Таълим 26.02.2019 188

ОТМга қабул: нима ўзгаради, қандай бўлади?

ОТМга қабул: нима ўзгаради, қандай бўлади?

Бироз аввал Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига Президентимизнинг "Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси жойлаштирилганди. Муҳокама жараёни жорий йил 2 март куни якунига етади. Аҳамиятлиси, ушбу ҳужжатда тегишли жараёнга доир кўплаб янгиликлар илгари сурилмоқда. Қуйида улардан асосийларига тўхталиб ўтишни жоиз топдик.

Қарор лойиҳаси кириш қисмида қайд этилганидек, 2018/2019 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовлари илк маротаба катта сиғимли биноларда ўтказилди. Абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари ёрдамида текширилди, тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилинди ҳамда ушбу жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналарига бевосита катта мониторларда, интернет сайтида онлайн тизими орқали ва телевидениеда тўғридан-тўғри ёритилди.

Ўз навбатида мазкур тизимни янада такомиллаштиришга эҳтиёж мавжудлиги таъкидланади. Бундан эса бир қанча мақсад кўзланган. Жумладан, олий таълим муассасаларига қабул тест синовлари халқаро андазаларга мувофиқлаштирилиши лозим. Абитуриентларга бир нечта олий таълим муассасаси таълим йўналиши танловида иштирок этишига имконият яратилиши зарур. ОТМга ўқишга кириш учун ҳужжат топширишдаги қийинчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шунга мувофиқ, қарор лойиҳасида олий таълим муассасаларига қабул жараёнини ва Давлат тест маркази фаолиятини такомиллаштириш, хусусан, имтиҳон фанлари блокларини кенгайтириш, тест ўтказиш тартиби ва муддатларига ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда. Абитуриентларга учтагача олий таълим муассасаси таълим йўналишига ҳужжат топшириш имконияти тақдим этилиши белгиланаяпти.

Мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган бир қатор таклифлар маъқулланган. Маълумки, ўтган ўқув йилида имтиҳонлар 1 августдан 15 августга қадар, яъни 15 кун давомида ташкил этилганди. 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб эса олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари   июль-август ойларида ўтказилиши мумкин.

Шунингдек, энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат берилади  ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиши учун имконият яратилади.

Абитуриент учтагача ОТМга ҳужжат топшира олиши ажойиб, албатта. Таклифга кўра, фақат олий таълим муассасаларини танлашда имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослиги эътиборга олиниши керак бўлади. 2018 йилдаги тажриба ижобий натижаларни берди, шу боис тест синовларини катта сиғимли бино ва иншоотларда ҳамда заруриятга мувофиқ қўшимча биноларда ўтказиш амалиёти давом эттирилади.

Кейинги, яъни 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб кучга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришлар эса қуйидагилардан иборат бўлиши кутилмоқда. Тест фанлари мажмуасини икки бўлимга ажратиш ва 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан - она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи,    2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш амалиёти кенг қўлланиши мумкин.

Бундан ташқари, ёзиш кўникмаларини баҳолаш учун "Ўзбек тили", "Рус тили", "Қорақалпоқ тили" фанлари бўйича алоҳида синовларни ташкил этиш таклифи билдирилган. Таъкидланишича, бунинг замирида ёшларнинг она тили бўйича саводхонлигини ошириш ва аниқлаш мақсади ётибди.

Қарор лойиҳасида яна ушбу мазмундаги янгиликларни жорий этиш ҳам белгиланмоқда. Хусусан, бир бандда мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари қандай бўлишига аниқлик киритилган. Яъни улар у қадар мураккаблик касб этмайди, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади, холос.

Сир эмаски, вилоят, тумандан келувчи абитуриентларнинг марказга бориб ҳужжат топшириши анча оворагарчиликка сабаб бўлади. Тегишли ҳужжатда эса бунга босқичма-босқич барҳам бериш назарда тутилган. Яъни келгусида тест синовлари ва танловда иштирок этиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтиш кифоя бўлади. 

Тест синовларида иштирок этиш учун йиғим ундириш таклифи, шубҳасиз, энг кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган масаладир. Унга кўра олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно) имтиҳонларда қатнашиш учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорда ҳақ тўлаши керак бўлади. Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши айтиб ўтилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул асосда ўтказилиши қайд этилади.

Яна бир жиҳати, абитуриент учтагача ОТМга ҳужжат топшира олгач, унинг ўқишга кириш имконияти ҳам ошади. Аниқроқ айтсак,  абитуриент синов натижаси бўйича олган бали тавсия этишга етарли бўлса, шу уч олий таълим муассасасидан бири (таълим йўналиши)да ўқиши мумкин бўлади.

Тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида олий таълим муассасалари таълим йўналишларига танлов ўтказилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқлари фақат лотин алифбосида тайёрланади.

Ушбу қарор лойиҳасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, 2012 йил 31 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор тегишли банди таҳрир этилиши белгиланган. Унга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилади. Ҳарбий қисм командирининг тавсияномаси фақат ҳарбий олийгоҳлар учун имтиёзга эга бўлиши назарда тутилади.

Бу ўзгаришлар юртимизда юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни самарали қоплаш, билимли ёшларнинг олий таълим муассасаларида таълим олишини таъминлашга хизмат қилиши даркор. Қарор лойиҳаси муҳокамаси regulation.gov.uz порталида давом этаяпти. Агар Сизда ҳам бирор таклиф туғилган бўлса, жараёнда иштирок этишингиз мумкин.

М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.