Қишлоқ хўжалиги 25.12.2018 344

ҲОСИЛ ЧЎҒИГА ҚАРАБ ФЕРМЕР Ё РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ, Ё ЖАЗОЛАНАДИ

Қарор ва ижро

ҲОСИЛ ЧЎҒИГА ҚАРАБ ФЕРМЕР Ё РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ, Ё ЖАЗОЛАНАДИ

Ҳеч кимга сир эмас, айрим қишлоқ хўжалиги ходимлари аксарият вақтини ер билан ўтказишларига қарамасдан юқори ҳосилдорликка эриша олмайдилар. Аслида ким ҳам юқори ҳосил олишни, юзи ёруғ бўлишини истамайди дейсиз. Назаримизда ерга бўлган муносабатни ўзгартириш керак. Уруғни ерга сепиб, табиатдан нажот кутиб ўтириш билан ҳосил чўғи ошмаслигини англаш даркор. Айниқса, сувли ерлардан юқори ҳосилдорликка эриша олмаслик қишлоқ хўжалиги соҳасида кечирилмас ҳолатлардан биридир.

Вазирлар Маҳкамасининг бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги махсус қарори ҳам фермерларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу қарор билан 2019 йил ҳосилидан фермер хўжаликлари учун қатор имтиёзлар жорий этилиб, рағбатлантириш тизими яратилди. Жумладан, етиштирилган 3-синфли юмшоқ буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 2018 йил ҳосилига нисбатан 1,6 маротаба оширилиб, 1 миллион 200 минг сўм қилиб белгиланди.

Фермер хўжаликларини янада рағбатлантириш мақсадида суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама тўлаш жорий қилинди.

Бунда бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан:

41 центнердан 50 центнергача бўлганда - 10 фоиз;

51 центнердан 60 центнергача бўлганда - 20 фоиз;

61 центнер ва ундан юқори бўлганда - 25 фоиз харид нархига устама қўлланилган ҳолда давлат хариди учун дон сотиб олинади.

Мисол учун, 30 гектар суғориладиган ғалла майдонидан ўртача 62 центнер ҳосил олинса ва унинг ҳар гектаридан 30 центнери контрактация шартномаси асосида топширилиши назарда тутилса, унда топшириладиган 90 тонна доннинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 500 минг сўмдан, жами 135 миллион сўм тўлаб берилади. Бунда фермернинг чўнтагига 27 миллион сўм қўшимча даромад кириб келади.

Шунингдек, бошоқли дон етиштириш харажатлари учун давлат харидига етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизигача йиллик 5 фоиз миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши ва бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрига қадар тўлиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Боя айтганимиздек, юқори ҳосилдорликка эришган фермер рағбатлантирилади, бордию бунинг акси бўлса, ер эгасига масъулият ва мажбуриятлар юклатилади.

Қарорга кўра, фермер хўжалиги томонидан тўланадиган ягона ер солиғи ставкасига ҳосилдорлик ҳар гектарига 30 центнер ва ундан паст бўлганда 2 баробар, 31 центнердан 40 центнергача бўлганда 1,5 баробар кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш белгилаб қўйилди.

Суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон нархига 25 фоизгача чегирма қўллаш тартиби жорий этилди.

Ҳосилдорлик гектарига:

30 центнер ва ундан кам бўлганда - 25 фоиз;

31 центнердан 40 центнергача бўлганда - 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлатга етказиб берилган дон учун тўлов амалга оширилади.

Масалан, ҳар бир гектар  суғориладиган майдондан         30 центнердан кам ҳосил олинса, 25 фоизли чегирма қўлланилади ва давлат хариди учун топшириладиган доннинг ҳар бир тоннаси учун 900 минг сўм харид нархи белгиланади. Яъни 90 тонна дондан 27 миллион сўм зарар кўрилади дегани.

Яна бир жиҳати, ҳар гектардан 40 центнердан кам ҳосил олинганда, бу "ерга нисбатан хиёнат" деб баҳоланиб, фермер хўжаликлари билан ер ижара шартномаси бекор қилинишигача бўлган чоралар кўрилади.

Шунинг учун ҳар бир фермер хўжалиги бошоқли дон ҳосилини етиштиришда белгиланган агротехник тадбирларни, шу жумладан, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш, суспензия сепиш ва бошқа тадбирларни ўз вақтида, сифатли ўтказиш лозимлигини унутмаслиги керак.

Омондавлат ХОЛИҚОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устидан назорат қилиш инспекцияси Қамаши тумани бўлими бошлиғи