Жараён 08.11.2018 63

ОШЛОВЧИ ТОТИМ (Сирка дарахти)

“Қизил китоб” саҳифаларида

ОШЛОВЧИ ТОТИМ  (Сирка дарахти)

Пистадошлар оиласига кирувчи ушбу дарахт уруғидан ва бачки (новда)сидан кўпаяди. Денгиз  сатҳидан 1200-1400 метр баландликда қуруқ шағалли ва тошли ёнбағирларда ўсади.

Ёруғсевар ушбу ўсимликнинг баландлиги 3-4 метр бўлиб, ноқулай шароитда ўсганда бута шаклида ҳам учрайди. Бир йиллик новдалари кулранг-қўнғир, кўп йиллик поялари эса жигарранг. Гуллари яшил-оқиш, поянинг учида чўзиқ урчуқсимон, тўпгул ҳосил қилади. Меваси йирик, тиғиз, юмалоқ, тўқ қизил рангли, нордон. Уруғи овал шаклида, қаттиқ.

Ўтин сифатида ишлатилгани ва ёш ниҳолларининг чорва моллари томонидан оёқ ости қилинаётгани сабабли камайиб кетган. Махсус муҳофаза чоралари эса ишлаб чиқилмаган.

ЭГРИТИКАН КАРРАК

Ўзбекистон жанубида учрайдиган жуда камёб, бўйи 30-50 сантиметр атрофидаги эндем ўсимлик. Пояси тик, йўл-йўл чизиқли, қалин чалкаш тукли, ўрта қисмидан шохланувчи. Барглари чармсимон бўлиб, ҳар икки томони қалин тукли. Саватчаси кенг-тухумсимон, диаметри 15-17 миллиметр, тукли. Июнь-июль ойларида гуллаб, август-сентябрда меваси етилади.

Эгритикан каррак Қашқадарё ҳавзасида тарқалган бўлиб, тоғларнинг ўрта қисмидаги майда жинс тупроқли ёнбағирларда ўсади. Уруғидан кўпаювчи бу ўсимлик сони ва ареалининг ўзгариш сабаблари аниқланмаган бўлиб, Ҳисор қўриқхонасида муҳофаза қилинади.

ГУЖТУК КАРРАК

Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқларида, Оёқчи дарё водийсида тарқалган гужтук каррак жуда камёб, эндем ўсимлик ҳисобланади. Тоғларнинг ўрта қисмидаги тошли ёнбағирларда ўсади. Уруғидан кўпаяди. Май-июнь ойларида гуллаб, июнь-июль ойларида эса меваси етилади.

Ўсимлик сони ва ареалининг ўзгариш сабаблари ўрганилганда, бу турнинг маълум ўсиш  шароитига мослашганлиги унинг камайишига сабаб бўлаётгани аниқланган.

ВВЕДЕНСКИЙ ОЛИГОХЕТАСИ

Бу Қизилқум ва Ўзбекистон жанубида учрайдиган камёб, эндем ўсимлик ҳисобланади. Поялари жуда қисқа, асосидан шохланган. Апрель-май ойларида гуллаб, май ойида меваси етиладиган ушбу ўсимлик барглари кулранг, яшил, устки қисми ётиқ жингалак тукли.

Қашқадарё, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Помир-Олойда, Шеробод водийси (Учқизил тепалиги)да ва жанубий Қизилқумда тарқалган. Тоғларда ва тоғ этакларида, очилиб қолган ола жинсларда ўсади. Жуда кам тарқалган бўлиб, уруғидан кўпаяди.

Чорва молларининг кўплаб боқилиши, пичан ўрилиши ва махсус тупроқ шароитига мослашганлиги унинг камайишига сабаб бўлмоқда.

КАЧИМСИМОН ЕТМАК (БЕХ)

Марказий Осиё тоғларидаги ареали кескин қисқариб бораётган эндем ўсимлик. Тошкент, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг Қурама, Чотқол, Ҳисор, Кўҳитанг тизмасида тарқалган. Денгиз сатҳидан 400-1400 метр баландликда тошли ва шағалли ёнбағирларда ва баъзан ташландиқ ерларда якка-якка ёки кичик тўплар ҳосил қилиб ўсади. Саноат хом ашёси ва маҳаллий аҳоли томонидан доривор ўсимлик сифатида кўплаб йиғиб олинади. Етмакдан тўқимачилик, мўйначилик, қандолатчилик саноатларида, табобатда ва кундалик ҳаётда кенг фойдаланилади. Шунинг учун камайиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси ФА Ботаника боғида ўстирилади.

БЕЖИРИМ ЮРИНЕЯ

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари, Ҳисор тизмасининг ғарбий тармоқларида, Бойсунтоғ ва Кўҳитангда тарқалган эндем ўсимлик. Бўйи 50 сантиметр атрофида. Барглари наштарсимон, четлари текис ва сийрак тишли. Тожи пушти рангли, саватчанинг четидаги гуллари пастга қараб осилган, қалин безчали. Уруғи силлиқ. Май-июнь ойларида гуллаб, июлда меваси етилади.

Тоғнинг пастки ва ўрта қисмларида тошли ёнбағирларида ва очилиб қолган ола жинсларда ўсади. Жуда кам тарқалган, уруғидан кўпаяди. Ўзига хос тупроқ шароитида ўсишга мослашганлиги  учун кичик майдонларда сақланиб қолган. Махсус муҳофаза чоралари ишлаб чиқилмаган.

Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.