Қишлоқ хўжалиги 05.04.2019 190

ҲОСИЛ ЧЎҒИ ФЕРМЕРНИНГ ДАРОМАДИ САЛМОҒИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги

Бу йил сувли ва лалми майдонларни қўшиб ҳисоблаганда 204 минг 800 гектар майдонда  ғалла парваришлаётган вилоятимиз миришкорлари 798 минг 819 тонналик  улкан дон хирмони яратиш мақсади билан меҳнат қилишмоқда.

- Ерга меҳр берсангиз, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажарсангиз, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади, - дейди Касби туманидаги "Боқиев Тошпўлат Хушович" фермер хўжалиги раҳбари Тошпўлат Боқиев. - Далани ўт   босиши, сув ёки ўғитнинг кечикиб берилиши, касалликларнинг вақтида олди олинмаслиги ҳосил салмоғига катта таъсир кўрсатиши аниқ.

Хўжаликда ўтган йили 61 гектар ерда ғалла парваришланиб, гектаридан 70 центнердан ҳосил кўтарилган эди. Бу йил фермер 38 гектар ғаллазорнинг ҳар гектаридан 75 центнердан ҳосил йиғиб олишни кўзлаб турибди.

Қолаверса, 2019 йил ҳосили учун буғдойнинг давлат хариди нархи аввалги йилгидан 60 фоиз юқори белгиланди. Шу билан бир қаторда, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига ҳосилдорликнинг гектарига 40 центнердан кўп ёки камлигига қараб 25 фоизгача устама ёхуд чегирма қўлланилиши ҳам ғаллакорларимизнинг ҳосил салмоғидан манфаатдорлигини янада оширди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган сурат.