Тиббиёт 09.05.2019 283

ОСТЕОМИЕЛИТ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Саломатлик

Инсон аъзолари ичида энг қаттиқ деб таърифланувчи суяк ўз навбатида нозиклиги билан ҳам ажралиб туради. Негаки, қўпол муносабат,  жарроҳлик усуллари баъзан инсоннинг мажруҳ бўлиб қолишига, суякнинг секин-асталик билан емирилишига ҳам олиб келиши мумкин. Натижада остеомиелит касаллиги юзага келади. 

 Остеомиелит - кўмикнинг яллиғланиши. У кўпинча одам скелети ғовак суякларининг бўғимга яқин жойида учрайди. Касалликка йиринглатувчи микроблар (стафилококк, стрептококк) сабаб бўлади. Микроблар суяк тўқимасига узоқдаги йиринг ўчоғидан, масалан, чипқондан, ангинада яллиғланган муртак безларидан, янги туғилган болаларда инфекция тушган киндикдан қон оқими (гематоген йўл) билан келиши мумкин. Яллиғланиш сил, захм касалликлари оқибатида ҳам пайдо бўлади.

Касалликнинг ўткир ва сурункали турлари бор. Ўткир гематоген остеомиелит одатда 8-17 ёшда рўй беради. Кўпинча, бадан совқотгач ёки лат еганда тўсатдан бошланади. Бемор жунжикиб, ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади, пульси тезлашади, кўз олди қоронғилашади, ухлай олмайди, алаҳлайди. Сўнгра яллиғланган суяк оғрийди, устидаги тери шишиб, қизаради. Йиринг ёриб чиққанда, ҳарорат пасайиб, беморнинг аҳволи яхшиланади. Остеомиелит оқибатида йирингли артрит ривожланиши, суяк синиши, сепсис пайдо бўлиши мумкин. Қонда лейкоцитлар кўпаяди.

Касаллик совуқда узоқ вақт қолиб кетиш, суякда операция ўтказиш жараёнида инфекция тушиши, жароҳатларни вақтида даволамаслик оқибатида ҳам келиб чиқиши мумкин.

Асосан ёш болаларда кузатиладиган ушбу суяк касалликларининг олдини олишда тўғри овқатланишга эътибор қаратиш, спорт билан доимий равишда шуғулланиш, уйқудан олдин овқатланмаслик лозим.

Остеомиелит тез-тез қайталаниб, одам танасининг бутун аъзоларига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунда бўғимларда, асаб тизимида, қон-томир, юрак, буйрак, жигар ва бошқа юмшоқ тўқималарда ўзгаришлар кузатилади. Остеомиелитга учраган найсимон суякларда эса паталогик синиш, катта ҳажмда суяк тўқимасининг чириши, суяк дефекти, ёлғон бўғим, суяк тўқимасининг ўсишдан тўхташи ва суяк ҳосил қиладиган бўғимларнинг тикланишида оғир ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин.

Агар бемор касалликни тезда сезиб, вақтида даволанса, асоратларсиз соғайиб кетади. Аммо суяк емирилиб, йиринглаш қонга тарқалган бўлса, сезиларли асоратлар қолади. Касаллик комплекс ва операция усулида даволанади. Остеомиелитдан ортопедик асоратлар қолмаслиги ҳам мумкин.

Ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун қайғурмоғи шарт. Агар у ўз соғлигига эътибор бермас, жароҳатлардан сақланмас экан, бир умр мажруҳ бўлиб қолиши, давоси йўқ касалликларга дучор бўлиши мумкин. Атрофда миллионлаб касаллик инфекциялари изғиб юрган бир пайтда эҳтиётсизлик қилиб турли касалликларни юқтириб ёхуд орттириб олиш ортиқча.

Бугунги кунда дунёда онкологик касалликлар тарқалиши бўйича биринчи ўринда турса, жароҳатлар ва бошқа сабаблар билан суяк емирилиши касалликларини орттириб олиш, натижада бир умрга мажруҳ бўлиб қолиш 2-ўринга чиқиб улгурганини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик даркор.

Ю.РАҲМАТУЛЛАЕВ,

болалар жарроҳи