Сўнгги янгиликлар 03.06.2019 84

ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ШАЙМИ?

Семинар

2019 йилги ёз масумида Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида фаолият кўрсатаётган 18 та стационар болалар оромгоҳида 25090 нафар бола соғломлаштирилиши ва дам олдирилиши режалаштирилган. Шунингдек, 5000 нафардан ортиқ кам таъминланган оилалар фарзандлари, 90 нафар "Меҳрибонлик уйлари" тарбияланувчиси ҳамда 100 нафар иқтидорли болалар бепул йўлланмалар билан таъминланган. 

Ушбу маълумотлар Шаҳрисабз туманидаги "Зиё чашмалари" оромгоҳида вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2019 йилги мавсумга болалар соғломлаштириш оромгоҳларини қабул қилиш ва мавсумнинг очилишига бағишлаб ўтказилган навбатдаги семинар йиғилишида эълон қилинди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган тадбирда ёзги соғломлаштириш ва дам олдириш мавсумига кўрилган тайёргарлик  ва уни намунали ўтказиш бўйича фикр алмашилди.

Хусусан, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, оромгоҳларни зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш, болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш масалалари диққат марказида бўлди. оромгоҳларга жалб этилган болалар хавфсизлигини таъминлаш, турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиш, ижодий учрашувлар ташкил этишни янада кучайтириш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.

С.АЛЛАЁРОВА