Жамият 15.12.2018 156

ОТА-ОНАСИ БИЛАН СУРИЯНИНГ ИДЛИБ ШАҲРИГА "ЖИҲОД" ҚИЛИШ УЧУН ЙЎЛ ОЛИБДИ

Ёшлар ва давр

ОТА-ОНАСИ БИЛАН СУРИЯНИНГ ИДЛИБ ШАҲРИГА "ЖИҲОД" ҚИЛИШ УЧУН ЙЎЛ ОЛИБДИ

Қарши шаҳрилик Д.Т. бир ойдан кейин 17 ёшга тўлади. Бу даврнинг инсон учун аҳамияти шундаки, умрнинг энг гуллаган чоғида олинган билим, эгалланган ҳунар кишига ҳаёт давомида асқатади. Чунки қалб покиза бўлади, ўша пайтда экилган эзгулик уруғи вақт етиб ҳосил берганида, бундан нафақат кишининг ўзи, балки бутун жамият наф кўради.

Афсуски, Д.Т. ўзга, залолат йўлини танлади. 2014 йилнинг февраль ойида отаси А.Б. ("Туркистон ислом ҳаракати" террористик ташкилоти аъзоси сифатида қидирувда бўлиб, олинган маълумотларга кўра, 2016 йил ёз ойларида Сурия давлатида жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган)нинг олдига, Россия Федерациясига йўл олади. У ерда экстремистик оқим аъзолари таъсирига тушиб, онги радикал ғоялар билан заҳарланади. Сўнг Россия Федерациясидан отаси А.Б. ва онаси Ш.Т. ("Туркистон ислом ҳаракати" террористик ташкилоти аъзоси сифатида қидирувда) билан биргаликда, турли айланма йўллар орқали дастлаб Туркияга, у ердан эса Суриянинг Идлиб шаҳрига гўёки "ҳижрат" ва "жиҳод" қилиш мақсадида бориб, террористик ташкилот сафига қўшилади.

Бу ерда Д.Т. интернет тармоғидаги турли сайтларга кириб, танишларига фотосуратлар юборган ва ёзишмалар олиб борган. Ушбу ёзишмаларда у ҳозирги кунда Суриянинг Идлиб шаҳри чегарасида "жиҳод" амалларини бажариб, жанг қилиб турганлигини билдирган. Ўз профили орқали диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиб, тақиқланган экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Д.Т.га нисбатан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан шу йилнинг 9 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2441-моддаси 3-қисми ва 2442-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Фаррух АХМУРОДОВ,

Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ТЭҚКБ ходими