳолатлар кам...

- Узоқ йиллар илгари юз берган, ҳамкасбларимиздан бири гувоҳ бўлган бу воқеа биз журналистлар орасида латифага айланиб кетган эди. “Мактаблар куни” мода бўлган даврларда собиқ туман ҳокимларидан бири мактабга кириб, бошланғич синф ўқувчисидан: “Қани, Аҳмаджон, бизга лотинча бир шеър айтиб бер-чи?”, деган экан...

Афсус... Шундай савиядаги “раҳбар”лар билан ҳануз тўқнаш келаяпмиз. Ҳар бир гапи маънавиятдан, маърифатдан, китобдан минг чақирим йироқ одам эканлигини фош этиб қўяди. Бутун вужуди билан фақат айтилганини бажаришга одатланган, гўё махсус дастур киритилган роботга айланиб қолгандек бу одамлар... Шундай кимсаларга дуч келганингизда хаёлингизда нималар кечади?

- Шукурки, ҳокимларнинг аксарияти илмли, салоҳиятли, халқ ва Ватан манфаати йўлида фидойи инсонлар. Битта-иккиталарини кўриб, ёлғону рост гапларга ишониб, хулоса чиқариш адолатсизлик бўлади. Беш қўл баробар эмас. Айтайлик, таълим тизимида ишлаётганлар ёхуд ижод аҳлининг барчасини ҳалолу пок, маърифатли дея олмаймиз-ку. Сирдарё, Фарғона вилоятларида мактаб директорларини уриб, ҳақоратлаб интернетда “қаҳрамон”га айланган туман ҳокимлари, энг катта порахўрликда айбланган вилоят ҳокими ҳам таълим тизимидан чиққан эди-ку?

Ҳамма нарса учун жавоб сўралган ва шу билан бир қаторда, “ҳаммасини бажарамиз” дейишни одат қилган ходим ҳам, раҳбар ҳам ҳеч нарсани эплолмайди. Ҳар соҳанинг эгасига ўзига тегишли топшириқни бериш, топшириқ ижросига қараб баҳолаш керак. Амир Темур бобомиз бекорга “ўнбошининг ишини юзбоши, юзбошининг ишини мингбоши, мингбошининг ишини амир бажармаслиги керак” демаган бўлса керак. Ҳар бир соҳа раҳбари ўзига қонун ҳужжатлари билан юклатилган вазифалар билан шуғулланмаса, бир-бирининг ишига аралашиб юрса, яхши натижага эришиб бўлмайди.

- Дунёда коррупцияга қарши кураш борасида Сингапур амалиёти алоҳида эътироф этилади. Ўзимизда ҳам аста-секин бу борада ижобий силжишларга эришилаяпти. Аммо бу жуда камдек... Назаримизда, биздаги “элчилик”, “андиша”, “юз-хотир” деган гаплар порахўрликка барҳам беришда оёғимиздан чалаяпти...

- Қадимги Римда “Қонунлар кичик балиқларни ушлаб, катта балиқларнинг эркин сузиб юришига имкон берадиган тўр бўлиб қолмаслиги керак”, деган фикр айтилган. Икки минг йилдан буён бу фикр ўз кучини йўқотгани йўқ. Ёш кадрларни “Пора олиб қўлга тушмасликни, бегона аёллар билан юриб, хотинингга сездирмасликни, ароқ ичиб, маст бўлмасликни ўргатишим керак”, дейдиган “устоз”лар қўлига бериб қўймаслик керак.

Бир вақтлар қонунларимизда ўзганинг мулкини кўп миқдорда талон-торож қилганлик учун “мол-мулкини мусодара қилиш” жазоси қўлланилар эди. Ҳозир бу жазо чораси йўқ. Аксарият қонунбузарларнинг миясига “қўлга тушсам, аниқланган зарарни тўлаб қутуламан ва сўнгра тўплаган бошқа мол-мулкимни еб, яхши яшайвераман” деган тушунча сингиб кетган. Балки давлат мулкини жуда кўп миқдорда талон-торож қилган давлат хизматидаги раҳбарлар учун “мол-мулкини мусодара қилиш” жазо чорасини Жиноят кодексига қайта киритиш мақсадга мувофиқдир?!

- Қамоқдан қайтган собиқ порахўр амалдор катта худойи қилиб, неча юз кишига ош берибди. Шу даврада ҳозир бўлганларнинг айтишларича, “акахон”нинг “сини бузилмаган”, “келди-кетди”нинг олдида ғоздек гердайиб турганмиш. Худди қамоқдан эмас, курортдан қайтгандек... Қизиқ. Бир пайтлар “қамалиб чиққан” деган ибора айниқса амалдор бўлган одам учун катта иснод, қора тамға ҳисобланарди. Бугун эса... Балки жамоатчилик иззаси чораларини кучайтириш керакдир?

- Афсус билан тан олиш керак, жиноят содир қилиш, судланиш ва қамалиб чиқиш айрим ҳолларда уят ҳисобланмай қолгани бор гап. Қамалиб чиққанини пеш қилувчилар, судланганлиги билан мақтанувчилар (!) кўпайган. Сиз айтган “курорт”ларнинг ҳам ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалари бор. Бир вақтлар жиноят содир қилган, судланган шахслар маҳалла-кўйга кўринишдан уялиб, бошқа жойларга кўчиб кетган. Шу вақтларда қонунчилигимизда сургун, бадарға каби жиноий жазо турлари бўлган. Масалан, маҳалласида ўғирлик ёки номус билан боғлиқ жиноят содир қилганлар яшаб турган жойидан бадарға қилинган. Айрим турдаги жиноятни содир қилганлар давлат аҳамиятига молик иншоотлар ёки узоқ ҳудудларга мажбуран ишлашга жўнатилган.

Айрим давлатларда ҳуқуқбузарлик содир қилган шахслар жамоатчилик олдида маълум муддат мажбуран тозалаш, ободонлаштириш ишларига жалб қилинади. Хитойда давлат хизматчилари қамоқда жазо муддатини ўтаётган собиқ амалдорларни кўришга “саёҳат”га олиб борилади. Айрим давлатларда ҳуқуқбузарлик содир қилган амалдорлар бир муддат ўта оғир меҳнатда кун кечираётган фуқаролар билан ишлаб,  яшашга юборилар, сўнгра вазифасини давом эттиришга қайтарилар экан.

Устоз бир варақ оппоқ қоғознинг ўртасига бир қатра сиёҳ томизиб, шогирдига “таърифланг” дебди. Шогирд фақат қора доғ ҳақида фикр юритибди. Устоз ранжибди. Нега? Нима учун миттигина қора нуқтадай доғ энг аввало бутун бошли оппоқ қоғозни кўришга ва англашга тўсқинлик қилди? Ўзингиз хулоса қилинг!

Барчамиз учун Ватан битта. Унинг ютуқлари ҳам, камчиликлари ҳам ўзимизники. Маддоҳлик, мақтанчоқлик ва ваъдабозликдан холироқ бўлиб, муаммоларни юзага чиқариш ва унинг ечимини топиш учун барчамиз биргаликда курашсак, албатта кўзланган мақсадларга эришамиз.

Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.